Мамадали Маҳмудов: дунё эътиқод билан тирик, эътиқод билан гўзал!

Image caption Атоқли адиб Мамадали Маҳмудов қарийб 17 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли адиб ва жамоат арбоби, собиқ сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудов жавоб беради.

Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси - Эврил Турон) 1940 йил 12 декабрда Жиззахнинг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган.

Отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси (Тоғдаги ўрмон ва ҳайвонларга қаровчи) 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган.

Онаси Саодат опа битта фарзанд билан қолган.

Ёзувчининг ҳикоя қилишича, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган бобоси Аҳмад Бек 1936 йилда осиб ўлдирилган.

Мамадали Маҳмудов бошланғич синфда Боғдон қишлоғи, 8 синфгача Олтинкон шаҳарчасидаги мактабларда таҳсил олган.

1959 йилда Совет Армиясига кетиб, 3 йил ҳарбий хизматни ўтаган.

1962 йилда комсомол йўлланмаси билан Россиянинг Тула вилояти, Ефремов шаҳрига кимё комбинати қурилишига йўлланган.

Воронеж шаҳрида кимё-машина қурилиши курсини битирган.

1964 йилда Чирчиқ шаҳридаги кимё комбинатига ишга кириб, машинист ёрдамчиси ва машинист бўлиб ишлаган.

Бир вақтнинг ўзида кечки ёшлар мактабида, 10 ва 11-синфларда таҳсил олган.

1966 йилда Тошкент Давлат Университети филология факултетининг журналистика бўлимига ўқишга кирган.

Сўнгги курсларни сиртдан ўқиб, "Саодат" журналида ишлаган.

1974 йилда биринчи китоби - "Тоғ оҳуси" очерклар тўплами нашр қилинган.

1975 йилда чоп этилган "Боғдон қашқири" қиссасида ёзувчи биринчи марта босмачилик ҳаракати иштирокчиларини миллий-озодлик курашчилари сифатида тасвирлаган.

Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди.

Москвадаги муҳокамалар ортидан тақиқланган роман Туркия ва ғарбий Олмония журналларида чоп этилади.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, КГБ томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудовни, ўзининг айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган.

Мамадали Маҳмудов ижод билан бирга жамоатчилик ишлари билан ҳам фаол шуғулланган.

У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри-"Эрк" газетасини сақлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва кейинроқ давлат мулкини ўғирлашда айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда юз берган қатор портлашлар ортидан қайта ҳибсга олинган ёзувчи бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланади.

Маҳкама жараёнида у ўзининг портлашларга алоқаси йўқлиги ва қийноққа солинганини айтган.

14 йилдан кўпроқ давом этган қамоқ муддати сўнггида шу йил апрелида озодликка чиқарилган Мамадали Маҳмудов номи ва асарларига Ўзбекистонда қўйилган норасмий тақиқ ҳануз амал қилмоқда.

Ассалому алайкум Би-би-си меҳмони Эврил Турон. "Оқ гул" ва "Ой нури" асарларингизни ўқиб, кўзимга ёш келди. Хаёлан сиз бошдан ўтказган воқеалар ичига тушиб қолдим. Туркийлигимдан ўзимда ғурур сездим. Ҳозир қаерда истиқомат қиласиз? Ҳозирги ҳаётингиз қандай кечмоқда? Чингизхон билан ҳали ҳам алоқадамисизлар? Асарларингизнинг давомини кутиб қоламан.

Мукаррамов

Мамадали Маҳмудов: Ассалому алайкум. Тошкентда яшаяпман. Ўша эски ҳовлида, болаларим, набираларим қўйнида. Қамоқхонадан чиққанимдан бери деярли уйдан эшикка чиққаним йўқ. Тарихий битиклар устида умрим ўтаяпти. Бу менга завқ бағишлайди, гўё умримга умр қўшади. Қамоқда эканимда Чингизхон ҳам, Матлуба ҳам дунёдан ўтишибди. Мен уларни армон билан эслайман.

Мамадали ака сизни Навоий-46да ўтирганда кўрганман. (Муҳаммад Бекжон таништирганди). Мен 2009 йилдан бери Швецияда яшаяпман. Сизни турмада ёзган қўлёзмалар нусҳасини ЎХҲ сайтида чоп қилганман ва аудио файлда ўқиганман. Бугун бу нарсалар сайтда йўқ. Савол: эски сафдошингиз-ЭРК раиси билан муносабатларингиз шу кунларда қандай?!. Умуман, мухолифат ҳақида нима дея оласиз?!. http://uzxalqharakati.com/archives/10944

Муҳаммадсолиҳ Абутов, Швеция

Мамадали Маҳмудов: Ассалому алайкум. "Эрк" билан алоқам йўқ, "Эрк"ка аъзо ҳам эмасдим. Мени "эрк" билан ёпишди, терговда ҳам, зонада ҳам мени "эркчи" дейишди. Мен ҳам бунга ишониб қолдим, "эркчи"га айландим. Лекин Муҳаммад Солиҳни иқтидорли шоир, теран билим эгаси, тўғрисўз бир инсон сифатида ҳурмат қиламан. У ватанимизни, элимизни беқиёс севади. Биз ўзбеклар бир-биримизни тушунишимиз, асрашимиз, зарурий ҳолатларда бир-биримизга кечиримли бўлишимиз керак. Ватанимизни беқиёс севади, деб бежиз айтмаяпман. 89-йил ноябр ойи охирларида мен давлат тили ўзбек тили бўлиши учун митинг уюштирганман. Кўп дўстларим бундан ўзларини олиб қочишган, тўғрироғи, қўрқишган. Лекин Муҳаммад Солиҳ мен билан бирга бўлган, менга руҳий далда берган. 1989 йил 21 ноябр куни (октябр-таҳр.) муқаддас ватанимизнинг муқаддас тили- ўзбек тили давлат тили бўлди. Бунда Муҳаммад Солиҳнинг хизмати беқиёс, ўчмас.

Мамадали Маҳмудов билан суҳбатни тинглаш учун мана бу ерга босинг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Aссалому алайкум. Ойнур ва Оқгуллар ана шундай ўлдирилгани ҳаётда ҳақиқатан бўлганми?

Ойбек, АҚШ

Мамадали Маҳмудов: Ойбек, ассалому алайкум. "Оқ гул" ва "Ой нури" романларим ҳаётий воқеалар самараси. Ҳаммаси кўз олдимда кечган, ҳамма-ҳаммаси. Жой номлари, исмлари ўзгаришсиз берилган. Кўз олдимда Ойнурни КГБ чалажон олиб кетган. Унинг бутун изтиробларига шерик бўлганман. Ойнур билан жазирама чўлда бирга ишлаганман. Қандай ёзган бўлсам, шундай. У беқиёс инсон эди. У ўзбек хотин-қизларидан чиққан академик Ҳабиб Абдулла эди. Ойнурни буюк армон билан эслайман. Лолани ҳам, Чингизхонни ҳам. Оқгул менинг синфдошим. Бу даҳшатли воқеа менинг кўз ўнгимда кечган. Бундай қиз, ўзбек қизи, балки юз йилда бир туғилар. Худди буюк Тўмарис каби. Бирон сўзни қўшиб, ошириб ёзмаганман. амон Оқгулни эслайман, ҳамон Ойнурни эслайман, ҳамон Марваридни эслайман, ҳамон Чингизхонни эслайман. Буюк армон билан. Менинг Украинада, армияда танк командири бўлиб хизмат қилганим, экипажим билан Ефремов шаҳрида кимё комбинатида ишлаганим, Воронежда ўқиганим,рус, яҳудий дўстларим, Чирчиқда кечган ҳаётим, бари-бари тўғри. Булар меҳнат дафтарчамда ҳам қайд этилган. Бари жонли кечмиш.

Диний сабаб билан қамалганларга қамоқда ҳам намоз ўқишга қўйиб берармиди, махфий ёки калтаклаб бўлса-да?

Чори

Мамадали Маҳмудов: Чорибек, Ассалому алайкум. Диний сабаблар билан қамалганлар- 159-модда билан қамалганлар. Эътиқодни дунёда ҳеч қандай куч енголмайди. Эътиқод буюк ва беқиёс қудратга эга. Дунё эътиқод билан тирик, дунё эътиқод билан ёруғ, айланар дунё эътиқод билан гўзал!. Ҳатто Жаслиқда ҳам намоз ўқишган. Яширинча, ўтиришган, ётишган ҳолда. Унсиз, лабларини ҳам қимирлатишмасдан, ичларида, кўзларини юмишган ҳолда. Мажбурий ҳолда мумкин, дейишган. Яширинча рўза ҳам тутишган. Мен бу ҳаёт ичида бўлганим учун қандай бўлса, шундай айтаяпман. Чирчиқ 64-6 зонасида ҳам шу ҳол. Собиқ тезкор бўлим бошлиғи, эндиликда зона бошлиғи Тўлқин Тўхтасингов "ҳамма "59лар"ни қайтардим, деб ҳар бир йиғинда, ҳар бир ерда айтади. Бу гапни тинмай такрорлайди-мавридли, мавридсиз. Қандай қайтаради? Жиноятчилар билан диний маҳкумларни бир-бирига қарши қўйиб... Бу даҳшат!. Зулм билан, қийноқ билан. Бир диний маҳкум учун бутун зонани эртадан-кечгача шагат қилдириш билан, қўшиқ айттириш билан, ғозча юриш билан, мажлис устига мажлиқ қилиш билан ва ҳоказо. Айтаверсам адо бўлмайди... Жиноятчилар тазйиқи остида қолган диний маҳкум "қайтдим" деб ёзиб беришга мажбур бўлади. "Тил ҳисоб эмас, дил ҳисоб" дейишади. Яширинча намоз ўқишади-ўтириб, ётиб, сездирмай. Тўлқин ўзича шон-шуҳратга эришдим, деб ўйлайди. Аслида "59" лар ва жиноятчилар уни сўкиб, қарғаб юришади. Мен буни ўз қулоғим билан эшитиб, ўз кўзим билан кўрганман. Эътиқоди заиф бир-иккитаси Тўлқин томонида туриб, унга ёрдам беришади. Қулоқлар ҳар қадамда. Зулм билан ҳеч нарсага эришолмайди, вақтинча. Сохта нарса тараққиёт бўғови. Сохта нарса- миллат тушови!. Билим, илм йўқ жойда зулм гуркирайди. Пинҳона жойларда "юқорининг кўрсатмаси" деб шипшишади. Бундай одамлар билан чин мустақиллик қилиб бўладими?. Афсус, йўқ. Қоп-қоп қуруқ гап. Давлатни алдамаслик керак!. Бунинг зарарли томонлари беқиёс. Ёлғонни, туҳматни, зулмни ўз миллатимизга ишлатишимиз, ўз миллатимиз оёғига болта уришимиз билан тенг. Қонунда намоз ўқиш, рўза тутиш тақиқланмаган.

1. "Ой нури" асарингиздаги Лочин табиб хали ҳам ҳаётми?. Менда ҳам Лоладаги каби оқ доғлар бор. Ёрдам берсангиз, миннатдор бўлардим.2. Тоғай Муродни яқиндан танирмидингиз?. Унинг ўзи ва асарлари ҳақида фикрингиз.3. Мен ҳам форишликман. Форишга ҳозир ҳам бориб турасизми?. Боғдонни соғинасизми?.

Шоҳруҳ.

Мамадали Маҳмудов: Шоҳруҳ, ассалому алайкум. Романда Лочин табиб тўғрисида изоҳ берганман. Лочин бобо менинг узоқроқ қариндошим. У чиндан ҳам ўлиб, тирилган. Уни ўлди, деб кўмишган, қабрида тирилган. Лочин бобо дунёдан ўтган бўлса ҳам, Боғдон кексалари ҳамон эслашади. Тоғай Мурод билан таниш эдим. Содда ва очиқкўнгил одам эди. Мундай айтганда, жайдари ўзбек эди. Асарлари эсимда қолмаган. Боғдонга адашмасам, 20 йиллардан бери бормаганман. Аммо соғиниб эслайман. Боғдон ҳам олдинги Боғдон эмас. Табиб Боғдонни кўзда тутяпман.

Саломларим сизга, ҳурматли Мамадали ака! Албатта сизга биринчидан соғлиқ ва бардамлик тилайман! Сизга биринчи саволим:Ўзбекистон ҳукуматига қарши чиқиб нима фойда топдингиз?.2. Сиз хали ҳам "Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди" деган сўзга ишонасизми?.3. Маҳбусликда ўтказган умрингизга, вақтингизга ачинасизми?.4. Сиз ва биз каби озодликни кутиб яшаётганларга тилакларингиз борми?5. Сиз кутган кунлар келишига ишонасизми?

Армон, Россия.

Мамадали Маҳмудов: Мен умрим бўйи, эсимни таниганимдан бери миллий озодлигимиз, мутлоқ қарамсизлигимиз учун курашиб келганман. Бу ҳамма асарларимда, жумладан, "Ўлмас қоялар", "Туманли кунлар" да ҳам ўз аксини топган. Мустақиллигимизга қарши ҳеч қачон бормаганман. Бу туҳмат!. Мустақиллик-менинг ҳаётим, ҳаётимнинг мазмуни!. Том маънодаги мустақиллик, албатта.

2. Ҳақиқат эгилади ҳам, синади ҳам. Бу ўзи нисбий тушунча. Қамоқда ўтириб, вақтдан ютқаздим. Бир неча асарларимдан айрилдим, соғлигимдан айрилдим. Ҳеч қачон туб ҳақиқатга эришмаслик ҳам мумкин. Кўп ҳолда ёлғон, туҳмат ғолиб чиқиши ҳам мумкин. Буни ўз ҳаётимдан келиб чиқиб айтаяпман.

3. Маҳкумликда ўтган умрга ким ачинмайди? Даҳшатли йиллар... Буни бошдан кечирган билади. Қамоқхонада ўтирган маҳкумлар ҳам Ўзбек фарзандлари, менинг миллатдошларим!. Уларга озодлик тилайман!. Биз мутлақ қарамсиз яшашимизни истайман ва аста-секин бунга эришаяпмиз ҳам. Мутлақ қарамсизлик-буюк саодат!.

Мамадали ака, ассалому алайкум. Мен ëшлик пайтимда "Шарқ юлдузи" журналида сизнинг "Ўлмас қоялар" романингизни ўқиганман. Кейин бу роман тақиқланганини эшитдим. Тафсилотларни сиздан эшитсам.

Иккинчи савол-мен 1991 йили "Маданият жамғармаси" Хива бўлимида ишлаганимда мажлис қилиб, сизни Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилганмиз. Бу қарор нусҳаси менда бор. Аммо ЦИК (Марказий сайлов комиссияси-таҳр.) сизнинг номзодингизни қабул қилмади. Бу борадаги тафсилотларни ҳам айтсангиз.

Полвон жумми, Хива

Мамадали Маҳмудов: Полвонбек, ассалому алайкум. "Ўлмас қоялар" руснинг Ўрта Осиёга босқини ҳақида. Шунинг учун қораланган. У сохта совет реализмига қарши асар. Менгача "Россия Ўрта Осиёни қўшиб олган" деб ёзишган. Мен бунинг томирига болта урдим, ёлғонни фош этдим. Ўрта Осиё рус томонидан босиб олинган.

1991 йилда имзо йиғиш йўли билан мен ҳам ўз номзодимни президентликка қўйганман. Лекин рўйхатдан ўтказишмаган. Сизга қайноқ салом!.

Ассалому алайкум. Авваламбор сизга Оллоҳдан соғлик тилайман. Оллоҳ ижодингизга ривож берсин!. Сизга шахсан Ички ишлар вазири ёки Иноятов (Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси-таҳр.) терговду учрашиб, туҳдид қилганми, айблов қўйганми?.

Олимбек, Скандинавия.

Мамадали Маҳмудов: Олимбек, ассалому алайкум. Мени Миллий Хавфсизлик Хизмати тергов қилмаган. Ички ишлар вазирлиги мени қамоққа олган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Сайфулла Асадов ва Алишер Шарофуддинов тергов қилган.

Муҳтарам Мамадали Маҳмудов. Сизнинг "Ўлмас қоялар" романингиз билан Манноп Эгамбердиевнинг "Сариқ аждар ҳамласи" романи орасида қайси бири тарихий реалликни бадиий асарга олиб чиққан?

Одилжон Маҳдумий, Ўш

Мамадали Маҳмудов: Мен Абдуманноп деган кишининг китобини ўқимаганман. Менинг "Ўлмас қоялар" романим, умуман тарихий шахслар ҳақида. Бизнинг қишлоғимизда бўлган воқеалар ҳақида ёзганман. Албатта, бадиий тус берганман унга.

Ассалому алайкум Мамадали ака. Исм-шарифимни ёзмаганимга сабаблар бор, узр сўрайман. Саволим, менимча бутун халқимизга қизиқ, деб ўйлайман.2014 йил Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайловлар булади. Ушбу сайловларда ғолиб бўлган депутатлар Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириши, халқ манфати йўлида қонун устуворлиги ва Конституциядаги барча моддаларнинг тўлиқ бажарилиши каби ишларни амалга ошира олишадими?. Депутатлар бу ишларни қилиши учун аввало нимага кўпроқ эътибор қаратишлари лозим?.

Мамадали Маҳмудов: Ассалому алайкум. Чапакбозлик, қоғозбозлик қилмасдан, ҳар бирининг ўз мустақил фикри бўлишини, элимизга фойдаси тегишини истайман. Қуруқ савлат, қуруқ гаплар эмас, амалга оширадиган гаплар. Илмли, энг муҳими, миллатимизга жонкуяр одамлар бўлсин, дейман. Гапимнинг сўнгида шундай таклиф киритаман. Қамоқдан чиққан журналист, ёзувчилар учун бир журнал ташкил қилиш керак. Инглиз, франсуз, олмон, турк тилларида. Асарларга кун ўтадиган қалам ҳақи тўлайдиган ойлик журнал. Менимча, бу ҳаводай зарур.