"Тошкентдаги қиммат бутиклар сохта моллар сотган"

Image caption Тошкентдаги қиммат дўконларда солиқ ва савдо қонунлари қўпол равишда бузилгани айтилади.

Ўзбекистон интернет нашрлари ёзишича, республика ҳуқуқ-тартибот идораларининг текширувлари ортидан Geox, Mango, New Millennium, New Millennium Sport, Levis, Antonio Moratto, Chicco, Benetton каби қатор бренд дўконлари солиқ ва божхона қонунларини қўпол равишда бузгани, савдо тартибларига амал қилмагани аниқлангани уларнинг тўсатдан ёпилишига сабаб бўлган.

Суриштирув ишлари натижасида ушбу хорижий бутикларда "иккиламчи ҳисоб" юритилгани, катта миқдордаги кирим пуллари кўрсатилмагани ва дўконнинг ўзида хориж валютасида нақ пуллар сақлангани ошкор этилгани айтилади.

Хабарларга кўра, юқорида келтирилган барча дўконларда расман ҳужжатлаштирилмаган ходимлар ишлагани маълум бўлган. Бундан ташқари уларнинг маошлари камайтириб кўрсатилиб, пулларини алоҳида конвертларда олишган. Дўконларда меҳнат қонунчилиги бузилган.

Дўкон эгалари ва ходимлари олиб келинган моллар учун керакли ҳужжатларни, жумладан солиқ тўланганлик ҳақидаги қоғозларни солиқ ходимларига тақдим қила олишмаган. Аниқ бўлишича, дўкон ичкарисида яширин тикув цехлари бўлиб, уларда қиммат брендларнинг ёрлиқлари сохта молларга тикилган, дейилади.

Дўконлардаги моллар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб чиқиб кетилгани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Тошкентдаги қиммат дўконлар Гулнора Каримовага қарашли бўлган.

Дўконларнинг ёпилиши ҳам кейинги ойларда давом этаётган текширувларларнинг давоми сифатида қаралмоқда.

Қиммат дўконларнинг ёпилишига муносабат билдирган фойдаланувчиларнинг фикрича, бундай ҳолат текширилса ҳозир ҳар бир дўконда бор. Лекин айнан 14 та дўконда бошлаб юборилгани қизиқ, деб ёзишади улар.