Ўзбекистон Uzwebistonda

ОШ тадбири иштирокчиларини милиция “яхши кўради”...

Image caption ОШсевар миршаблар

Жиноятчилик ва қонунбузарликка қарши курашиш асосий вазифаларидан бири бўлган Ўзбекистон милицияси хабарларга кўра, бу гал яна Оммавий Шодлик иштирокчиларини ушлаган...

Қатор ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу йиғинидан мақсад Ўзбекистон конституцияси куни арафасида тинч норозилик амалларини бошлаш бўлган.

Айни тадбирни уюштириш ниятида бўлган «Бирдамлик» ташкилоти ватанпарларга мурожаат қилган ва 5 декабрдан то 8 декабрга қадар тинч норозилик рамзи ўлароқ оқ либос кийиб юришга чақирган.

Тошкентдаги мухбирларга кўра, шаҳар кўчаларида ҳали оммавий оқ кийганлар кўринганича йўқ...

“Чўнтак” партияларнинг раҳбарлари ўзгарди

Image caption Ўзбекистон ҳукумати қўрқадиган мухолифат эса хорижда...

Қатор интернет нашрлари тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистондаги энг йирик сиёсий партиялардан бири Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик-партияси раҳбари ўзгарди.

Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси, Ўзбекистон қаҳрамони Содиқжон Турдиев партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган.

Либерал демократлар партияси ҳам мавжуд ҳукумат сиёсатини сўзсиз дастаклаб келаётган “чўнтак” партиялардан биридир.

Партия бундан ўн йилча аввал тузилган ва ўшанда мухбирларимизга кўра, Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ҳам айни фирқа “етакчилари”дан бири экани ҳақида миш-мишлар урчиган эди.

Ҳукумат чизган чизиқдан адашмай юрадиган яна бир «Адолат» социал-демократик партияси раҳбариятида ҳам ўзгариш юз берган.

Шу кунгача партия Сиёсий кенгаши раиси, партия ижроия қўмитасига раислик қилиб келган Исмоил Саифназаров ўз лавозимидан озод этилган.

Исмоил Саифназаров ўрнига «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси этиб Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Наримон Умаров тайинланган.

Сал аввалроқ, Тошкентда собиқ коммунистлар партиясининг меросхўри саналган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг пленумида партиянинг янги раҳбари этиб, шу пайтга қадар Андижон вилояти ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Ҳотамжон Кетмонов сайланган эди.

“Миллий демократик” партияси ҳам раҳбарини янгилаб олди. Марказий кенгаши пленуми қарори билан Сарвар Отамуродов партиянинг янги раҳбари этиб сайланди.

Ўзбекистон ҳукумати мухолифат партиялар фаолиятига рухсат бермайди.

Шўролар қулаши билан қисқа муддат мамлакат ичкарисида фаолият кўрсатилган мухолифат фирқаларининг раҳбарлари ва фаоллари ё кучли босимлар остида мамлакатни тарк этганлар ва ёки қамоққа отилганлар.

Чиқинди тўлаш учун кредит

Image caption Тошкент чиқиндилардан тозароқ бўлади

Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистонда чиқинди тўплаш жараёнини яхшилаш учун 69 миллион АҚШ долларига тенг кредит ажратмоқчи...

Кредит 20 йилга берилар экан. Шундан 5 йили имтиёзли муддат.

Умумий қиймати 76,2 миллион долларлик лойиҳага мувофиқ Тошкентдаги чиқинди тўпловчи машиналар парки янгиланади, чиқинди тўпловчи 520 та қўриқланадиган майдонча қурилади, 7 мингта 750 литрли контейнерлар қўйилади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати – 4 йил.

Тошкент шаҳри ҳокимияти маълумотига кўра, ҳозирги чиқинди тўплайдиган машиналар “қариб қолишган”...улардан 14 йилдан бери фойдаланиляпти, ваҳоланки, уларнинг эксплуатация муддати ўртача 10 йил.