Ўзбекистон: 1 миллиондан ортиқ одам пахта теришга мажбурланган

“Пахта кампанияси” ташкилоти томонидан чиқарилган ҳисоботда айтилишича, ўзбек ҳукумати фермерларни тизимли равишда давлат пахта режасини бажаришга, болалар ҳамда катталарни пахтани териб олишга мажбурлайди.

Ўзбекистон давлат томонидан мажбурий меҳнат қўлланиладиган дунёдаги йирик тизим яратганлиги айтилади. 2013 йилги пахта мавсумида 1 миллиондан ортиқ одам пахта теримига мажбурланган, уларнинг ичида балоғатга етмаган болалар ҳам бор.

20 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларни ўзида жамлаган “Пахта кампанияси” гуруҳи томонидан чоп этилган ҳисобот “Давлатнинг мажбурий меҳнат тизими давом этади” деб номланади.

“Пахта кампанияси” ташкилоти ҳисоботида айтилишича, ҳукумат пахта терими кўнгилли равишда амалга оширилаётгандек тасаввур пайдо қилиш учун ҳаракат қилган. Бироқ ушбу саҳнинг ортида 1 миллиондан ортиқ одам, шуларнинг ичида 15 ёшгача бўлган болалар пахта етиштириш ва уни териб олишга мажбуран сафарбар этилган.

Ўзбекистондан ҳуқуқ фаоли Суърат Икромов бу йил ҳам давлат бюджетида ишловчиларнинг пахта теримига мажбурланаётганининг гувоҳи бўлган.

“Тошкент шаҳрида деярлик ҳамма бюджет ташкилотлари, мактаблар, тиббиёт ходимлари, ҳаттоки, тадбиркорларнинг ҳам бўйнига пахта мажбурияти қўйилган. Ҳар олти ходимга бир одамни пахтага юбориши керак эди”, - дейди Суърат Икромов.

Ҳисоботда 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган коллеж талабалари маъмурият томонидан ихтиёрий мажбурий равишда пахтага чиқарилгани айтилади. Унда коллеж талабаси номидан ёзилган тилхат ҳам келтирилади. Тилхатда “ватан олдидаги бурчни бажариш учун пахта теримида ўз ихтиёрим билан ҳисса қўшишга розиман”, деган жумлалар бор.

Ҳукумат эса мамлакатда мажбурий пахта тердириш кампаниясини рад этиб келади. Мутасаддиларга кўра, ташаббус пахта тераётганларнинг ўзидан чиқмоқда.

“Оиласи, иссиқ жойи бор қайси одам ўз ихтиёри билан кимдир эккан пахтани териб бериши мумкин. Давлатнинг қилаётган ишини ақлга сиғдириб бўлмайди. Ҳукумат мулозимлари ўзидан қўрққани учун бир нечта одамларга ўз ихтиёрим билан бораяпман, деб ёздириб олаяпти. Бу тилхатларни ишдан бўшатамиз деб қўрқитиб ёздиришмоқда. Бизда ишсизлик кучайган бўлса”, - дейди Суърат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг қўшимча қилишича, натижада олий маълумотли тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар далага чиқиб кетди.

“Пахта кампанияси” ташкилотининг маълум қилишича, Ўзбекистонда бу йилги пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилотидан келган кузатувчиларнинг бўлишига қарамасдан ҳукумат пахта мавзусини кўтариб чиққан ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳибсга олиш, қўрқитиш ва қамаш орқали овозини ўчиришга ҳаракат қилган.

Ҳисоботда 2013 йилги пахта мавсумида камида 11 одамнинг қурбон бўлгани ёзилади. Теримчилар абгор шароитларда ётиб туришга мажбурланган. Ташкилот вакиллари ушбу иддоларни тасдиқловчи фото ва далилларни ҳам келтирган.

2013 йилги пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистон далаларида бўлган. “Пахта кампанияси” ташкилотни ҳисоботдаги далилларни ҳам инобатга олишга чорлаган. Ташкилот Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш кераклигини урғулаган.

Пахта Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги асосий экинлардан ҳисобланади. Тола сотиш эвазига мамлакат бюджетига ҳар йили 1 миллиард доллар маблағ келади.

Ўзбек пахтасининг 70 фоизини Хитой ва Бангладеш сотиб олиши айтилади.