Фракинг услубида нефт ишлаб чиқариш Ўзбекистонга фойда келтирадими?

Image caption Фракинг услубини қўллаб-қувватловчилар ҳам, унга қарши чиққанлар ҳам бор.

Ўзбекистон фракинг услубида нефт ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Россия муҳандислик ширкати ишлаб чиққан технология асосида, мамлакат кеглуси йилдан бошлаб фракинг услубида нефтни ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиши хабар қилинган.

Тошкентда нашр этилувчи "Новый Век" ҳафтаномаси маълумотига кўра, Ўзбекистондаги фракинг нефть заҳираси 47 миллиард тонна миқдоридадир.

Расмий Тошкент янги усули билан мамлакатнинг ёнилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадини кўзламоқда.

"Ўзбекнефтегаз" давлат ширкати фракинг усулида газ ва нефтни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 600 миллион доллар сармоя ажратгани ҳам хабар қилинган.

Фракинг усулига кўра, тошли жисм ёриғига катта босим остида сув, қум ва турли кимёвий моддалар аралашмаси пуркалган пайтда тошли жисмда тиқилиб қолган газлар қудуққа томон йўналтирилади.

Бу амал ҳам вертикал ва ҳам горизонтал пармалаш йўли билан амалга оширилади.

Аммо газ ва нефт масалаларида ўзбекистонлик мутахассисларга кўра, фракинг ҳали тўла ўрганилмаган, янги услуб ҳисобланади.

Бу услуб, мутахассиснинг ишонишича, узоқ муддатли йирик сармоялар ётқизишни тақозо этади.

Газ ва ундан ёнилғи ишлаб чиқаришда "инқилобий" дея таърифланган усулда ҳозирда Қўшма Штатлар ва Канадада фойдаланилмоқда.

Бироқ, бу услубда кўп миқдорда сув талаб этилиши ва ер остида йирик бўшлиқларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли атроф муҳит ҳимоячилари ташвишларини уйғотган.

Бундан ташқари, атроф муҳит ҳимоячиларининг ишонишича, фракингда қўлланиладиган кимёвий моддалар саратон касаллигини келтириб чиқариши, кимёвий моддалар тош ёриғидан атрофга сизиб чиқса ёки сув ости сувларини заҳарлантирса, инсон соғлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Баъзи мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистонда фракинг услубида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ўрнига қуёш энергиясидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида биоёнилғи ишлаб чиқаришга мослаштирилган ўсимликларни етиштиришга кўпроқ эътибор бериш лозим.

Бироқ, фракинг тарафдорлари, янги услуб нефт ишлаб чиқариш даражасини оширишга ёрдам беришини айтадилар.

Тахмин қилинишича, мазкур фракинг ишлаб чиқариш туфайли АҚШ ва Канадада келгуси 100 йил давомида ўз газ ва нефт барқарорлигини таъминлай олган.