Ўзбекистон ҳақида Uzwebiston

Россиядаги ноқонуний муҳожирларнинг ҳар тўрттадан биттаси – ўзбекистонлик

Image caption Россиядаги ўзбек муҳожири кимни уялтиради?

Ахборот дунёси билан хайрлашаётган “РИА Новости” агентлигига кўра, Россия ҳудудида 3,5 миллион нафарга яқин ноқонуний муҳожир бор.

Мулозимларга кўра, ҳар куни ўртача 3 минг нафарга яқин ноқонуний муҳожирнинг Россияга кириш ҳуқуқи автоматик тарзда бекор бўлмоқда.

Бугунги кунга келиб қарийб ярим миллион чет эл фуқароси Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрумдир.

Қизиғи, айрим веб саҳифалар ноқонуний муҳожирларнинг аксарияти, қарийб бир миллиони ўзбекистонликлар, яна ярим миллионига яқини эса тожикистонликлар эканини айтишмоқда.

Бу бир пайтлар «азамат ўлкада” яшаётган 10 миллиондан ортиқроқ хорижий фуқароларнинг 23 фоизи ўзбекистонликлар экан.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таъбирича, “дангаса” меҳнат муҳожирлари президентни “уялтириб” кўча супуришади ва бошқа оғир меҳнатлар билан банд бўлиб биргина 2012 йилда ватанга қарийб 6 миллиард АҚШ доллари жўнатишади...

Ватанда қолганлар эса... “Зарафшон” газетига кўра, айрим кам таъминланган оилалар “боқимандалик кайфиятидан воз кечиши қийин бўлаётган экан”.

Image caption "Боқиманда"ларнинг мардикор бозори

Самарқандда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам берилгач, уларнинг айримлари бу беминнат ёрдамдан нотўғри фойдаланишаётгани, яъни, боқимандалик кайфиятидан воз кечиша олмаётгани “Обод турмуш йили” ҳудудий дастури ижросини таъминлашдаги камчиликлардан бири эканлиги айтиб ўтилди. Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси хабар тарқатган.

Вилоят ҳокимиятида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид ўтказилган матбуот йиғинида журналистларга дастур ижроси бўйича маълумотлар берилган.

Айни бир пайтда бу борада кузатилаётган айрим камчиликларга ҳам уларнинг эътибори қаратилган. “Хусусан, кам таъминланган, оилаларга моддий ёрдам берилгач, уларнинг айримлари бу беминнат ёрдамдан нотўғри фойдаланишаяпти. Яъни, боқимандалик кайфиятидан воз кечиша олмаяпти”, — деб ёзади нашр.

Маҳаллий журналистлар фикрича, ўз вазифасини бажара олмайдиган раҳбарларнинг аҳолининг ўзини айблаши тез-тез учрайдиган ҳолга айланиб бораётир.

...Тошкентда эса пули борлар Янги йил базмига тайёргарликни бошлаб юборишган

Image caption Ленин бобонинг "Янги йилини" қандай нишонлаймиз?

2014 йил яқинлашган сари Ўзбекистон пойтахтидаги кўплаб ташкилот ва ишхоналарда янги йил кечасини жамоат бўлиб ўтказиш борасида бош қотиришлар кўпаяётган экан.

Кимдир ўз ишхонасида байрам ўтиришларини уюштиришни маъқул кўрмоқда.

Кимлардир эса янги йил базмини бирон-бир ресторан ё кафеда нишонламасликни тасаввур ҳам қила олишмайди.

Лекин пулига чидаганлар дабдабали зиёфатларда қатнаша олишармиш.

Энг арзон зиёфатда қатнашиш бир киши учун 52 минг сўмга тушса, энг қиммат янги йил кутиш 320 минг сўмга тушар экан.

Айтгандай, mezon.uzда келтирилган ресторан ва кафелар рўйхатига кўра, янги йил яқинлашган сари зиёфатда қатнашиш пули ҳам кўпайиб борар экан.