Жоанна Лиллис: 'Гулнорани ҳибсга олишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас'

Image caption Жоанна Лиллис:Гулнора Каримова бу вазиятдан ўта жиддий зиён билан қолиши аниқ

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳомийлиги остидаги Фонд Форум ўз фаолиятини тўхтатаётганлиги ҳақида расман эълон қилди.

Аввалроқ, Форум қошидаги "Келажак Овози" лойиҳаси қатор ходимлари ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Бундан олдин Гулнора Каримовага тегишли дея ишонилган қатор телеканаллар ҳам ёпиб қўйилди.

Гулнора Каримова Твиттерда фаоллиги кузатиларкан, унинг атрофида кечаётган ҳодисалар ҳақида узуқ-юлуқ бўлса-да, маълум тафсилотлар ташқарига ошкор бўлаётганди.

Аммо, куни кеча унинг Твиттер саҳифаси ҳам ёпилиб қоларкан, энди нималар кечмоқда деган савол кўпларни ўйлантирмоқда.

Биз бу ҳақда Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчи Жоанна Лиллисдан сўрадик:

Жоанна Лиллис: Охирги ҳафталар ва айниқса, кечаги ҳодисалар ортидан Гулнора Каримова Ўзбекистонда анчайин жиддий тазйиқларга учраётганлиги аён бўлмоқда. Унинг келажаги жуда беқарор эканлиги ҳақида хулоса қилишимиз мумкин, менимча. Унинг Ўзбекистондаги олдин эга бўлган кучли мавқеига жиддий путур етказилди. Мамлакат раҳбар оиласи аъзосига нисбатан бу миқёсдаги тазйиқ мисли кўрилмагандир. Охирги деярли 20 йил мобайнида Гулнора Каримова деярли ҳеч қандай чекловлар ва ё жазоларсиз ўз фаолиятларини амалга ошириб келганди, йирик молиявий бойлик келтирувчи кенг миқёсли империяни яратганди, албатта, бу империя унга тегишли эканлиги ҳужжатли равишда қайд этилмаган, лекин анчайин яхши маълумотга эга манбалар томонидан айтиб келинганди. Твиттери орқали етказган сўнгги хабарларидан маълум бўлишича, унинг ташкилотларида ишлаган қатор шахслар ҳисбга олинган. Жамғармаси ёпилгани ҳақида ҳам расман хабар тарқатилди. Телеканаллари ёпилди - булар баридан унинг ҳозирги вазияти ўта беқарор ва мушкул, дея хулоса қилиш мумкин.

Би-би-си: Мана шу сиз тасвирлаётган манзарада мамлакатдаги вазият келгусида қай йўсин ривожланиши мумкин?

Жоанна Лиллис: Менимча, ҳозир бу саволни кўплаб кузатувчилар ўзларига бермоқдалар. Гулнора Каримова бошчилигидаги ҳайрия ташкилотлари ноқонуний иш юритишгани ҳақидаги тахминлар ўртага отилмоқда. Бу эҳтимол жиноий унсур ҳам борлигини англатар? Агар шундай бўлса, уни ҳибсга олишлари ҳам мумкинми, деган савол ўртага чиқади. Ўзбекистон каби қонун устуворлиги ўрнатилмаган ва қонун сиёсий асбоб сифатида фойдаланиладиган мамлакатда бу каби эҳтимолни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Агар унинг рақиблари ҳозирги даражада тазйиқларни амалга оширишга муваффақ бўлган бўлсалар, ишни ҳибсгача ҳам олиб боришлари эҳтимоли бўлиши мумкин. Лекин, у ҳибсга олинса, албатта, Президент отаси учун катта шармандалик бўларди. Ҳозирда жавобсиз қолаётган яна бир катта савол бу отасининг бўлиб ўтаётган жараёнларга муносабатидир. Каримов бу ҳаракатларни қоралаяптими ёки ортида турибдими? Ёхуд, шунчаки кузатиб туриб, аралашишга қодир эмасми?

Би-би-си: Гулнора Каримова сиёсий саҳнадан четлатилган тақдирда ҳам раҳбар оила ва элита ҳеч нарса бўлмагандек, худди аввалги тарзда фаолият қила олмаса керак, шундай эмасми? Шунча "сир" оммага сизиб чиққани ҳисобга олинса?

Жоанна Лиллис: Албатта, бу - раҳбар элита ҳаёти ҳақида мисли кўрилмаган, ҳайратга солувчи даражада маълумотлар ошкор бўлиши. Сўнгги ҳодисалар вазиятни ўзгартиришга қодир, албатта. Энг камида қудрат ва иқтисодий бойликларни қайта тақсимланишига гувоҳ бўламиз, менимча. Гулнора Каримовадан олиб қўйилаётган ва миллионлаб доллар келтирувчи деб айтилган бизнеслар бошқа қўлларга ўтиши мумкин. Ҳозирда биз гувоҳ бўлаётган қудрат рақобатида кимнингдир, албатта, қўли баланд келади. Кимнинг қўли баланд келишини айтиш имконсиз, лекин Гулнора Каримова бу вазиятдан ўта жиддий зиён билан қолиши аниқ. Сиёсий саҳнадан четланиб қолиши мумкин. Балки, хорижга кетар, хуллас эҳтимоллар кўп. Лекин, бу эҳтимолларнинг ҳеч бирида мен уни ҳисоблашиш керак бўлган куч бўлиб чиқиб кета олишини кўрмаяпман.

Мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича эса, "Гулнора нима деган бўлмасин, сиёсий элита одатдагидек ишлашда давом этади"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ