Гулнора Каримова :"Фонд Форум" ёпилди"

Охирги вақтларда Twitter микроблог саҳифасида ўта фаол бўлиб келган Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг охирги изҳоротида айтилишича "Фонд Форум" ташкилоти ўз ишини тўхтатмоқда.

"Ўз ишига содиқ кўнгиллилар ва ходимлар, шуни эълон қилмоқчимизки, "Фонд Форум" бош қароргоҳи ўз фаолиятини тўхтатмоқда", деб ёзди Гулнора Каримова 21 ноябр кунги твитларидан бирида.

Унинг кейинги твитларида Каримова хонимнинг илова қилишича, у ҳаммадан иқтидорлари ва машаққатли меҳнатлари учун миннатдор ва Фонд ўз ўстига олган мажбуриятларини бажаришга ваъда беради.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги "Фонд Форум" қошида саноқсиз нодавлат ташкилотлари ташкил этилган.

Расмий номи "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" бўлган, халқ орасида "Фонд Форум" номи билан танилган ушбу нодавлат жамғармаси 2004 йилнинг февралида ташкил топган.

Жамғарма фаоллари унинг "маҳаллий илм-фан, маданият, маориф ва спортни қўллаб-қувватлаш учун бирлашган фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ихтиёрий ўз-ўзини бошқарувчи очиқ нодавлат бирлашмаси" эканини айтишади.

Уларга кўра, бугунги кунда жамғарманинг Пекин, Москва, Токио, Париж, Вена, Мадрид, Нью-Йорк, Берлин, Женева ва Лондонда бўлинмалари бор.

"Буюк Британия, Испания, Бельгия, Болгария, Миср, Люксембург ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлар билан маданий алоқалар йўлга қўйилган", - дейилади "Фонд Форум" расмий веб саҳифасида.

Охирги икки ой мобайнида Ўзбекистонда Гулнора Каримова ҳомийлиги остида бўлгани ишонилган қатор ташкилотларга рейдлар уюштирилгани, асосан бу ташкилотлар фаолиятини ёритиш билан шуғулланган қатор телеканаллар ёпиб қўйилгани хабар берилди.

Гулнора Каримова ҳомийлиги остида ҳар йили ўтказиладиган "Style.uz" ҳафталигини бу йил давлат назорати остида бўлган матбуот деярли ёритмади.

Пайшбана куни Гулнора Каримова узатган твитлар орасида шунингдек, бўлиб ўтаётган ҳодисаларда ўз онасини айбловчи анчайин батафсил ёзма изҳоротларнинг суратлари ҳам бор.

Кўринишича, микроблогда 140 ҳарфдан ортиқ изҳоротни ёзиш имкони бўлмаганлиги сабабли Гулнора Каримова ўзининг кенгроқ изҳоротларини қоғозга тушириб, кейин фотосуратини чоп этишга мажбур бўлган.

Бундан аввалги твитларида Кримова хоним ўзига нисбатан тазйиқлар ортида унинг ҳокимиятга интилишларини тўхтатиш мақсадида бўлган мамлакат Ҳавфсизлик Хизматининг раҳбари турганлигини даъво қилганди.

Бугунги тавитларидан бирида Гулнора Каримова шунингдек, ўз синглисига ўхшаб кемада ширинлик еб, кўнгилхушлик қилиб вақтни зое кетказиш ўрнига, доимо қўлидан келгунча халққа хизмат қилишга уриниб келганлигини айтган.

Бир неча ой аввал Гулнора Каримовага яқин бўлган кишилар томонидан хориж банкларида очилган ҳисоблрадаги миллионлаб доллар маблағлар ноқоқнунуй пулларни ювиш борасида очилган жиноий иш юзаисдан музлатиб қўйилган.

Кейинчалик Тошкентда жойлашган хусусий очиқ акциядорлик тижорат Invest Finance банкдаги "Фонд Форум"нинг ҳисоблари, Terragroup, "Дом стиля" ва Гулнора Каримованинг расмий офисига тегишли барча ҳисоблар музлатилгани хабар берилганди.

Ўтган июн ойида Гулнора Каримовага тегишли эканлиги ишонилган Франсадаги қатор кўчмас мулклар полиция томонидан муҳрланганди.

Бу мавзуда батафсилроқ