Мўътабар Тожибоева: Гулнора ўз хатоларини тушуниб етган

Image caption Гулнора Каримова ўзи учун "дунё ағдар-тўнтар бўлгани" ва "қарашлари тубдан ўзгаргани"ни айтган

Францияда яшаётган таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева Гулнора Каримованинг Твиттерда эълон қилган мактуби ўзи учун "ёқимли" бўлганини айтди.

Унга кўра, мактуб Гулнора Каримова "ўз хатоларини тушуниб етгани ва Ўзбекистондаги фуқаро жамияти юз тутган муаммоларни тан олаётгани"ни англатади.

"Отаси бошқараётган тузум мени ашаддий душман, деб турган пайтда Гулноранинг бу эътирофини ижобий баҳолайман", - деб айтди Тожибоева хоним Би-би-си билан суҳбатда.

Чоршанба куни Твиттер микроблогида эълон қилган мактубида Каримова хоним Мўътабар Тожибоевага юнон фуқароси Янис Галаносни озод қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Юнонистон фуқаросининг 24 декабр куни Ўзбекистондан чиқариб юборилганини маълум қилган.

Аммо Мўътабар Тожибоеванинг Галанос яқинларига иқтибосан айтишича, у Ўзбекистонни фақат 25 декабр куни кечқурун тарк этган.

Гулнора Каримова ўзининг яқин одами сифатида билинган Галаноснинг ҳибсда қийноққа солинганини иддао қилган.

Юнон фуқароси Париждаги "Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева интернетда унинг ҳимоясига кампания бошлаганидан бир неча кун ўтиб, озод этилган.

Гулнора Каримова Твиттердаги мактубида шунингдек,"МХХ компютер даҳоларининг найрангларига учиб" Мўътабар Тожибоевани жиноятга шерикликда айблаганидан афсусда эканини изҳор қилган.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Тожибоева ҳамда бошқа фаоллар босиб ўтган йўл билан ўзи дуч келган вазият ўхшаш эканини айтган.

'Қарашлари ўзгарган'

Айни пайтда Мўътабар Тожибоева Каримова хонимнинг Твиттерда эълон қилган мактуби ўзи учун кутилмаган бўлмаганини айтди.

Image caption Мактубда Гулнора Каримова Мўътабар Тожибоевани асоссиз айблаганидан афсусда эканини айтган

Унинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова 23 декабр куни ўзига Юнонистон фуқароси Янис Галаноснинг яқинларига тегишли электрон манзилдан бир мактуб йўллаб, Галанос оиласига "оғир вазиятда маънавий дастак бериш"га отлангани учун миннатдорчилик билдирган.

Сўнгги ойларда ўзи учун "дунёнинг том маънода ағдар-тўнтар" бўлганини ёзган Каримова хоним "ўз қарашларини тубдан қайта кўриб чиққанлиги"ни айтган.

"Мен Сизни олдиндан билмаганим ва Сиз ҳам мени билмаганингиздан афсусланаман. Айнан шу нарса бизнинг бир-биримизга нохолис муносабатимизга сабаб бўлган" дея Гулнора Каримованинг мактубидан иқтибос келтиради Мўътабар Тожибоева.

Ушбу сўзлар Каримова хонимнинг Мўътабар Тожибоева ҳақида аввалроқ матбуотга билдирган изҳоротларидан тубдан фарқ қилади.

Шу йилнинг 8 декабр куни Туркиянинг "Ҳуррият" рўзномасига берган ёзма интервюсида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Мўътабар Тожибоева ҳамда яна бир қатор фаолларни ўзига қарши ўзбек махсус хизматлари билан тил бириктиришда айблаган.

У Тожибоева ва бошқалар Ўзбекистонда бизнес манфаатларига эга "жиноий гуруҳ шериклари" эканликларини иддао қилган эди.

Бунинг ортидан Мўътабар Тожибоева "Ҳуррият" рўзномаси ва Гулнора Каримовадан расман кечирим сўрашни талаб қилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли "Ҳуррият"даги интервю ўзининг "шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи ёлғон маълумотларни" ўз ичига олганини айтган.

Мўътабар Тожибоева Гулнора Каримованинг Твиттерда эълон қилган мактубини ўзи ва Ўзбекистондаги "тузумнинг бошқа қурбонларидан кечирим сўраш" деб қабул қилишини айтди.

Айни пайтда у Гулнора Каримованинг лойиҳаларида иштирок этган ва ҳануз ҳибсда қолаётган бир қатор ёшларни озод этиш учун кампания бошлаётганликларини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари риторикаси

Дунёдаги энг шафқатсиз тузумлардан бирини бошқариши айтиладиган Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова яқин-яқингача Ўзбекистондаги мавжуд тузумнинг бир қисми ва ҳатто рамзи сифатида кўриб келинган.

Image caption Мўътабар Тожибоева Каримова хонимнинг эътирофлари самимийлигига ишонади

Ҳуқуқ фаолларининг сўнгги икки йилда Твиттер микроблогида фаол бўлган Каримова хоним билан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи юзасидан мулоқотга киришиш уринишлари зое кетган.

Брюсселдаги Халқаро инқироз гуруҳидан Эндрью Штролайн Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси бўлган Каримова хонимга бир неча марта инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ саволлар билан мурожаат этгани, аммо у биронта ҳам саволга жавоб қайтармаганидан "Каримованинг Твиттердаги аккаунти сохта" деган хулосага ҳам келганини айтади.

Аммо вазият шу йилнинг октябрида,Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган телеканаллар ва ҳайрия ташкилотларининг ёпилиши ортидан ўзгарди.

Гулнора Каримова кутилмаганда Ўзбекистон махсус хизматларини ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноқ қўллашда айблади.

20 ноябр куни у ҳатто ўз лойиҳасида иштирок этган талабалардан бирини ҳибсдан озод қилиш учун милиция идорасига ҳам борди ва Ўзбекистондаги ҳибсга олишларни 1938 йилдаги Сталин қатағонларига қиёслади.

Ижтимоий тармоқ сайтларида Гулнора Каримова билан ўзбек махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги зиддиятга муносабат билдирган фаоллар ва таҳлилчиларнинг кўпчилиги Каримова хоним фақат ўзи ва яқинларини ҳимоя қилишга уринаётгани ҳақидаги фикрларни билдиришган.

Лондондаги мустақил журналист Шоҳида Ёқубнинг айтишича, Гулнора Каримовани инсон ҳуқуқлари фаоли деб аташ қийин.

Айни пайтда у Гулнора Каримова Твиттерда ошкор этган далиллар инсон ҳуқуқлари гуруҳлари йиллар давомида бонг уриб келаётган ҳолатларни тасдиқлаши билан аҳамиятли, деган фикрда.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Каримова хоним Ўзбекистондаги фуқаро жамиятига босимлар ва инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволидан хабардор бўлмаган, деб айтиш қийин.

"У Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси бўлган, албатта бу ҳолатлар ҳақида кўп марта эшитган. Модалар кўргазмасининг нима учун қолдирилганини ҳам яхши билган", дейди Францияда яшаётган фаол.

Айни пайтда Тожибоева хонимнинг фикрича, Гулнора Каримова инсон ҳуқуқларининг бузилишига доир баёнотларни худди отаси каби "мустақил Ўзбекистонни кўролмайдиганларнинг иши", деб қабул қилган бўлиши мумкин.

"У бу фактларни текшириб кўрмаган. Бугунга келиб ўзи ҳам шундай вазиятга тушганидан кейин ҳақиқий аҳволнинг қанчалик аянчли эканини кўраяпти", - дейди Мўътабар Тожибоева.

Айрим таҳлилчилар Гулнора Каримованинг Твиттер ва хорижий матбуотда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматига қарши танқид ва фош этувчи чиқишларини чорасизлик амаллари, деб ҳисоблашади.

Бир пайтлар отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримова 23 декарб кунги твитида махсус хизматлар ўзи ва ўғлини отасининг ёнига қўймаётганини айтган.

Каримова хоним Твиттерда ўғли Ислом ва МХХ зобитлари ўртасидаги музокаралар акс этгани айтилган видеони ҳам эълон қилган эди.

Президент Каримовнинг ўзи ёки расмийлардан биронтаси ҳозирга қадар Гулнора Каримова атрофидаги можарога муносабат билдирмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ