“Даракчи” ва “Сўғдиёна” сотувга чиқмагани ортидан бошқа нашрларнинг адади кўтарилиб кетган

"Даракчи" сайти ҳам фаолият юритмаяпти
Image caption "Даракчи" сайти ҳам фаолият юритмаяпти

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, “Даракчи” ва “Сўғдиёна” газеталари чоршанба куни сотувга чиқмаган. “Даракчи”нинг веб саҳифасида эса вақтинча ишламаяпти деган ёзув чиқаяпти ва фаолияти тўхтаб қолган.

Би-би-си “Даракчи” газетаси қабулхонаси билан боғланганда гўшакни кўтарган қиз ҳеч қандай маълумот беролмаслини билдирди.

Шоу бизнес оламидаги shov-shuv.uz сайти “Даракчи” газетаси таҳририяти ходимлари навбатдан ташқари таътилга чиқарилгани ҳақида ёзган.

Ўзбек ва рус тилларида алоҳида чиқувчи “Даракчи” ҳамда “Сўғдиёна” газеталари “Darakchi Media Press” нашриёт уйи томонидан чоп этилган ва Гулнора Каримованинг яқин одами бўлган Фирдавс Абдуҳолиқовга тегишли бўлган.

Президент тўнғич қизининг медия империясида текширишлар бошланиб бир неча теле ва радио каналлари фаолияти тўхтатилгач,унинг яқин ҳамкори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг бизнеси устида ҳам қора булутлар айлана бошланди.

Октябр ойининг сўнгги кунларида Абдуҳолиқовга тегишли СТВ телеканали эфирлардан ўчиб қолди.

Унга тегишли бўлган газеталарнинг ҳам ёпилиши ҳақидаги миш мишлар шу вақтгача рад этиб келинди. Бироқ 11 декабр куни “Даракчи”, ва “Сўғдиёна” газеталарининг чиқмай қолиши ушбу миш мишларни тасдиқлагандек.

“Даракчи” газетаси илк бор 1999 йил 21 март дан бошлаб чоп этила бошлаган. Сариқ матбуот дея талқин қилинувчи ушбу рўзнома тез орада оммавийлашиб адади 300 минг донагача чиқиб кетган.

Кузатувчилар кўра, кейинчалик газетанинг ичидаги айрим муаммолар сабаб ушбу тираж тушиб кетган бўлсада, “Даракчи” барибир ҳам Ўзбекистондаги энг йирик тиражли газета бўлиб қолаверган.

“Даракчи” нашриёт уйида жами бўлиб 500 га яқин ходим ишлаши айтилади. Шундан икки юзга яқини кўзи ожизлар бўлиб, улар газетани тахлаш билан шуғулланган.

Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум бўлиб турибди. Газетага яқин манбааларнинг айтишича, раҳбарият ходимларга янги йилгача кутишни ва кейин рўзноманинг фаолиятига аниқлик киритилиши мумкинлигини билдирган.

“Даракчи” ва “Сўғдиёна” сотувга чиқмаслиги ортидан бошқа газеталарга талаб ортиб кетган.

“Эрудит Спорт” газетасининг ходими Усмон Ибодовнинг твиттерда ёзишича, газетанинг тиражи рекорд даражада кўтарилиб кетган.

“Эрталабдан, хурсанд қилишди реализаторларимиз. «Эрудит Спорт» 16 200 тиражга чиқди! Бу рекордимиз! Умуман, газеталаримиздан «Бекажон» ва русча «Леди» нашрлари эса рекорд даражада кўтарилибди! Вперед!!!”, - деган Усмон Ибодов.