Ўзбек ҳукумати бандлик сиёсатини барбод қилдими ёки?

2013 йилда Ўзбекистон аҳолисининг сони 30 миллиондан ошгани расман хабар қилинди.

Шундан қанчаси хорижда даромад топишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумот фақат Ўзбекистон расмийларининг айримларига аён, бироқ бу маълумотлар эълон қилинмайди.

Энг охирги маълумотда Россия расмийлари фақат шу мамлакатнинг ўзида 2 миллион 600 минг ўзбекистонлик бор деб билдирди.

Ўзбекистонда ҳар икки йилда 1 миллиондан ортиқ ёш мустақил ҳаётга қадам қўймоқда, бу эса Ўзбекистон ҳукуматидан аҳолини иш билан таъминлаш сиёсатини яхшилашни талаб қилмоқда.

Шунинг учун ҳукумат мамлакатда ишчи ўринларини кўпайтираётгани ҳақида баёнотлар бермоқда, декабр ойи бошида Ўзбекистон Сенати 2014 йилда ҳам 1 миллион иш жойи ташкил қилиш режасини маъқуллади.

Бироқ Би-би-си ўрганишлари Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида 830 минг ишчи ташкил қилингани ҳақидаги ҳисоботи ҳақиқатга тўғри келмаслигини очиқлади.

Ўзбекистон статистика органлари 18 кишини иш билан таъминлаган тадбиркордан "30 та ишчим бор" деган ҳисобот олаяптилар.

Шўролар замонида минглаб одамларни иш билан таъминлаган саноат корхоналарининг ёпилиши шу кеча-кундузда ҳам давом этаяпти.

Ўзбекистон фуқаролари учун ишчи ўринларини барпо этган хорижий сармоядорларнинг "Кабул Текстайл"га ўхшаган ширкатлар ҳам, америкалик ё британиялик ширкатлар олтин қазиб чиқариш мақсадида ташкил қилган кўшма корхоналар ҳам, савдо марказларини ташкил қилган турк ишбилармонлари ҳам Ўзбекистонда муаммоларга дуч келдилар, яна кўплаб инвесторлар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдилар.

Ўзбек деҳқонини ўз оиласини ўзи боқишига имконият берадиган ерда ишлашдан эса жуда кам сондаги фермерлар манфаатдор.

Кўп сондаги қишлоқ аҳли ё катта шаҳарлардаги мардикорликни, ёки Россия-Қозоғистонга кетишни афзал кўраяпти.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубовнинг айтишича, фақат деҳқончиликнинг ўзи "учта Ўзбекистонни боқиши мумкин".

Иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов фикрича, маҳаллий бизнесларни бўғиб, корхоналар ёпилишига, хорижий сармоядорлар чиқиб кетишига йўл қўяётган, Ўзбек деҳқонининг ўз қовун-тарвузини чегарадан олиб чиқиб сотишига тўсиқ қўяётган амалдорлар, "кўпроқ одам хорижга чиқиб кетсин, у ёқдан кўпроқ валюта юборсин", деган ўй билан иш тутаяптилар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни саҳифамизнинг қуйи қисмидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.

Бу мавзуда батафсилроқ