Интернет дунёсида Ўзбекистон акси

Anons.uz тарқатган хабарга кўра ўқув курслари қатнашчилари Англия Премьер-Лигасида фаолият олиб бораётган ҳакамлар билан учрашиш ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўладилар.

Ўзбекистонлик ҳакам Наим Қосимов ОФКнинг «Келажак» лойиҳаси бўйича келаси йили Англияда бўлиб ўтадиган ўқув курсларига таклиф этилди.

Ёш ҳакамлар учун ташкил этилган ОФКнинг «Келажак» лойиҳаси бўйича сўнгги икки йил давомидаги курсларида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик ҳакам Наим Қосимов 2014 йилнинг 23-28 февраль кунлари Англияда бўлиб ўтадиган малака ошириш курсларига таклиф этилди.

Англиядаги ўқув-машғулот курслари «Келажак» лойиҳаси ҳакамлари учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Мазкур курсларда ёш ҳакамлар Англия Премьер-Лигасида фаолият олиб бораётган ҳакамлар билан учрашиш ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўладилар.

Anons.uz манба сифатида the-uff.com веб-сайтидан фойдаланган.

ФИФА рейтинги: Ўзбекистон 13 поғона пастлади

Халқаро футбол уюшмалари федерацияси - ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ойда эгаллаган ўрнидан 13 поғона пастлади ва рейтингнинг 68-поғонасидан жой олди.

Бу натижа яна Ўзбекистоннинг Осиё қитъаси терма жамоалари орасида 5-ўринга тушишига замин яратди.

ЖЧ-2014 саралаш баҳсларида Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олган Эрон терма жамоаси 4 поғона юқорилаган ҳолда Осиёнинг биринчи рақамли жамоасига айланди. Сўнгги ойлар давомида Осиё қитъаси жамоалари рейтингида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган Япония эса, 4 ўрин пастлаган ҳолда рейтингнинг 48-ўринига тушиб кетди. Осиё Қитъаси жамоалари рейтингида Эрон ва Япониядан кейинги ўринларда Жанубий Корея (54) ва Австралия (59) қайд этилган.

МДҲ мамлакатлари орасида эса Ўзбекистон Украина (18), Россия (22) ҳамда Арманистон (34) терма жамоаларидан кейинги ўринда турибди.

Ўзбекистон терма жамоасининг ОК-2015 саралашидаги рақибларидан - БАА терма жамоаси ўтган ойдаги рейтингини сақлаб қолган - 71 ўрин.

Терма жамоаларнинг умумий рейтингини доимгидек Испания терма жамоаси бошқариб турибди. Ундан кейинги ўринда Германия терма жамоаси бораётган бўлса, кучли учликни Аргентина терма жамоаси тўлдирган.

Anons.uz манба сифатида the-uff.com веб-сайтидан фойдаланган.

"Лукойл" Ўзбекистонда газ қазиб олишни 5 баробарга оширмоқчи"

Россиянинг "ЛУКОЙЛ" ОАЖ нефьт компанияси 2013 йилнинг 9 ойида Ўзбекистондаги қидирув ва қазиб олиш ишларига $444 миллион миқдорида сармоя жалб этди. Бу борада аnons.uz хабар берган.

Компания маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги мазкур ишларга сарфланган маблағ миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,54%га ўсган.

Жумладан, шу йилнинг учинчи чорагида компаниянинг капиталь ҳаражатлари $185 миллионни ташкил этди. Бу 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўп деганидир.

Эслатиб ўтамиз, "ЛУКОЙЛ" ширкати айни пайтда Ўзбекистонда учта лойиҳани амалга оширмоқда. Бугунги кунга қадар компания Ўзбекистонда 20 млрд. кубметрдан зиёд газ қазиб олган.

"ЛУКОЙЛ" ОАЖ 2013 йилда 4 млрд. кубометргача газ қазиб олишни режалаштирган бўлиб, 2020 йилгача ушбу кўрсаткични йилига 17-18 млрд.га етказиш кўзда тутилган