Сафар Бекжон: "Каримованинг уйига ишғолим сиёсий амал эди"

Image caption Сафар Бекжон Гулнора Каримовага тегишли уйга 23 декабр куни кириб олганди

Ўзбекистонлик сиёсий фаол Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг уйини "ишғол қилиш"дан мақсади сиёсий бўлганини айтди.

"Менинг мақсадим сиёсий эди. Маданий ва бошқа нарсаларни ўртага чиқариш бўлди. Мен Гулнора Каримованинг қанча бойлиги, тилласи, олмоси бўлгани ҳақида гапирмадим. Бу ҳақда интервю бермадим, тортишмадим. Уй ичида бўлган санъат асарлари, маданий бойликлар, миллий-диний бойликларнигина мен ўртага чиқардим", дейди у.

Сафар Бекжоннинг айтишича, Швецария прокуратураси ҳам текширувлар олиб борган пайт уйдаги ҳар бир жиҳоз рўйхатга олинган ва агар бунга оид маҳкама бўладиган бўлса, исбот-далиллар билан кўрсатма бериши мумкин бўлади.

23 декабр куни Каримовага тегишли бўлгани айтилган виллага кириб олган Сафар Бекжон турли таҳдидлар туфайли Гулнора Каримованинг Женевадаги уйини тарк этган.

"Ўзбекистон демократик жамғармаси" раиси уйдан ташкилот фаолияти йўлида фойдаланиш ниятида бўлганини айтганди.

"Босим ва таҳдидлар"

"Мен бу хусусий мулкнинг ичкарисида бўлган пайтимда полиция 3-4 марта ичкарига гуруҳ бўлиб кириб кўриб кетган. Менга жисмонан ҳеч нарса бўлмаслигига кафолат беришганди. Аммо, Гулнора Каримова ва ташқи ишлардан келганлар нима қилишди: Улар ... "PROTECTAS" хусусий қоровуллик ширкати билан шартнома тузишди. "Шартномага асосан, ичкарига биров кирмаслиги ва чиқмаслигини олдини олиш учун келдик. Сафар Бекжон ва "Ўзбекистон демократик жамғармаси" ичкарига бирнарсаларни қўйиб, Гулнора Каримованинг бўйнига қўйиб юбормаслигини олдини олишимиз учун ҳам шу ерда бўлишимиз керак", дейишди", дейди сиёсий фаол.

Image caption Гулнора Каримованинг уйидан топилгани айтилган санъат намунаси

Аммо, кейин, Сафар Бекжоннинг айтишича, ширкат қоровуллари турли "провакация" амалларини қила бошлашган ва унинг рафиқасига нисбатан жисмоний куч ишлатишган.

"Тортқилаш, қўлдан оёқдан ушлаб у ёқдан бу ёққа судраш бўлди. Бу провакация эди. Яъни, улар "аёлимни урасанми", деб қўлимга бир нарса олиб, биронталарини калтаклашимни исташди. Шунда мен босқинчи мақомда бўлар эдим. Мен сиёсий мавқеимни йўқотиб, босқинчи, куч ишлатган сифатида кирган одамга айланардим. Аммо, мен уларга қарши куч ишлатмадим. Бу ҳар дақиқада, ҳар соатда давом этди бу ишлар. Улар мени ташқарига олиб чиқиб ташлашди. Полиция етиб келиб мени ичкарига қўйди ва: "Куч билан бу одамни чиқара олмайсизлар, у фақат ўз ихтиёри билан кетиши мумкин", деди", дея қўшимча қилади Сафар Бекжон.

Айни пайтда у Швецария полиция ўзи ва рафиқаси ҳимоясига тез етиб келгани ва юз берган ҳолатларни юзасидан чоралар кўрилиши мумкинлигини айтади.

"Полициянинг кўрадиган чоралари бор уларга қарши. Полиция билан ширкат ўртасидаги муносабатлар бор. Бу жараёнларни менинг ҳимоячиларим кузатиб боришади", дейди "Ўзбекистон демократик жамғармаси" раиси Сафар Бекжон.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг аралашуви?

Сафар Бекжон айнан Гулнора Каримованинг уйи "ишғол қилиниши" масаласини мубоҳаса этиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан расмийлар келишгани ҳақида хабар олгани ва "PROTECTAS" хусусий қоровуллик ширкати, хусусан уларнинг дастаги билан ёлланганини айтади.

Аммо, Би-би-си Швецариянинг Ташқи ишлар вазирлигига боғланаркан, вазирлик матбуот котиби Пьер-Ален Элтстингер (Pierre-Alain Eltschinger) бу маълумотларни тасдиқлай олмаслигини ва бу масалалар бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ