"Тонгги 6 дан 23 га қадар ишлаш режимини ўрнатиш қонунга хилоф”

Tashabbus.uz ҳуқуқий сайтининг Би-би-сига маълум қилишича, бир кунда муттасил 17-18 соат ишлатиш қонунга хилоф.

Дам олиш кунлари ишлатиш тақиқланади. Бундай ҳолатга тушиб қолганлар эса корхона жойлашган туман прокуротурасига мурожаат қилиши керак.

Маҳкамада корхона раҳбари устидан маъмурий иш очилади ва ортиқча ишлаган вақтларининг пули ундирилиб берилади.

Би-би-си Ўзбекистондаги ички миграцияга эътибор қаратиб, суткасига дам олишсиз 17-18 соат ишлашга мажбур қилинаётган ҳолат ҳақида ёзган эди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хусусий корхона раҳбари вилоятдан келган ёшларнинг ҳуқуқий билими етишмаслигидан фойдаланиб уларни унча кўп бўлмаган пулга суткасига 17-18 соат ишлатган.

Ишчилар билан ҳеч қандай меҳнат шартномаси тузилмаган ва улар корхонанинг шароити йўқ хоналаридан бирида ётиб туришга тўғри келган.

Корхона раҳбари уларга ҳар ўн беш кунда бир кун дам олишга жавоб берган.

Ушбу ҳолатга ҳуқуқий аниқлик киритиш мақсадида tashabbus.uz ҳуқуқий сайтига мурожаат қилдик. Сайт маъмуриятидан олинган жавобга кўра иш берувчи суткасига кўпи билан 12 соат ишлатиши мумкин. Унда ҳам бир ҳафталик тўплаб 40 соатдан ошиб кетмаслиги лозим.

“Шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлаш режими ўрнатилганлигини ҳисобга олсак, ходимлар ҳафтасига 7 кун - 119 соат ишлашмоқда. Меҳнат кодексига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас (128-модда). Демак, суткасига тонгги 6 дан 23 га қадар ишлаш режимини ўрнатиш қонунга хилоф ва мумкин эмас”.

“Бир кунлик иш вақтининг энг кўп миқдори 12 соат бўлиши мумкин. 12 соатлик иш вақтига йўл қўйилган ҳолатда ҳам ҳафталик иш соати 40 соатдан ошиб кетмаслиги керак,” – дейилади “Ташаббус” мустақил нодавлат ташкилоти жавобида.

Ўзбекистон республикаси қонунчилигида “иш вақтидан ташқари иш” деган тушунча ҳам бўлиб, у ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин.

“Иш вақтидан ташқари иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди”.

Ташаббус.уз нинг маълум қилишича, Меҳнат кодексига кўра, 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Ходимни сурункасига икки смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади, масалан, кундузги сменада ишлаган одам кечки ёки тунги сменада ишлаши мумкин эмас (120-модда).

Биз тилга олиб ўтган корхонада, дам олиш кунлари ҳам ишлатилади. Бироқ қонун бўйича дам олиш кунлари ишлатиш тақиқланади.

“Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади”.

Дам олиш кунларида бажарилган иш учун компенсация тўланади. Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

“Демак, маълум бўладики, дам олиш кунлари ходимларни ишлашга жалб қилишга фақат айрим ҳолларда йўл қўйиш мумкин. Йўл қўйилган тақдирда ҳам ходимга компенсатсия ва бошқа кун дам олишга рухсат берилиш керак. Аммо корхонада 7 кунлик иш режимида доимий равишда ишлаш қонунга кўра тақиқланади. Ходимларни дам олиш кунлари ишлашга жалб қилиш ман этилади”.

Бундан ташқари, ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди.

“Ташаббус” мустақил нодавлат ташкилотининг маълум қилишича, бундай шароитларга тушиб қолган фуқароларнинг ҳуқуқи қонун томонидан ҳимояланади.

Ходимларни бундай ноқонуний тарзда меҳнатга жалб қилиш устидан ходимлар жамоа бўлиб, ёки улардан бири корхона жойлашган туман прокуратурасига корхона устидан шикоят қилиши лозим.

“Ноқонуний ҳолатлар аниқлангач, прокурор корхона раҳбари устидан маъмурий иш очиб, туман жиноят ишлари бўйича судга шикоят қилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра, мансабдор шахс меҳнат тўгърисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгарлик белгиланган”.

“Шикоятда ходимлар корхона уларни иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш кунлари ишлашга жалб қилганлиги учун шундай ишларга тўланиши лозим бўлган компенсация тўловларини ундириб беришини сўраши лозим”, - деб ёзади ташаббус.уз.

Бу мавзуда батафсилроқ