Uzmetronom сайти DDOS-ҳужуми ортидан ёпиқлигича қолмоқда

14 ноябр куни DDOS-ҳужумига учрагани хабар қилинган Ўзбекистон янгиликларини ёритувчи тўртта сайтдан биттаси-Uzmetronom. com ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

Узметроном Бош муҳаррири Сергей Ежковнинг Би-би-сига айтишича, сайтни қайта тиклаш ишлари қийин кечмоқда ва унинг қачон қайтадан ишга тушишини айтиш ҳозирча қийин.

Жаноб Ежковга кўра, сервери Олмонияда жойлашган вебсайт унчалик яхши ҳимояланмаган.

"Арзон сервердан фойдаланамиз ва ҳимояси ҳам табиийки, шунга яраша",- деб айтди журналист.

Сергей Ежков Ўзбекистонда тақиқланган сайтга ҳужум борасида ўз фаразлари борлиги, аммо бу ҳақда гапиришни лозим топмаслигини айтди.

14 ноябр кунги ҳужумда Узметроном билан бирга Ўзбекистон янгиликларини ёритувчи яна учта вебсаҳифа- Центразия.ру, Фергананьюс. ком ҳамда Озодлик радиоси Ўзбек хизматининг саҳифалари нишонга олингани хабар қилинган.

Аввалги учта нашр тез орада қайта тикланган.

Узметроном Ўзбекистон ичкарисидаги мустақил ахборот тарқатувчи кам сонли ахборот ресурсларидан бири сифатида кўрилади.

Аммо ўзбек мухолифати вакиллари уни Ўзбекистон махсус хизматларига яқинликда айблайдилар.

Сергей Ежковнинг ўзи бу айбловларни рад этади.

Шу йил июлида Ўзбекистон Ҳарбий Прокуратураси сайтни огоҳлантириши ортидан Узметроном вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган, аммо кўп ўтмай қайта иш бошлаган.

Расмий огоҳлантиришга нашрнинг ўзбек-қирғиз чегарасидаги ҳодиса юзасидан тарқатган хабари сабаб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ