"Россияда боласини туғиб, ташлаб кетаётган муҳожир аёллар кўп"

Image caption Шоира Улашева воқеасидан кейин Ўзбек муҳожир аёлларига тиббий ёрдам олиш қийинлашиши мумкин, дейди Ўзбек жамоаси вакили.

Москвадаги "Муҳожирлар билан ишлаш маркази"га кўра, муҳожирларнинг яшаш, иш топиш, иш ҳақини ололмаслик муаммолари қаторига ҳозир Марказий Осиёдан келган кўплаб муҳожир аёлларнинг боласини ташлаб, сотиб, никоҳсиз туғиш ҳолатлари ҳам қўшилган.

Айниқса, ўзбекистонлик Шоира Улашеванинг шов-шувли воқеасидан сўнг, муҳожир ҳомиладор аёлларнинг ҳужжатлари қаттиқроқ текшира бошланган.

Маҳкама ўзбекистонлик муҳожир аёл Шоира Улашевани ватанига депортация қилиш учун учун қарор чиқарган бўлсада, у ёш боласи билан ҳали ҳам Россияда қолмоқда.

Ўтган ой Владивостокдаги 1-туғруқхонага ҳужжатлари йўқлиги боис дастлаб қабул қилинмаган муҳожир аёл учун туғруқхона ҳақини "Адолат" Ўзбек жамоаси тўламаслигини билдирган.

"Биз бошида Шоира Улашева учун кетган харажатларни туғруқхонага тўлашимизни айтган бўлсакда, энди бундай қилишдан атайин воз кечдик. Чунки аёлнинг бизга айтишича, унга туғруқхонада қўпол муносабатда бўлишган", дейди Ўзбеклар жамоаси вакили.

Бунинг ўрнига Шоира Улашева ва унинг уч боласига Ўзбекистонга қайтиб кетиш чиптаси сотиб олинди. Владивосток маҳкамаси яна 15 кун муҳлат берганди. 14 декабрда улар кетишади, эри қолади. Эрининг қонуний ишлаш ҳуқуқи бор, деб айтди "Адолат" ташкилоти раҳбари Баҳодир Нураков.

Ноябрнинг охирида Россиянинг Приморье ўлкаси Ҳакамлар ҳайъати Федерал хизматидан Би-би-сига маълум қилишларича, ўз вақтида Россия ҳудудини тарк этмагани учун Шоира Улашевани депортация қилиш иши маҳкамада кўрилаётган вақтда ўзбекистонлик аёл чақалоғи ўзини ёмон ҳис қилаётгани ва ўзининг қорнида оғриқ борлиги ҳақида айтган.

Маҳкамадан Шоира Улашева ва унинг эмизикли боласини "Тез тиббий ёрдам" машинаси Владивосток шаҳрининг болалар шифохонасига олиб кетган.

Приморьедаги Ўзбек жамоаси бундай буён тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ўзбекистонлик аёлларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинмаслигидан хавотирда.

Москвадаги "Муҳожирлик маркази" ходими Юлдуз Аминованинг айтишича Шоира Улашеванинг воқеаси бошқа аёлларга ҳам албатта таъсир қилади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тиббий ёрдам сифати бўйича мустақил экспертиза марказининг директори Татяна Волохович тўлғоқ тутган аёлни ҳужжатсиз ҳам қабул қилиниши шартлигини билдиради.

Шу билан бирга, аёл ва бола ҳаёти хавф бартараф этилгач, тиббий муассаса хизмат ҳақини талаб қилишга ҳақли, деб айтган Волохович ўзбекистонлик аёл айнан шундай пайтда туғруқхонани тарк этганлигини қайд этаркан.

Айни пайтда она ва боланинг ҳаёти хавф остида эмаслигини аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас.

Муҳожир аёл ўзига шошилинч ёрдам кўрсатилмаганлик ҳақида шикоят қилиши мумкин.

Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож мижозга керакли ҳужжатсиз ҳам ёрдам кўрсатиш кераклиги Владивостокдаги 1- туғруқхона расмий сайтида ҳам кўрсатилган.

"Туғруқнинг ўзи шошилинч ёрдам хизматига киради. Лекин мамлакатда ноқонуний яшаган аёлнинг бу ишда бир натижага эришиши муаммо бўлади", дейди москвадаги муҳожирлар билан ишлаш маркази ходими Юлдуз Аминова

Муҳожирлик хизматига кўра, 2011 йилда Россияга ҳужжатсиз келган аёл белгиланган 90 кун ичида ватанига қайтиб кетмай, ўзи қонунни бузган.

Юлдуз Аминованинг айтишича, хомиладор бўлиш айб эмас, лекин муҳожирларнинг яшаш, иш топиш, иш ҳақини ололмаслик муаммолари қаторига ҳозир Марказий Осиёдан келган кўплаб муҳожир аёлларнинг боласини ташлаб, сотиб, никоҳсиз туғиб кетиш ҳолатлари ҳам кўп учраётгани жуда ачинарли, аянчли, оқибати жуда ташвишли ҳол.

Бу мавзуда батафсилроқ