Олма-ота полиция рейдида аёл қувурга тиқилиб қолди

Image caption Қозоғистонда фоҳишалик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги йирик меҳмонхонада ўтказилган полиция рейдида жинсий хизматларни кўрсатишда гумон қилинган аёл бинонинг вентиляция қувурига тиқилиб қолган.

Рейднинг мақсади меҳмонхона мажмуасида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёлларни қўлга олиш бўлган. Бу ҳақида Tengrinews хабар агентлиги маълумот тарқатди.

Олма-ота шаҳар Ички ишлар бошқармаси билдиришича, полициядан қочиб қутулишни истаган аёллардан бири "ўз жисмоний имкониятларини тўғри баҳоламай, тор қувурга тиқилиб қолган".

Рейд чоғида фоҳишалик қилишда гумон қилинган бир неча ўнлаб аёллар ҳибсга олинганлар.

Қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари борлиги аниқланган. Бироқ, қочишга уринган аёлнинг қайси мамлакат фуқароси экани хабар қилинмади.

Полициянинг билдиришича, аёллар Қозоғистонда ноқонуний тарзда ишлаб келганлар ва эндиликда депортация қилинишлари мумкин.

Меҳмонхона ҳудудидаги исловатхонани Жанубий Қозоғистон вилоятидан келган 30 ёшли аёл бошқаргани аниқланган. У жиноий жавобгарликка тортилиши кутилади.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, қўшмачилик жиноят ҳисобланади. Мамлакатда, шунингдек, ўз кўчмас мулкини "била туриб фоҳишалик ёки қўшмачилик учун ажратиш" учун ҳам маъмурий жазо белгиланган. Бироқ, фоҳишалик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида ўзбек аёлларнинг фоҳишалик билан шуғулланиши ҳужжатлаштирилган. Қозоқ полицияси рейдларида қўлга олинган ўзбек аёллари одатда Ўзбекистонга қайтарилади.