Ўзбекистон: Гўзаллик салонларининг етишмаслиги қишлоқ аёлларининг асосий муаммосими?

Президент Ислом Каримовнинг Конституция куни муносабати билан қилган маърузасидаги эътиборга молик нуқта бу аёллар мавзуси бўлди. Президент ҳар гапирганда аёллар мавзусини четлаб ўтолмаслигини айтган. У қишлоқ жойларда гўзаллик салонларини кўпайтиришни илтимос қилди. Би-би-си қишлоқ жойларида гўзаллик салони билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди. Президент гўзаллик салонлар борасида бироз адашган кўринади.

Президент Ислом Каримов маърузасининг охирги қисмларида аёллар мавзусини кўтарди. Аёлларни гапирмасдан ўтиб кетолмаслигини билдирди.

Тасвирчи ушбу гапларни мамнуният ва жилмайиш билан қабул қилган аёлларни йирик планда кўрсатди. Каримов Фарғона шаҳар Хотин қизлар қўмитаси раҳбаридан ҳурсандлигини, шаҳарда гўзаллик салонларини кўпайтирганини мақтаб ўтди. У қишлоқ жойларида ҳам гўзаллик салонларини кўпайтиришни сўради.

"Гўзаллик салонларини қишлоқда кўпайтиринглар. Бунга кўп пул кетмайди, лекин буни Президентнинг илтимоси деб қабул қилинглар," - деди Ислом Каримов.

Би-би-си гўзаллик салонлари билан боғлиқ вазиятни билиш учун Ғаллаорол туманидаги бир аёл билан боғланди. “Баркамол авлод” болалар марказида тўгарак раҳбари бўлиб ишловчи Лола Эшонқулованинг айтишича, у яшаб турган жойда гўзаллик салони билан боғлиқ муаммо йўқ.

“Уйимнинг икки томонида 3 чақирим жойда гўзаллик салони бор. Икки томонга юрсам ҳам гўзаллик салони. Биз ундан фойдаланамиз. Яхши-да, аёллар қошини тердиради, бир ойда бир марта сочларимизни қисқартириб ўзимизга қараймиз. Ҳамма шундай. Аёллар шу нарсага мослашиб қолган”.

Лола Эшонқулованинг қўшимча қилишича, нархлар борасида ҳам бу туманда шаҳарларга қараганда анча ҳамёнбоп.

“Шаҳарларга қараганда, бизда яхши. Масалан уч минг сўмга сочимизни қисқартирамиз. Минг сўмга қошимизни териб, бўяб қўяди. Биз ортиқча зеб қилмаймиз. Сочимизни кузатиб қошимизни тердирамиз, бўлди”.

Пахтакор туманидаги ширкат хўжаликларининг бирида истиқомат қилувчи Умида опа у яшаб турган жойда уйларнинг бирида хусусий гўзаллик салони борлигини айтади. Нархлар ҳам аксари ишсиз бўлган ушбу ширкат хўжалиги аёлларининг ҳамёнига мослашган.

“Қиммат эмас, нархлар шароитимизга мос. Масалан, шаҳар жойларда қиммат. Ойда бир марта бораман, тўй маракалардан олдин бориб хизматидан фойдаланаман”.

Умида опанинг айтишича, олдин ушбу ширкат хўжалигида бундай гўзаллик салонлари бўлмаган. Кейинчалик аёлларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб хусусий тадбиркор томонидан очилган.

Самарқанднинг Пастдарғом тумани “Гўзалкент” поселкасидан уй бекасининг айтишича, поселка газлаштирилмаган, чироқ ўчиб туради. Қишлоқ аҳолиси фақат қишлоқ хўжалиги билан банд. Эркаклар иш излаб Россияга кетган. Аммо шундай бўлса ҳам қишлоқда гўзаллик салони борасида муаммо йўқ.

“Битта ёки иккита салон бор. Салон тўйхонанинг олдида. Аммо ўзим бормайман, бориш ёшидан ўтганмиз. Қизлар ва келинлар боради,” – дейди 50 ёшли уй бекаси.

Чекка чекка қишлоқларга ҳам қўнғироқ қилиб шунга амин бўлдикки, аёлларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб гўзаллик салонлари деярли кўпчилик жойда фаолият юритади. Хусусий бизнес бўлган бу йўналиш давлатнинг эътиборисиз ҳам ўз кучи билан ривожланмоқда.

Суҳбатдош аёлларимиз уларни гўзаллик салони йўқлиги каби муаммолар ўйлантирмаётганини, балки бошқа қилиниши керак бўлган ишлар бисёрлигини айтишди.

Жиззахлик аёл суҳбатдошимиз, унинг учун энг биринчи ўринда мактаб ва боғчалар муҳимлигини айтади.

“Мен учун биринчи ўринда мактаб ва боғчалар туради. Ўсиб келаётган ёш авлодларимиз уйда ўтирмасдан ёки кўчада юрмасдан боғча, мактаб ва мусиқа мактабларида юришини истайман. Гўзаллик салонларини иккинчи ўринга қўяман”.

Туманларнинг бирида истиқомат қилувчи Насиба гўзаллик салонида ишлайди. У яшаб турган жойда гўзаллик салонлари етарли эканлигини ва рақобат катта эканлигини айтади. Бироқ фарзандлари учун ўйнайдиган майдончалар қуриш борасида эътибор йўқ.

“Биз кичик шаҳарда яшаймиз, лекин шаҳримизда болалар ўйнайдиган майдонча йўқ. Аёл ва она сифатида шунақа майдонча бўлишини истайман. Спорт секциялари, болалар борадиган жойлар йўқ, улар мактабдан кейин бекор юради. Банд бўлишини хоҳлайман”.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова қишлоқ аёлларини ўйлантираётган муаммо бу гўзаллик салонлари эмаслигини айтади.

“Қизлар, келинчак ва аёлларни асосан иш муаммоси қийнайди. Масалан, эркак киши бозорга чиқиб ишлаши, мардикорчилик қилиши, кимнингдир ерини ағдариши, уйини таъмирлаши мумкин. Лекин аёллар бунақа ишларни қилолмайди. Бизни асосан ишсизлик қийнайди, холос”.