Хитойнинг 15 миллиард долларлик ёрдамига йўл очган битим кучга кирган

Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати нашри бўлган "Халқ сўзи - Народное слово" рўзномаларида Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида шу йил сентябрида имзоланган келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонун матнлари эълон қилинган.

"Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини ратификация қилиш ҳақида"ги қонунни Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси 29 ноябрда, Сенат эса 13 декабрда маъқуллагани ҳақида хабар қилинган.

23 декабр куни Президент Ислом Каримов қонунни имзолаганидан кейин бу келишув кучга кирган.

Шу йил сентябрида Хитой Президенти Ши Жинпинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилган ва Хитойнинг минтақа мамлакатларига катта ёрдамларини кўзда тутган келишувларни имзолаган эди.

Ўшанда Хитой минтақа мамлакатлари иқтисодига 75 миллиард АҚШ долларига тенг сармоя йўналтириш ниятида эканини эълон қилган.

Туркманистон ва Қозоғистоннинг ҳар бири билан 30 миллиард долларлик битимлар имзоланган.

Ўзбекистонда ҳам ҳукуматлар ўртасижа жами 15 миллиард доллардан зиёд деб кўрилган 31 ҳужжат имзолангани хабар қилинган.

Шундан 7 миллиард 700 миллиони молиявий ресурслар бўлиб, шартномалар илм-фан ва техника йўналишларида ҳамкорлик, нефт ва газ шериклигини янада кенгайтириш, иссиқлик ва электр қуввати саноатларига сармояларни назарда тутгани айтилган.

Тошкентда Президент Ши Жинпинг билан учрашган Президент Ислом Каримов Хитойни Ўзбекистон ички ишларига аралашмаётгани учун мақтаган.

Шундан кейин жаноб Каримов Хитой раҳбарига Самарқанд саёҳатида ҳамроҳлик қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ