"Ўзбекистонликлар ўтаётган йилдаги ҳаётларидан мамнун"

Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганадиган "Ижтимоий фикр" маркази ўтказган сўровга кўра, унда қатнашган аҳолининг 85 фоизи 2013 йилни омадли ҳисоблаган. 88 фоиздан ортиқ киши ҳаётидан жуда ҳам қониқишини билдирибди.

Кўтаринкилик, келажак ва тараққиётга ишонч ўзбекистонликларнинг жавобларида аён бўлди, деб ёзади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сўров ҳақида.

Сўровда қатнашганларнинг аксарияти, уларнинг ўз баҳосига кўра, олдиларига қўйган мақсадларига мамлакатда "муваффақиятли меҳнат ва ижодий фаолият учун яратилган "ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар туфайли эришган", дейилади хабарда.

"Ижтимоий фикр" маркази билдиришича, олинган жавоблар фуқароларнинг 2013 йилда ўз моддий аҳволи ва маиший-яшаш шароитларини яхшилаганларини кўрсатади. "Сўралганларнинг 70 фоизи ўзининг маълумот ва малакасини оширганини айтган, 90 фоизи эса оиладаги моддий аҳволини барқарор, дея баҳолаган".

"Кейинги йилдаги мақсад ва режалари ҳақидаги саволларга жавоблар фуқароларнинг оптимистик руҳда эканликларини кўрсатади. Бу аҳолининг президентимиз томонидан 2014 йил "Соғлом бола йили" деб эълон қилинганини қўллашлари билан боғлиқдир", дейди ЎзА.

Шунингдек келтирилишича, ўзбекистонликлар 2014 йил ҳамма соҳаларда янгиликлар ва натижаларга эришиш йили бўлишига қаттиқ ишонч билдирганлар. Ва ниятларни амалга оширишда фаол ҳаракат қилишга тайёрликларини баён қилганлар.

"Ўзбекистоннинг тараққиётига баҳо берган қатнашчилар 2013 йилда мамлакатнинг халқаро соҳада обрўси ошгани ва йирик натижаларга эришганини қайд этганлар".

Ушбу сўров Ўзбекистон фуқаролари Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб қувватлашини кўрсатади, дейилади хабарда.

Бизнинг юртдошларимиз мамлакат иқтисоди, банк тизими, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши учун яратилган шароитлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ҳимоя даражасини юқори баҳолаганлар. Одамларда қонунни ҳурмат қилиш, кекса одамлар ва аёлларга эътибор, инсонпарварлик ва бағрикенглик ошганлигини қайд этганлар, деб келтиради ЎзА агентлиги яна.

Ҳар йил сўнггида расман "ижтимоий фикрни ўрганиш" натижалари деб эълон қилинадиган ҳисобот айнан қаерда ва аҳолининг қайси қатлами орасидаги сўровга асослангани, бу фикрлар мамлакат аҳолисининг жами сонига нисбатан қанча фоизни ташкил қилиши ҳақидаги маълумотлар эса очиқланмайди.

Ушбу хабарга одатдагидек интернет фойдаланувчилари ўз фикрларини билдиришган.

"Ҳар йили бир хил гап, бир-биридан фарқ қилмайдиган рақамлар. Қилинди, учун тузилган. Уларни кўрибоқ кинояли кулги келади менда. Қаерда ўтказилгани нега ҳеч қачон ёзилмайди", деб ёзади Рустам исмли фойдаланувчи.

"Тўғри кимдир яхши яшаяпти, кимдир мақсадига эришяпти. Лекин бу сўралганларнинг 80-90 фоизи дегани эмас албатта. Ёки ўша сўровни ўтказганларнинг ўзи саволларга ҳам жавоб бериб қўя қолган бўлса керак", дейди Самандар.

"Ҳаммаси яхши. Ҳаммаёқ байрам. Бизга яна нима керак ўртоқлар",- деб айтади Ризвонгул.

Бу мавзуда батафсилроқ