Chingiz Boy: Гулноранинг "қайтар дунё”си ҳақида

Image caption "Oта"

Каримовлар оиласидаги можароларга назари тушган Ғарб ва минтақа матбуотидаги таҳлилу таърифларни ўқиркансиз, аксарият ҳолатларда “сиёсий-ижтимоий-жуғрофий” ва ё “беқарорлик – барқарорлик” деган таъбир жоиз бўлса “қоғозий”фикрлашлар билан рўпара келасиз.

Булар бир маънода Каримовлар оиласидаги оддий инсоний ва эҳтимол бу ўринда ноинсоний саҳналар юзига тортилган пардадай...Аслида ичкарида нима бўлаётганини камдан кам одам билар, балки улар ҳам ва ҳатто мазкур оила аъзолари ҳам нима бўлаётганини яхши билмаслар...

Тасаввур қилинг, халқ орасида сўкиниш санъатининг устаси сифатида танилган Ота барча сўкинчларни ишлатиб бўлганидан кейин нима қилади?

Эҳтимол, барча ёши ўтиб бораётган ва фарзандларининг ноқобиллиги ва ё ортиқча қобилликларидан озурда бўлган бошқа оталар каби кўрпача устигами ва юмшоққина диванигами чўкар...

“Нима қилдим? Нимага бунақа бўлаяпти? Энди нима қиламан?” каби саволлар билан бошини оғритар? Эҳтимол, Гулноранинг Twitterда ёзганларига ишонадиган бўлсак, “ҳаммасини сан қилдинг”, деб аламини хотинидан олар...

Нима қийнаши мумкин мамлакатни 20 йилдан ортиқ бошқариб келаётган ва аксарият томонидан “диктатор” деб тамғаланган, бу ҳаммамизга ўхшаган ва айни пайтда ўхшамаган, танасидан қувватию кўзидан нури ариб бораётган кекса одамни?

Ҳар турфа тахминлар ўртага отилмасин, “башоратлар” қилинмасин ва қандайдир “конспиратив” ғоялар кўриниш бераётгани ҳақида бонг урилмасин, фикри ожизимизча, Ота эҳтимолан ўзидан сўрайдиган бу саволларига жавоб йўқ... Айниқса, охирги саволга... “Энди нима қиламан?”

Ичкаридан қулфланган эшиклар

Гулнора эса...аламини Twitterдан олмоқда. (эди) Афтидан у бош уриб борадиган барча эшикларга қулф урилган, ичкаридан қулфланган эшиклар... Ҳатто Отанинг ҳам эшиклари берк. Буни тасаввур қилиш қийиндир балки, аммо Гулнора ўзи отасининг бўлаётган воқеалардан “бехабарлиги” ҳақида бир неча марта “твитлади”. Ота бехабармикан?

Аламини Онадан ва Сингилдан ҳам олди. Оиланинг хавфсизлигини таъминлашга маъсул бўлиб келаётган мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарига ҳам ёзғирди.

Сал аввалроқ эса Гулнора бу тармоқ фақат ўзига келаётган олқиш ва мақтовларни қайтадан твитлаш, онда сонда баъзи “қора кучлар”нинг танқидларига куракда турмайдиган сўкишлар билан жавоб бериш ва кунига эҳтимолки, ўнлаб уни мақтамайдиган фолловерларни блок қилиб қўйиш билан банд эди. Олам гулистон эди Twitterда…

Кеча ўзи айтмиш “РОВД”да издошларидан бирини озод қиламан деб кечаю тунни ўтказар экан, Гулнора ўзини дунё ҳақсизликларига қарши бош кўтарган ёлғиз жангчи деб ҳис қилдимикан? Ўзи одатда киноя ва пичинглар билан таъриф берадиган инсон ҳуқуқлари фаолига беихтиёр айланиб қолганини сездимикан?

“Ёшлар - келажак, бу 1938 йил эмас” дея оммани ҳайратлантирган Гулнора ўтган йигирма йилдан ортиқ даврда юзлаб, эҳтимолки минглаб бегуноҳ ёшларнинг“айби” намоз ўқигани, бошқа давлат лицейида таҳсил олгани, бу режимдан, ҳақсизликдан норози бўлгани, боринг алдангани ва ё халқ орасида шеъри билан машҳурлиги учун қамоққа отилганлари ҳақида билмасмиди?

Қамоқхоналарда қийноқдан ўлган ўнлаб ёшлар ҳақида ўқий, уларнинг тақдири, оиласи билан қизиқай деса Отаси интернетига “болам, бунақа нарсалар сани бузади, ўқимагин” деб хуфёна блок қўйиб қўйганмиди?

Нималарни ўйлади экан Гулнора? Оддий саволлар... Энди нима қиламан? Нима қилсам экан? Кимдан ёрдам сўрасам? Келажак, Ватан, 1938 йил ҳақидаги твитлар эса, ҳатто бундай бўлмаса ҳам –“чўкаётган одамнинг хасга ёпишиши” эмасмикан?

Оиланинг “миллий қадриятлари”

Image caption Ўзбекистон телевизионидан кўрсатилмайдиган суратлардан бири

Шўро маданияти ва сиёсатида суяги қотган Ота эса аслида ҳеч қачон маҳаллий маданиятни охиригача тушуниб етмади. Аввалига тутулиб юрди, кейин эса бир қадар ўзбекчани ўрганиб олди, маданиятга келганда эса афтидан фақат ўзига ёзиб берилган “миллий қадриятлар” ҳақида нутқлар ўқиб беришдан нарига ўтмади... Ўтолмади.

Ўзбекистон телевизиони миллату ҳаё ва ибо ҳақида тинмай сайраб турар экан, Каримовнинг қизи ярим яланғоч шаклда Ғарбнинг олифталари учун чиқадиган журналлар бетини безаб турди...Йогасевар қизнинг турфа усулларда эгилиб –букилиб тушган расмларини бошқалар эмас, ўзи кўз-кўз қилар экан, бу расмларнинг бирортаси ҳам режим шаклга солган “миллий қадриятлар”га мос тушмаслиги ва ҳеч қачон давлат оммавий ахборот воситаларидан жой олмаслигини ҳамма биларди.

Ота эса афтидан суюкли қизининг “эркаликларидан” бехабар қолган эди...

Бугун давлат ишлари, давлат учрашувлари ва ҳукумат мажлислари билан машғул пайтларда унинг фикру хаёлидан нима ўтаётган бўлса? Сўнгги воқеалар ривожига ва суҳбатларга асосланиб айтиладиган бўлса, бу Катта оиладаги можароларни бундан ҳам ёмонроқ бир ҳолатда тасаввур қилиш мумкинми?

Ўзбекистоннинг Шўро ва мустақил тарихида қайси ўзбек мулозимининг оиласидан шу қадар кўп ва асосан юмшоқ қилиб айтилса, “тоза бўлмаган” тафсилотлар оммага ошкор қилинган? Бегоналар томонидан эмас, шу оила аъзоси томонидан? Эслайсизми?

“Мен бу ерда ўт ёқсам...”

Image caption 1938

Гулноранинг бир ёпилиб бир очилиб турган Twitter ҳисобида унга меҳр ва муҳаббат изҳор қилувчиларнинг сони сезиларли даражада камайиб бораётганди...”Ўзбекистонликлар қўллаб қувватламаяпти, Россия ва Қозоғистондан ёзишмоқда!” деб ўпкалади у...Нима деб дастакласин яна ўзбекистонликлар?

“Биз сиз биланмиз”, “Онамизсиз”, “Сизни севамиз” деб ёзишди, тинмай ёзишди, айримлар ёзмаса бўлмайди деб ишонганидан, айримлар таъма ва айримлар ростакамига ёзди. Аммо режим механизми шунга асосланган эмасми? 1938 йил механизми? Аввал кўкларга кўтаришади, кўтартиришади кейин эса...ҳақиқий 1938 йил бошланади!

Зотан, у кейинги ҳафталарда кўтараётган ва бонг ураётган мавзуларнинг ҳеч қайсиси янгилик эмас Ўзбекистон учун...йигирма йилдан бери кун тартибидан тушмаган масалалар: қийноқлар, ноқонуний ушлаб туришлар, калтаклаш, бебошлик, ўзгача фикрловчилар овозини ўчириш йўллари ва ҳоказо.

Зотан, Гулнора айтган 1938 йил Ўзбекистон учун 1989 йил бўй кўрсатганди. Бу машъум йил Ўзбекистонни шу қадар “севдики”, 24 йилдан бери ЯНГИ ЙИЛ КЕЛМАДИ...

“Қайтар дунё”дир балки?

Аммо нима бўлганда ҳам хазон фасли Тошкентда...Қуёш кўпроқ чиқиб турса? хазонлар қурийди. Twitter деган "ўчоқ”нинг тутуни эса Тошкентдан кўкка ўрлар экан, дунёга ёйилди... Бу тутун орасида қандайдир учқунлар ҳам кўринаётгандай... Гулнора ўзи билиб айтдими, билмасданми, буни биз ҳеч қачон билмасмиз, аммо сўнгги воқеалар ҳақида ёзар экан, “бу портлашга олиб келади” деди...

Бу мавзуда батафсилроқ