Тошкентда "қўчқор салом" урфга кирмоқда

Image caption Баъзиларга кўра, Тошкентда урф бўлган янгича сўрашиш услуби 90-йиллардаги "ўпишиб" сўрашишдан яхшироқ

Ўзбек йигитларининг "калла уриштириб кўришиши" танқид остига олинди, деб хабар беради Daryo.Uz интернет-нашри.

"Оила даврасида" газетасида чоп этилган "Кўришишми ёки уришиш?" номли мақолада муаллиф Абдуқаюм Исмоилов айни пайтда ёшлар орасида "мода" бўлган саломлашиш тури — калла уриштиришни танқид остига олган.

Муаллиф ҳозир қўл сиқишиб кўришиш "мода"дан қолгани, ёшлар "қўчқорлар сингари сузишиб" кўришаётгани ҳақидаги ҳазиломуз кириш гапларидан сўнг, эътиборни муаммонинг жиддий тарафларига қаратади.

У "Минг йиллар давомида яшаб келаётган қўл бериб кўришишдек улуғ қадриятимизга "ўзгартириш ва қўшимчалар" киритишнинг зарурати нимада экан?" - деган саволни ўртага ташлайди.

Бу мақолага веб фойдаланувчилар турлича фикр билдиришган.

"Бу одат кўпрок Тошкентда бор. Вилоятларда унча кўп учрамайди. Учрагандаям маҳалла томонидан кескин танқид қилинади..," - дейди веб фойдаланувчи “CampRoad”.

"Тасаввур қиламиз, Абдуқаюм Исмоилов олдига Брежнев келди. Нима қиларди? Абдуқаюм Исмоилов Брежнев пайтдаги кўришишга нима деркан?," - деган саволни ўртага ташлаган "Farhodjon" исмли фойдаланувчи собиқ Совет раҳбари суратини Twitter саҳифасига жойлаштирган.

Суратда Леонид Брежнев бир эркакнинг лабидан ўпмоқда, уларнинг олдида бир ўзбек аёли атлас либосда турибди.

"Jamoliddin Bobojonov" номли веб фойдаланувчиси "Farhodjon"га жавобан шундай дейди: "Ана шундан худо сақласин. Мақола ёзганлар шу давр одамлари бўлса керак".

"90-йилларда "ўпишиб" кўришишар эди. Ҳозиргиси анча тузук," - деб ўз фикрини билдирди "Jamoliddin Bobojonov".

"Калла қўйиш майликуя, ўпишиб кўришишга чидаб бўлмайди, унақларни кўриб мен уялиб кетаманей..." - деб езади "Cenator".

"Эркак одам ўпишиб саломлашишса энди, уларни ҳезалак деса бўлади. Бош уруштириб саломлашиш ҳеч ёмон иш эмас..," - дейди "Sherzod_199010".