Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Швецариядаги уйини "ишғол қилди"

Image caption Сафар Бекжон Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган уй қаршисида

Швейцарияда истиқомат қилаётган сиёсий фаол Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Женевадаги уйига кириб олган.

Сафар Бекжон бир неча миллион долларлик деб ишониладиган виллани "ишғол қилиш" қарорини шундай изоҳлайди:

"23 декабр куни биз Гулнора Каримовага оид бўлган ва устидан жиноий иш очилган виллага кирдик. Вақтинча ишғол қилдик бу виллани. Чунки, Гулнора Каримова терговга келмаяпти, бу уйнинг қонуний эканлигини исбот қилиб беролмаяпти, бу ердаги пулларнинг тўғри-нотўғрилигини исботлаб беролмаяпти, келсин, биз учун ҳам, Швецария учун ҳам келсин. Чунки, бизни бу ердан чиқариш учун судга бериши керак. Бу бир. Иккинчидан бу жараёнлар ёпиқ эшиклар ортида бўлмаслиги керак. Ўзбек жамияти ҳам, халқаро жамият ҳам билиши керак буни. Агар биз бу ишни қилмасак, ҳеч ким билмайди бу ишни, Твиттер шоу бўлиб қолаверади. Биз ҳақиқий терговлар ва ҳақиқий сиёсий жараён бўлишини истаймиз", дейди Сафар Бекжон Би-би-си билан суҳбатда.

"Ўзбекистон демократик жамғармаси" раиси Сафар Бекжоннинг айтишича, Гулнора Каримованинг Женева кантони, 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги вилласи қурилиши тўла битказилмаган ва сўнгги пайтлар қаровсиз қолган эди. У бинодан жамғарма фаолияти учун фойдаланиш мақсадида эканини айтади.

"Халқнинг мулки - бу, халққа хизмат қиладиган демократик ташкилот - бизнинг ташкилотимиз бундан фойдаланади. Токи, Гулнора Каримова биз билан судлашгунга қадар...Сиёсий ва маданий тадбирлар ўтказамиз", дейди у.

Сафар Бекжонга кўра, қаровсиз уйга кириб олиш қонунга зид эмас, уй эгаси уни фақат маҳкама орқалигина чиқариб юбориши мумкин.

"Узоқ муддат мобайнида ҳеч ким яшамаётган, дипломатик мақоми бўлмаганлиги учун мен ишғол қилишга ҳаққим бор. Ва мени суд билан чиқаришлари мумкин. Суд билан чиқаришлари учун бу уйнинг қонуний эканлигини, қонуний пулга олинганлигини исбот қилиб беришлари керак", дейди Сафар Бекжон.

Image caption Тўрт қаватлик уйнинг фақат икки қавати қуриб битказилгани айтилади

Би-би-си ҳодиса юзасидан изоҳ сўраб Женева полиция хизматига мурожаат қилди ва полиция шахсий манзил бўлгани учун ҳодисани на тасдиқлай олиши ва на инкор қилишини билдирди.

Аммо, полиция матбуот хизмати ходими Сильван Гийом Жантел (Silvain Guillaume-Gentil)нинг айтишича, Швецарияда қаровсиз уйларни ишғол қилиш бўйича қонуний чоралар мавжуд.

Рейдлар

Швейцария Конфедерация Прокуратураси август ойи охирида Женевадаги тўрт манзилда тинтув ўтказилганлигини тасдиқлаганди.

Прокуратуранинг Би-би-сига маълум қилишича, 2012 йили бошланган жиноий текширув иши бўйича Федерал Жиноий Полиция бошқармаси Женева Полицияси билан ҳамкорликда тинтув амалиётини амалга оширган.

Бизга берилган расмий хабарга кўра, бу жиноий тергов тўрт Ўзбекистон фуқаросига қарши очилган иш доирасидадир.

Айни вақтда Би-би-сининг ишончли манбалари тинтув ўтказилган уйлардан бири Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли вилла эканини айтишганди.

Шу йилнинг 1 март куни эса, Женевага инсон ҳуқуқларига бағишланган филм фестивалида иштирок этиш учун ташриф буюрган Мўътабар Тожибоева ҳамда яна бир неча фаоллар Гулнора Каримованинг бадавлат мавзелардан бири Колоньяда жойлашган айни уйини кўришга боришганди.

Улар шу тариқа Ўзбекистон Президентининг қизи қандай дабдабали ҳаёт кечиришига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи бўлишганини айтишганди.

Гулнора Каримова уларнинг ҳаракатларини ўзини ёмонотлиқ қилишга қаратилган кампания бир қисми, дея қоралаган.

Шу йилнинг 17 ва 18 июн кунлари эса, Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилгани хабар берилганди.

Франсуз полицияси ушбу тинтувни Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амалга оширгани айтилганди.

Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.

Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".

Бу мавзуда батафсилроқ