Ишлайдиган пенсионер пенсияси қирқилмайди, агар...

1 январдан бошлаб Ўзбекистон президентининг ишлаётган пенсионерларнинг пенсияларига тааллуқли фармони кучга кирган.

Бунга Тошкентда яшайдиган, пенсияга чиққанларига қарамасдан, қўлларидан қаламини қўймаган русийзабон журналистларнинг фаоллиги билан эришилган.

Ўзбекистонда 2011 йилда ишлайдиган пенсионерларнинг пенсиясини "қирқиш" ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилгани хабар қилинган, бироқ бу қарор матни ҳеч жойда эълон қилинмаган.

2012 йилда миллионлаб сўмдаги пенсиясини давлатга қайтариши лозимлиги ҳақида расмий қоғоз олган пенсионер журналистлар бу янгиликдан хабардор бўлганлар.

Ўтган йил Ўзбекистон журналистларининг касб байрами кунида бир неча журналист Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишган.

Бироқ орадан тўрт ой ўтганидан кейин ҳам бирор бир жавоб олмагач, мурожаат муаллифларидан бири Наталя Шулепина "Вазирлар Маҳкамаси нега жавоб бермаяпти?" деб сарлавҳаланган мақоласини эълон қилган.

Бу мақола қатор Интернет-сайтларда кўчириб босилган.

Бу ҳақда Би-би-си ҳам "Ўзбекистон КабМини сиртдан иш қиладиган идорами?" деб сарлавҳаланган мақола эълон қилган.

Ўзбекистондаги Интернет-нашрлари хабар қилишича, президент фармонига биноан, агар бир ойлик маоши мамлакатдаги энг кам пенсиядан кам даромад олган пенсионер ўзининг пенсиясини тўлиқ олиши мумкин.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда энг кам пенсия миқдори 187970 сўм ёки 66 долларни ташкил қилади.

Агар пенсионернинг даромади 187 минг сўмдан кўп бўлса, пенсиясининг 50 фоизи "қирқилади".

Бу мавзуда батафсилроқ