Ички ишлар вазири Матлубов лавозимидан бўшатилди

Image caption Баҳодир Матлубов Ички Ишлар вазирлигига етти йил раҳбарлик қилди

Ўзбекистон президенти фармойиши билан Ички Ишлар Вазири Баҳодир Матлубов лавозимидан бўшатилган. Бу ҳақида ўзбек ҳукуматига яқин 12uz.com интернет саҳифаси хабар тарқатди.

Баҳодир Матлубов 2006 йил январидан бери лавозимни эгаллаб келаётганди.

Президент фармойиши билан унинг ўрнига унинг муовини - милиция генерал-майори Адҳамжон Аҳмадбоев тайинланган.

Бошқа қарор билан Тошкент Ички Ишлар Бошқармаси раҳбари Мирсамат Одилов Ички Ишлар Вазирининг биринчи муовини этиб тайинланган.

"Ислоҳотлар олиб борилмади"

Баҳодир Матлубовнинг нима учун вазир лавозимидан четлатилгани борасида бирон расмий сабаб келтирилмаяпти.

Ўзбекистондаги кузатувчиларга кўра, жаноб Матлубов ўз саломатлиги ваъжи билан бир неча лавозимдан бўшатилишини сўраб Президент Ислом Каримовга ариза топширган, бироқ бу аризалари қондирилмаганди.

Матлубов вазирликни собиқ мубоҳасали вазир Зокиржон Алматовдан меърос қилиб олганди.

Алматов 2005 йил майида Андижонда тинч намойишчиларни отишга тўғридан-тўғри буйруқ бериш айбловлари манзарасида лавозимдан олинганди. Унинг ишдан кетишига саломатлиги ёмонлашгани сабаб қилиб кўрсатилган.

2006 йилда Баҳодир Матлубов нуфузи ва аҳамияти жиҳатидан бироз сусайган вазирликни меърос қилиб олди. Андижон воқеалари ортидан Чегара қўшинлари устидан назорат Ички ишлар вазирлигидан Миллий Хавфсизлик Хизмати қўлига берилганди.

Ўз фаолияти доирасида Ички ишлар вазирлиги билан тез-тез тўқнашиб келадиган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, Баҳодир Матлубовнинг фаолияти Ўзбекистондаги раҳбариятни қониқтириб келаётганди.

Бироқ, унга кўра, Андижон воқеалари ортидан Матлубов милициянинг имиджини яхшилашнинг уддасидан чиқа олмади.

"Матлубов пайтида вазирлик ичида Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқарма ташкил қилинди. У биронта иш қилмади, балки бошқармалигича қолаверди. Унга бир неча катта зобитлар жалб этилди, лекин ким мурожаат қилмасин, жабрланганларга биронта ёрдам берилмади. Ҳибсхоналарда қийноқлар давом этаверди, милиционерларнинг қонунбузарлиги ва қўполлиги ҳақида шикоятлар давом этди," - дейди фаол.

Икромовнинг фикрича, Ички ишлар вазирлиги ваколатларининг ўта кенглиги, хусусан паспорт ва виза бериш, қамоқхоналар устидан назоратни олиб бориш каби ваколатлар, унинг ходимлари ва раҳбариятига ҳаддан зиёд босим қўйиб, унинг аҳоли осойишталигини сақлаш каби асл вазифасидан чалғитади.

"Унинг бўшатилишига сабаб дея Матлубов Ички ишлар вазирлигида ислоҳотларни амалга оширмагани ҳам кўрсатилиши мумкин. Ҳеч қандай ислоҳотлар ўтказилмади. Ахир бу жуда ҳам катта вазирлик. Буларнинг сонини ҳам шу вақтгача аниқ ҳеч ким айтолмайди, лекин менинг билишимча, ходимлари сони 200 мингдан ошиқ одам. Ислоҳот бўлиши керак эди. Бу одам Ички ишлар вазирлиги борасида қонун чиқарилишига ҳам интилмади. Ички ишлар вазирлиги шундай нозик соҳаки, у қонунсиз ишламаслиги керак," - дейди фаол.