Uzwebiston: 'Меҳнат муҳожирларига эслатмани содда тилда ёзинг'

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда пул топишни мақсад қилган мамлакат фуқароларига эслатма эълон қилган, бу республика раҳбариятининг хориждаги меҳнат муҳожирларига илк ғамхўрлиги сифатида кўрилмоқда.

2013 йилнинг охирги кунларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифаси янгиланган.

Бу сайтда Россияга меҳнат муҳожирлигига отланган Ўзбекистон фуқаролари нималарни билишлари лозимлиги ҳақидаги эслатма ҳам эълон қилинган.

Ушбу фойдали маслаҳатда чегара ва божхона ҳужжатларини қандай расмийлаштириш, Россия ҳудудига боргандан кейин қандай рўйхатдан ўтиш ва ишлаш рухсатномасини қўлга киритиш масалаларига доир қонуний йўл-йўриқлар тушунтириб берилган.

Россияда ўз хақ-ҳуқуқлари поймол этилганда Ўзбекистоннинг Россиядаги расмий ваколатхоналарига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатилган ва бу идораларнинг телефон рақамлари эълон қилинган.

Ушбу хабар аллақачон Интернетда муҳокамаларни келтириб чиқарган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг эслатмаси ўзбекистонликларга фойдали эканини таъкидлаш билан бирга унинг матни борасида эътирозлар билдирилаётганини ҳам кўриш мумкин.

Кимдир бу эслатманинг ўзбек тилидаги матнини имкон қадар кўп нашр қилиб тарқатиш маслаҳатини берган.

Яна кимдир эслатма матнининг услубини танқид қилган.

Хусусан, Ўзбекистондаги 12news.uzвеб-сайтидаги хабарга муносабат билдирган Руслан бу эслатма матнини тушуниш қийин канцелярия тили билан ёзилган, дейди ва матнни содда ва тушунарли тилда ёзишни маслаҳат беради.

Россиядан жўнатиладиган ҳар уч доллардан бири Ўзбекистонга

Айни пайтда Россия Марказий Банки йиллик пул ўтказмалари ҳақида хабар тарқатган.

Иқтисодчиларнинг ҳисобларига кўра, ўтган 2013 йилнинг охирги 10 ойида Россиядан МДҲ давлатларига пул ўтказмалари 15 миллиардни ташкил қилган.

Бу маблағнинг энг катта қисми, қарийб 4,9 миллиард доллари Ўзбекистонга тўғри келади. Тожикистонга Россиядан 3 миллиард доллар етиб борган.

Банк ҳисоботига қараганда, пул ўтказмаларининг салмоғи жиҳатидан Украина учинчи, Қирғизистон тўртинчи ўринни эгаллаган.

Норасмий маълумотлар бўйича Россияда 11 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бор.

Уларнинг аксарияти Марказий Осиёлик, хусусан учдан бир қисми ўзбекистонликлар экани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ