Гулнора Каримова: Ҳаммаси синглимнинг Би-би-сига интервюсидан бошланди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримоа конституция куни муносабати билан журналист ва партияларга танбеҳ бераётган вақти, унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркияда чоп этиладиган "Ҳуррият" рўзномасига интервю бериш билан машғул эди.

Лекин бу мусоҳибанинг асосий мавзуси охирги вақтларда Твиттер орқали кенг жамоатчиликка ошкор бўлган Ўзбекистондаги раҳбар оилада рўй берган дарз ва Каримова хонимнинг бизнес империясига нималар бўлаётгани ҳақида.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркиянинг катта тиражда чиқадиган кундалик "Ҳуррият" рўзномасига интервю бериб, мамлакатда босимга учраганини айтди, баъзи хорижий ахборот воситаларини ўзининг қийинчиликлари воситасида "қора пиар" қилганликда айблади.

Унинг отаси нега бутунлай унга қарши бўлиб қолгани ҳақидаги саволга, Каримова хоним "отам билан ҳеч қачон уришмаганмиз", дейди. "Ҳаммаси синглимнинг Би-би-сига берган интервюсидан бошланди", дея синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг сентябр ойида Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервюсига ишора қилади.

Гулнора Каримовага кўра, синглисининг интервюдаги гаплари отасининг жуда ғазабини қўзғаган.

Турли маданий тадбирлар ташкил қилиб келган Фонд Форум ва унга боғлиқ қатор оммавий ахборот воситаларининг ёпилиши ҳақида жавоб берар экан, ўзини медиа империя эгаси деб аташ нотўғри бўлишини айтади.

"Мен янги мустақил медиа-тизимни шакллантиришда фаол ишладим", дейди у "Ҳуррият"га.

Фонд Форумнинг тадбирларини ёритиб борган бир нечта телерадиостанциялар молиявий текширувлар орқасидан эфирдан олинган эди.

Каримова хоним босимлар ҳамон давом этаётгани ва улар энди ёш мутахассисларга қаратилганини айтади. У бу ҳақдаги танқидларини Твиттер саҳифасида ҳам кўп бор келтирган эди.

"Ҳар куни бошқа бир ёшлар муаммоларни ҳис қилишмоқда. Бир қанча ёш мутахассислар босимлар остида "ўзлари қилмаган ишга алоқадор сифатида кўрсатма беришга мажбурланганлар. Улар шокдалар. Бир қанча оилалар каби прокуратурадан тўсатдан чақирув қоғози олиб шокка тушганлар".

Каримова хоним бунда Ўзбек махсус хизматларини ноқонуний ишларда айблаган.

Гулнора Каримовага "ўзига яхши бўлишини истаса, "тинч" юришни, ярим йилча фаол бўлмасликни маслаҳат беришган".

У ўзи "мамлакатдан ҳозир чиқариб юбориладиган" ҳолатда эканини, лекин "ҳали ҳам Ўзбекистонда, одамларга ёрдам бераётганлиги"ни айтади интервюсида.

Гулнора Каримова билдиришича, хориж оммавий ахборот воситаларида ўз шахси ва фаолияти ҳақида салбий хабар тарқатиш ва "ҳамма гуноҳларнинг айбдори" қилиб кўрсатишга уринилмоқда. Лекин у мамлакат ичида катта дастакка эгаман, дейди.

Унинг айтишича, "ўзи ишлаган хориж мамлакатлари, жумладан Франция, Швейцарияда "шинам кўчмас мулклари", баъзи пул маблағлари бўлса ҳам, уларда ҳеч бир ноқонунийлик йўқ".

Ўтган йил Швеция ва Швейцарияда унинг бир нечта яқин ҳамкорлари пул ювиш ва порахўрликка оид ишларда гумондор бўлганидан сўнг Гулнора Каримова номи ҳам юзага чиққан эди.

Бу йил Францияда унга тегишли мол-мулк тинтув қилинди.

Твиттерда Ўзбекистондаги юқори лавозимли шахслар ва идораларнинг қаттиқ танқид остига олишининг сабаби ҳақида сўралганда, Каримова хоним "атрофдаги ҳамма нарса абсурд шаклини олганда, дунё билан ошкора боғланишнинг ягона воситаси Твиттер бўлди", деб жавоб берган.

Каримова хоним ўзининг охирги пайтда бир неча марта ёпилиб, қайта пайдо бўлган Твиттер саҳифасида яна фаоллашган.

Президент қизининг нега Россия ёки Оврўпо нашрларига эмас, айнан Туркия газетига интервю бергани ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортган.

Бу мавзуда батафсилроқ