Ўзбекистон: Одамлар қишни иситиш ва чироқ муаммолари билан қарши олди

Чироқ ўчиши пойтахт Тошкентда ҳам одат тусига кирган
Image caption Чироқ ўчиши пойтахт Тошкентда ҳам одат тусига кирган

Бу йил қиш минтақага барвақтроқ кириб келди. Ўзбекистоннинг кўп қисмида шаррос ёққан ёмғир қорга айланган. Газ, чироқдаги узилишлар ортидан одамлар қишни яна ўз муаммолари билан қарши олган.

Жомбойлик ҳуқуқ фаоли Ҳолиқназар Ғаниев совуқ кириши ортидан газ ва чироқдаги муаммолар ечимини топмаганини ва аҳоли қишга ўз ҳолича тайёргарлик кўрганини айтади.

“Бу тун қор ёғди. Ҳозир қорнинг совуғида уйда чопон кийиб ўтирибмиз. Шу вақтгача газимиз ҳам йўқ эди, аммо қаердандир пайдо бўлиб оз миқдорда келиб турибди. Токни ҳам истаган вақтида беришади. Жомбой шаҳрининг ичида бир кунда 30 фоиз вақт чироқ бўлмайди, қишлоқлардаги аҳволни билмадим”, - дейди Ҳолиқназар ака.

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам газ чой қайнатар даражада ёниб турибди. Чироқ эса ноодатий ҳолда нимагадир ўчмаяпти, дейди Саида Қурбонова.

“Ҳозир фермерларимиз ғалласини суғораяпти, шунинг учун чироқ ўчгани йўқ. Ғаллага сув чиқариш учун насослардан фойдаланилади”.

Ўзбекистоннинг аксар жойларидаги кучли ёмғир қорга айланган ва совуқ ҳаво олиб кирган. Ёмғирнинг кўп ёғиши ортидан пойтахт Тошкентнинг айрим кўчалари кўлмак остида қолган ва одамларнинг юришида муаммо туғдирган. Тошкентлик маҳалла фаоли ўзи яшаб турган жойда бу муаммога дуч келаётганини айтади.

“Олмазор туманидаги айрим жойлар кўлмак бўлиб қолаяпти. Максимал куч билан тозаланаяпти, лекин ариқларнинг ичида қувурлар тўлиб қолиб бўлган. Одамлар юришга қийналаяпти. Асфалтларнинг четигача сув кўлмак тўлиб қолаяпти”, дейди Олмазор туманидаги маҳалла фаоли.

Маҳалла фаолига кўра бу йил пойтахтда ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилаяпти.

“”Нилуфар” кафеси бор экан, ўша ерга кирсак чироқ йўқ. Атрофидаги биноларда ҳам чироқ йўқ. Пойтахтнинг марказида ҳам ўчиб қолаётганига ҳайрон бўлаяпмиз. Қишлоқдаги тузимга шаҳар аҳолисини ҳам мослаштириш учун қилишаяптими, нимага бундай бўлаётганига ҳайронмиз”, - дейди маҳалла фаоли.

“Бизда ҳам чироқ бирма марта ўчсин”

Сўнгги йилларда вилоят ва шаҳар ҳокимларининг жонли эфир орқали халқ билан мулоқотга чиқиши одат тусига кирган. Ушбу кўрсатувларда аҳолининг муаммолари тингланади. Бироқ кузатувчилар муаммолар айтилгани билан ечимдан дарак йўқлигини эътироф этишади.

Твиттер фойдаланувчиларининг ёзишича, Тошкент шаҳар туманларидан бирининг ҳокими билан телемулоқат чоғида туман фуқароси чироқни кунда бир марта ўчиришни сўраган.

“Қўшни туманда чироқ кунда бир марта ўчаяпти, бизда эса икки марта. Бизнинг туманда ҳам бир марта ўчиришнинг иложи борми, деб савол беришди. Одамлар чироқнинг ўчишига рози)”, - дейди твиттер фойдаланувчиси.

Самарқанд вилоятининг ҳокими билан шундай мулоқотларда ҳоким газ ва электрдаги муаммолардан хабари борлигини ва уни аҳолининг ўзи ечиши кераклигини билдирган.

“Вилоят ҳокими телемулоқатда ўтган йили гапирган гапини такрорлади, шунга эътибор қаратдим. Вилоят ҳокими, “қишда қийинчилик бўлади деб биз олдиндан айтганмиз, аҳолига таппи тезак, ўтинларингни тайёрланглар деганмиз”, деган гапни яна такрорлади. Бундан бошқа жавоб бўлмади”, - дейди Ҳолиқназар Ғаниев.

Самарқандлик ҳуқуқ фаолининг айтишича, айрим жойларда газ беришни талаб қилиб одамлар тегишли идораларга мурожаат қилишмоқда. Кўпчилик эса қишдан эсон омон чиқиб олиш учун ўзи ҳаракат қилмоқда.