Хорижда 'музлатилган' маблағни қайтариш борасида халқаро қонунчилик нима дейди?

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага яқин ташкилот ва шахсларга қарши текширувлар ортида, айрим фаразларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг гўёки хорижда "музлатилган" ва Гулнора Каримовага алоқаси борлиги даъво қилинган маблағларни Ўзбекистонга қайтариш истаги турипти. Гарчи, Ўзбекистон расмийлари бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермаётган бўлсалар-да.

Аммо бунинг имкони борми?

Халқаро қонунчилик бу борада нима дейди?

Би-би-си айни савол билан Туркманистоннниг собиқ президенти Сапармурот Ниёзовга тегишли экани даъво қилинган хориж ҳисобларидаги маблағларни текширган Британиядаги Global Witness ташкилоти эксперти Томас Майнга мурожаат қилди.

Томас Майн: Энг аввало, Ўзбекистондан боргани айтилган миллионлаб долларни "музлатиб" қўйган мамлакатлар расмийлари, бу ўринда Швеция, Франция ва Швейцария тергов ва текширув ишларини ниҳоясига еткзишлари лозим бўлади. Улар, шунингдек, музлатилган пуллар жиноят йўллари билан тўпланиб-тўпланмаганини аниқлашлари ва бу борада хулоса билдиришлари керак бўлади. Бу жараён, билишимизча, ниҳоя топгани йўқ ҳозирча. Текширувлар охирига етгач, бу пулларни нима қилиш масаласи мазкур мамлакатлар ва Ўзбек ҳукумати расмийлари ўртасидаги музокараларда ҳал бўлади. Аммо "музлатилган" пулни Ўзбекистонга қайтариш оддий ва тез бажариладиган жараён эмас. Аммо, биз ўтмишда Ливия ва Миср мисолида бундай музокараларнинг бўлганини кўрганмиз.

Би-би-си: "Музлатилган" пулни қайтариб олишни талаб қилган мамлакатга қандайдир талаблар қўйиладими?

Томас Майн: Бу маблағни "музлатиб" қўйган мамлакатга боғлиқ. Мени Global Witness фаоли сифатида қайтарилиши мумкин бўлган маблағнинг қандай сарфланиши қизиқтирган бўларди. Ҳозирда Ўзбекистонда юз бераётган ҳодисалар кўплаб миш-мишларни уйғотган. Мамлакатнинг навбатдаги раҳбари ким бўлиши мумкин, кимга қаршилик кўрсатиляпти, деган саволларга турли хил жавоблар кучайган. Ўзбекистонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар албатта хавотирлидир. Шунинг учун, агар пул қайтарилса, унинг қаерга сарфланишини назорат қилиш ўта муҳим бўлади. Ҳукумат бу маблағни тўғри йўлга ишлатиши ҳақида ҳисобот бериб туриши зарур бўлади.

Би-би-си: Бордию музлатилган маблағлар Ўзбекистонга қайтарилди ҳам дейлик, ортидан Ғарб давлатлари бу пулларнинг қай соҳаларга йўналтирилишини назорат қила олишадими?

Томас Майн: Пул қайтарилгач, пулни қайтариб берган давлат ёки банк унинг устидан юридик масъулият ва назоратни йўқотади. Аммо музлатилган маблағни банклар осонлик билан бериб қўйишмайди. Бунинг учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари улар билан ҳамкорлик қилишга ва пулни қайтариб олиш учун кучли асосларга эга бўлишлари керак. Бу эса ўта мураккаб ва осон бўлмаган иш.

Бу мавзуда батафсилроқ