Туркия ўзбекларни депортация қилгани учун жарима тўлайди

Оврўпо Инсон ҳуқуқлари маҳкамаси 19 Ўзбекистон фуқаросини "ноинсоний шароитларда" Эронга депортация қилгани учун Туркия ҳукуматига 190 минг евро жарима солган.

Маҳкама Туркияга ҳар бир арздор учун 10 минг евродан жарима солди ва расмий Анқара 19 кишилик гуруҳнинг харажатларини қоплаш учун қўшимча 3350 евро тўлаши керак деган қарор чиқарди.

Маҳкамадаги ҳужжатларга кўра, 19 кишидан ташкил топган тўртта ўзбек оиласи 2008 йилда депортация қилинган. Улар Туркия ва Эрон чегарасидаги қишлоқлар орасида қиш шароитида пиёда 10 кун юришга мажбур қилинганлар.

Ўзбекистондан чиқиб кетган оилалар Тожикистон, Афғонистон ва Покистондан ўтиб, 2001 йилда Эронда ўрнашган бўлганлар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича юқори комиссарлиги уларга қочқин мақомини берган.

Тўрт оила сўнгра 2007 йилда Туркияга ўтганлар, бироқ у ерда бир йил яшашлари ортидан қўлга олинганлар ва 2008 йилда Эронга депортация қилинганлар.

Туркиядан депортация қилинишлари ортидан бир ҳафта ўтиб оилалар ноқонуний равишда яна Туркияга қайтиб ўтишган, бироқ кўп ўтмай яна қўлга олиниб, шу куниёқ Эронга қайтарилганлар.

Улар икки мамлакат ўртасида ташлаб кетилганлари ва узоқ масофани пиёда босиб ўтганларини даъво қилганлар.

Ноинсоний муносабатдан ташқари, маҳкама Туркияни мазкур оилаларни ҳибсда ушлаб тургани учун сабаб кўрсатмаслик ва қарорга маҳкама орқали шикоят қилиш имкониятини бермасликда айбдор деб топган.

Тўрт оила асли Фарғона водийсидан бўлиб, Афғонистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида жанг қилганлар. Улар 2001 йилда АҚШ Афғонистонга қарши ҳужумларини бошлашидан олдин Афғонистонни тарк этиб, Эронда бошпана топганлар.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бир неча собиқ аъзолари ҳозирда Туркияда истиқомат қиладилар.

Ўзбекистонлик фуқаролар учун виза талаб этилмайдиган Туркияда бошпана излаётган қочқинларнинг сони кўпайётгани айтилади.

Айрим фаразларга кўра, Истанбулнинг ўзида бир неча минг диний қочқин бўлиши мумкин.

Айниқса, Қозоғистон ўзбекистонлик 30 ортиқ бошпана изловчини расмий Тошкентга топширганидан сўнг Туркияда бошпана изловчиларнинг сони янада орта бошлаган.