Transparency International: Гулнора Каримова можаросининг коррупцияга қарши курашга алоқаси йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Transparency International га кўра, Гулнора Каримова Ўзбекистондаги бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатган

Коррупция даражасини ўрганувчи "Трансперенси Интернешнл" ташкилотининг янги ҳисоботида Ўзбекистон яна дунёдаги коррупция ботқоғига ботган ўнта давлатдан бири, дея тан олинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда коррупция борасидаги вазият яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам ўзгармаган. Ташкилот индексидан англашилишича, Ўзбекистондаги аҳвол дунёнинг урушлардан вайрон бўлган қатор давлатларидагидан ҳам ёмонроқ. Сўнгги пайтда Ўзбекистондаги коррупция мамлакат сарҳадларидан чиқиб, Оврўподаги қатор жиноий текширувларнинг ҳам объектига айланган. Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова номи ҳам аралашган халқаро текширувлар Ўзбекистондаги аҳволга қандай таъсир кўрсатган? Би-Би-си ушбу саволни "Трансперенси Интернешнл"нинг минтақа бўйича таҳлилчиси Светлана Савицкаяга берди.

Светлана Савицкая: Бу текширувларнинг қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гапириш мушкул. Чунки Оврўпода бораётган текширувлар борасида аниқ маълумотлар йўқ. Биз пул ювиш билан боғлиқ текширувларнинг бошқалар томонидан қандай қабул қилингани ҳақида гапиришимиз мумкин. Афсуски, Гулнора Каримова билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Ўзбекистондаги бизнес учун анчайин салбий бир муҳитни яратиб келмоқда. Гулнора Каримованинг мамлакатдаги бизнесга таъсири катталиги, хориж банкларида ўз ҳисоблари борлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳокимиятга яқин одамнинг имконият ҳамда ваколатлари кўплиги, уларнинг қонундан ташқарида эканини англатади.

Би-би-си: Аммо иккинчи томондан, Гулнора Каримова номи билан боғлиқ ташкилот ва ширкатларга қарши бошланган текширувлар унинг ҳам сиз айтганчалик ҳимояланмаганини кўрсатмайдими?. Умуман, бу текширувларнинг коррупцияга қарши курашга алоқаси борми?

Светлана Савицкая: Албатта, Каримовнинг қизи атрофида юзага келган сўнгги вазият ҳатто у билан ҳам муаммолар юзага келиши мумкинлигини кўрсатди. Чунки мамлакатда ҳамма учун тенг бўлган, барча бизнес учун баробар қонунлар йўқ, бўлса ҳам амал қилмайди. Ташқаридаги сармоядор эса, бу каби ҳолатда Ўзбекистонга сармоя киритишдан қочади. Ҳукуматнинг сўнгги йиллардаги айрим уринишларига қарамасдан, мамлакатда коррупцияга қарши чинакам кураш ва ислоҳотлар бошлангани йўқ.

Би-би-си: Шундай экан, Ўзбекистондаги коррупциянинг асосий манбаъси ҳам, сабабчиси ҳам ҳокимиятдагиларнинг ўзи, деб айтишимиз мумкинми?

Светлана Савицкая: Бундай деб айтиш қийин. Аммо коррупциянинг ёйилишига қарши қонунларни жорий қилиш ва уларнинг амал қилишини таъминлаш ҳокимиятдагиларнинг тўғридан-тўғри вазифасидир. Давлат ҳамма учун бир хил ўйин қоидалари, бир хил шароитларни яратиши керак. Фуқаролар барча хизмат ва имкониятлардан ҳеч кимга пора бермасдан фойдаланиш имконига эга бўлишлари керак. Мен коррупциянинг асосий манбаъси ҳокимиятдагилар, деб айтмаган бўлардим, аммо коррупцияга барҳам бериш учун масъул бўлганлар, бу шубҳасиз, ҳокимиятдагилардир.