Чегара билмас мухбирлар: "2013 йилда 71 журналист ҳалок бўлган"

Image caption Чегара Билмас Мухбирларга кўра, Яқин Шарқ журналистлар учун энг хавфли жой бўлиб қолмоқда

Париждаги Чегара Билмас Мухбирлар халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 2013 йилда ўз вазифасини бажариш пайти 71 журналист ҳалок бўлган.

Бу йил Осиёдан 24 нафар, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан 23 журналист касби туфайли ўлдирилган. Уларнинг аксарияти, яъни 96 фоизи эркаклардир.

Қурбон бўлган журналистларнинг аксари араб давлатларидаги воқеалар ва сиёсий вазиятни ёритаётган бўлган.

Сурия, Сомали, Покистон ва Мали оммавий ахборот воситалари ходимлари учун энг хавфли мамлакатлар сифатида ўз ўрнида қолган.

Шунингдек 2013 йилда мухбирларни ўғирлаш ҳолатлари кўпайган.

"Бризилия баҳори" намойишларида журналистларга зўравонлик бўйича 100 ҳолат қайд этилган.

Шунингдек Миср, Ироқ, Ливия, Гвинея, Ҳиндистон ва Бангладешда журналистлар турли сиёсий, маиший муаммоларнинг қурбони бўлишган.

Сурияда 49, Ливияда 14 журналист ўғирланган.

Бу минтақада хориж журналистлари " Жабҳат ал-Нусра" ва "Ислом давлати" исёнчи гуруҳларнинг асосий нишонига айланишган.

Бундан ташқари кўп сонли журналистларга босим ва таҳдидлар бўлгани боис ватанини тарк этишига тўғри келган.

Суриядан 31 мухбир қўшни мамлакатларга кетишга мажбур бўлган.

Мўътадил исломий Ҳасан Руҳонийнинг Эрон Президенти бўлиб сайланиши ва унинг ислоҳотлар борасидаги ваъдаларига қарамасдан мамлакатдан 12 журналист ҳукумат тақибидан қочиб чиққан.

"Хитой, Эрон, Туркия ва Эритрея матбуот учун энг йирик қамоқхоналар бўлиб қолмоқда," - дея таъкидланади баёнотда.

Туркия, Эрон, Хитой, Эритрия, Сурия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Бангладеш, Миср ва Вьетнам журналистлар энг кўп қамалган мамлакатлар ўнлигига киритилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти касбий фаолияти туфайли қамалиб, қийноқларга тутилган журналистларни озод қилишга чақирган.

Жумладан, Ўзбекистонда Юсуф Рўзимуродов, Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Хайрулла Ҳамидов, Ботирбек Эшқўзиев, Равшанбек Вафоевлар эркин фикрга тоқат қилмайдиган ҳукумат томонидан сохта айбловлар билан узоқ йилларга қамалган. Буларнинг орасида "Эрк" партияси аъзолари Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжон қамалганига 15 йил тўлади.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига уларни озод қилишни сўраб мурожаат қилиб келмоқда.

2013 йилда журналистларни касби учун қамаган мамлакатлар қаторига Иордания, Россия, Қувайт, Македония, Конго, ва АҚШ ҳам кирган.

Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2013 йилда жами 71 профессионал журналист, 31 блоггер ва фаол ҳалок бўлган.

178 таси турмага ташланган, 87 таси ўғирланган, 2160 тасига ҳужум қилинган. Айни пайтда 826 журналист қамоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти профессионал фаолияти туфайли тутқунликда қолаётган ва ўлдирилган журналистлар ҳақидаги тўлиқ ҳисоботини 2013 йил 30 декабрда эълон қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ