Ўзбекистонлик қийноқ қурбони БМТга шикоят қилди

Image caption Британия матбуоти ҳукуматни Қаюм Ортиқов ва оиласининг тақдирига бефарқликда айблаган

Ўзбекистон ҳибсхонасида қийноққа солингани иддао қилинган Тошкентдаги Британия элчихонасининг собиқ қўриқчиси Қаюм Ортиқов БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига хусусий тартибда шикоят билан мурожаат этган.

Париждаги "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқлари гуруҳи тарқатган хабарда айтилишича, Ортиқов ўз шикоятида Ўзбекистон ҳукуматини қийноқлар қўллаш ва ўз ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этишда айблайди.

Jarayon.com сайтида эълон қилинган шикоят матнида қийноқ далиллари билан бирга қийноққа солишда иштирок этгани айтилган ўзбек-ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ва маҳбусларнинг исм-шарифлари ҳам келтирилади.

Қаюм Ортиқов ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларини қийноқ қўллашда айблаш билан бирга Ўзбекистондаги бошқа қийноқ қурбонларини ҳам жим турмаслик ва қийноқ ҳолларини фош этишга чақирган.

Қаюм Ортиқовнинг ҳибсда қийноққа солингани ҳақида биринчи бўлиб 2009 йилда унинг яқинлари хабар қилишганди.

Турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқова ҳамда қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қийноқ даъволарини текшириш юзасидан Ўзбекистон расмий идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

2009 йилда одам савдосида айбланиб, 6 йилга маҳкум этилган Қаюм Ортиқов 2011 йилда озодликка чиқарилган ва ўтган йили Ўзбекистонни тарк этган.

Жосуслик айблари

Қаюм Ортиқов 2008 йил декабрида жосусликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Ўзининг сўзларига кўра, у Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган ва ўзи ҳамда Британия элчихонасининг қатор ходимларига қарши иқрорлик кўрсатмалари бериш мақсадида қийноққа солинган.

2009 йил ноябрида Тоштурмада турмуш ўртоғини бориб кўрган Моҳира Ортиқова Қаюм Ортиқовни "сен Британия жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб келганингни айтиб берасан” деб қийнашганини айтган.

Ортиқованинг сўзларига кўра, маҳбусни "совуқда яланғоч ҳолатда соатлаб полга ётқизилиб, устига 4-5 киши ўтирган ҳолатда ушлаб туришган, тирноқлари остига игна тиқиб, тиззаси, қорни ва бошига биттадан одам ўтирғизиб, оёғи остига дубинка билан соатлаб уришган".

Моҳира Ортиқова турмуш ўртоғи қийноқларга чидолмай, бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринганини айтган.

У турмуш ўртоғининг қонга беланган уст-бошини Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига топширган.

"Қаюм Ортиқовга нисбатан қийноқлар шу даражага бориб етдики, ҳатто уни маъмурият буйруғи асосида қийноққа солган "лохмач"лар ҳам Ортиқовдан иқрорлик кўрсатмаси олишдан кўра, ўлдириб қўйишлари эҳтимоли кўплигидан қийноқларни тўхтатишга мажбур бўлганлар", дейилади БМТга йўлланган шикоят аризасида.

Айтилишича, жосуслик айбларини бўйнига олмаган Қаюм Ортиқов одам савдоси билан боғлиқ "сохта айбловлар" билан 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

'Бефарқлик'

Тошкентдаги Британ элчихонаси собиқ қўриқчисининг иши Британия рўзномаларининг эътиборини тортган.

Бунга Ортиқов ва оиласининг британ матбуоти орқали Бош вазир Дэвид Камеронга қилган мурожаатлари сабаб бўлган.

Шу йил ёзида Индепендент рўзномасида эълон қилинган Очиқ хатида Моҳира Ортиқова Тошкентдаги Британ элчилиги расмийларини собиқ ходимни ўз ҳолига ташлаб қўйишда айблаганди.

Британиядаги бошқа қатор нашрлар Британ ҳукуматини Ортиқовнинг тақдирига етарлича эътибор қаратмагани учун танқид қилишган.

Қаюм Ортиқовнинг иши Британия парламентида ҳам муҳокама этилишига қарамай, ҳозирга қадар унинг бошпана олиш уринишлари натижа бермаган.

Ортиқов ва оиласи учинчи давлатда, хавфсиз ерда туришгани айтилади.

44 ёшли Қаюм Ортиқов қийноқлар натижасида соғлигини йўқотгани, шошилинч тиббий муолажага муҳтожлиги хабар қилинган.

Шу йил октябрида Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини муҳокама қилган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қаюм Ортиқов масаласини ўзбек ҳукумат ҳайъати олдига қўйган.

Аммо расмийлар Ортиқовнинг қийноққа солингани ҳақидаги иддаоларни жавобсиз қолдиришган.

"Ўтюраклар клуби" БМТ қўмитаси Ортиқовнинг шикоятини адолатли равишда кўриб чиқишига умид қилаётганини билдирган.

Гуруҳга кўра, ҳозирда шикоят Ўзбекистон ҳукуматига кўриб чиқиш ва расмий шарҳ бериш учун юборилган.

БМТ қўмитаси бунинг учун ҳукуматга 6 ой муҳлат бериши айтилган.