Президент Каримовнинг чорловидан кейин журналистлар жасур бўлиб қоладими?

Президент Каримов бундан олдин ҳам журналистларни дадилликка чорлаган
Image caption Президент Каримов бундан олдин ҳам журналистларни дадилликка чорлаган

Конституция куни муносабти билан маъруза қилган Президент Ислом Каримов журналистлар мавзусини яна тилга олиб ўтган.

Каримов журналистларни дадилликка чорлади. Ислом Каримов душман топаман деб қўрқувчи журналистларни бошқа иш топишга ундаган.

Ўзбекистон давлат раҳбарининг журналистларни жасурликка чорловчи гаплари олдин ҳам бўлган. Бироқ Ўзбекистон сўз эркинлигини чекловчи давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ислом Каримов бир неча маротаба маърузасида ёзилганлардан четга чиқиб бошқа муаммоларга ҳам эътибор қаратган.

Каримов залда ўтирганларга қарата "Назорат қилувчи органлар сони қанчалик кўп бўлса, шунча кўп қонунбузарликлар бўлади. Ишлайдиган битта, назорат қилувчи иккита бўлса, тартиб бўлмайди", - деган.

Кейин у ушбу муаммоларни кўтариши керак бўлган журналистларга ҳам мурожаат қилган.

"Шуни ёзсам ўзимга душман топаман, деб ўйлайдиган журналистларга бошқа иш топинглар, деган бўлардим", - деган Ислом Каримов.

Мустақил журналист Нодир Бекнинг билдиришича, Ўзбекистон шароитида журналистлар учун душман топиш осон иш.

“Душман топиш масаласига келадиган бўлсак, албатта душман топилади. Бирор танқидий чиқиш қилинган тақдирда, у хоҳ давлат ташкилоти томонидан бўлсин ёки жисмоний шахслар томонидан бўлсин барибир топилади”.

Самарқандлик журналист ва блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев Ислом Каримов томонидан бу каби мурожаатлар олдин ҳам бўлганини айтади. Бироқ очиқ ойдин ёзадиган журналистлар пайдо бўлмаган.

“Кичикроқ муаммо бўладиган бўлса ҳеч нарса эмас. Аммо каттароқ, мисол учун, вилоят, шаҳар ёки туман миқёсидаги биринчи раҳбарнинг йўл қўяётган камчиликлари ёки улар билан боғлиқ камчиликларни ёзсангиз, албатта, тинч қўйишмайди. Мен бунга кўп марта гувоҳи бўлганман,” – дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Ўзбекистонда цензура расман тугатилган бўлса-да, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тимсолида сақланиб қолганилиги таъкидланади. Агентлик муассис ва муҳарририларни ўз биносига тез тез чақириб туриши ва сиёсатга тўғри келмайдиган материаллар юзасидан босимлар ўтказиб туриши айтилади.

“Мен фаолиятим давомида бевосита бир неча бор гувоҳи бўлганман. Шахсан ўзимга ҳам матбуот агентлигидан айтишган. Унақа нарсалар ёзма, бунақа нарса ёз деб, кўрсатмалар беришган,” – дейди Нодир Бек.

Тошпўлат Раҳматуллаев журналист, нашриёт ва муассисларга босим юқоридан бўлаётганини таъкидлайди.

“Юқоридагилар мақолани ўтказмади, деяпти. Мен юқоригилар кимлигини билмайман, лекин бош муҳаррирларнинг мана шундай қўрқиши, таъсисчиларнинг қўрқиб юрагини ҳовучлаб юриши, кимларгадур тепадагиларнинг тазйиқ ўтказиши ОАВ ҳозирги даражага келтириб қўйибди-да”.

Раҳматуллаевнинг Ўзбекистондаги муаммоларни ҳам ёритиб турувчи интернетдаги блоги 1 ойдан ошиқ Ўзбекистонда очилмайди.

Раҳматуллаев бир ой олдин коллеж талабасининг ноҳақ пахтага чиқарилаётгани ва бу нарсага қонунчиликда кўрсатилган ҳуқуқларни асос қилиб чек қўйгани ҳақида ёзганди.

Ўзбекистонда цензура шу даражага чиққанки, кўнгилочар ва тиббиёт соҳасидаги газеталар ҳам доимий назорат остида туради. Тошкентдаги бир газета муҳаррирининг айтишича, у чоп қиладиган газетада тиббиётга алоқадор ҳадислар чиқарилган.

Ушбу ҳадис учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги у ва муассисни чақириб газетада ҳадисларни чоп этмасликни ва бунинг ўрнига Ибн Синонинг китобидан тавсиялар бериш кераклигини уқтирган.

Мустақил Журналист Нодир Бек цензура борасида ёлғон ахборот берилаётганини айтади.

“Энг ёмон ёлғон – бу ёлғон гапириб туриб шу ёлғонга ўзини ва атрофдагиларни ишонтиришга ҳаракат қилиш. Биз Ўзбекистонда цензура йўқ, деб ҳар қанча инкор қилмайлик, бу ёлғон бўлади”.

Нодир Бекка кўра цензура бошқа жойда ҳам бўлиши мумкин, аммо унинг даражаси Ўзбекистонда ўта абгор ҳолатда.

Кузатувчилар Ислом Каримов журналистларни минбардан туриб жасурликка чақиргани билан вазият ўзгариб қолмаслигини таъкидлашади.

Чунки, матбуот учун ўта ёпиқ бўлган президентнинг ўзи уни чекловчи раҳбарлардан деб билинади.