Би-би-си меҳмони - адабиётшунос олим Умарали Норматов

Image caption Умарали Норматов ўзбек адабиёти назариясининг асосчиларидан бири саналади

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов жавоб беради.

Ўзбек адабий танқидчилиги ва адабиёт назариясининг энг кўзга кўринган номларидан бири бўлган Умарали Норматов 1931 йил 3 январда Фарғонанинг Бешариқ тумани, Робқон қишлоғида таваллуд топган.

Қишлоқдаги 7 йиллик мактабда, кейинроқ Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги педагогика билим юртида таҳсил олган.

1944-45 йилларда жабҳа ортида хизмат қилган.

1952 йилда Ўрта Осиё Давлат (ҳозирги Миллий-таҳр.) Универститетининг ўзбек филологияси бўлимига ўқишга киради.

1957 йилда университетни битириб, 2 йил Робқондаги қишлоқ мактабида ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ беради.

Ўзининг айтишича, 1959 йилда устози, марҳум адабиётшунос олим Озод Шарофиддиновнинг қистови билан Тошкентга қайтиб, 3 йил аспирантурада таҳсилни давом эттиради.

Озод Шарофиддинов ва Матёқуб Қўшчонов сингари атоқли адабиётшунослар билан бирга адабиёт ва ҳаёт мактабини Абдулла Қаҳҳор хонадонида ўтаганини айтади.

1962 йилда “Замонавий ўзбек ҳикоячилиги” мавзусида номзодлик диссертацияни ёқлаган.

1978 йилда “Ўзбек прозасида традиция ва новаторлик” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, профессор унвонини олган.

Чорак аср мобайнида Миллий Универститет филология бўлимининг "Замонавий ўзбек адабиёти" кафедрасига мудирлик қилган.

Атоқли олим шу давр мобайнида ўзбек адабиёт назарияси мактабига асос солинганини айтади.

Умарали Норматов 1957 йилдан матбуотда кўрина бошлади, 600 дан ортиқ мақолалари, 50 дан ортиқ адабий-танқидий асарлари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилган.

Адабиётшунос олимнинг адабий-танқидий ишлари яхлит ҳолда замонавий адабий жараён ҳамда янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига бағишланган; унинг қаламига мансуб ўзбек адабиётининг нодир асарлари таҳлили, ўзига хос талқини, бу адабиётнинг ўнлаб намояндаларининг адабий портретлари, "Насримиз уфқлари" (1974), "Етуклик" (1982), "Қалб инқилоби" (1986), "Қодирий боғи" (1996) китоблари адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган.

Мунаққиднинг "Умидбахш тамойиллар", "Тафаккур ёғдуси", "Қаҳҳорни англаш машаққати", "Кўнгилларга кўчган шеърият", "Устоз ибрати", “Ижод сеҳри”, “Ижодкорнинг дахлсиз дунёси”, яқингинада ўқувчилар қўлига етиб борган “Қодирий мўъжизаси”ва “Нафосат гурунглари” китоблари, матбуотда эълон этилган юзлаб адабий-танқидий мақолалари адабиётда пайдо бўлган янгича адабий-эстетик тамойилларни аниқлаш, бугунги адабий жараённинг назарий муаммоларини тадқиқ этишга бағишланган.

Асарлари рус, турк, тожик тилларига таржима қилинган.

Умарали Норматов 1991 йилдан умумтаълим мактаблари учун тубдан янгиланган адабиёт дастури ва дарсликлари яратиш бўйича муаллифлар гуруҳига раҳбарлик қилди, 5, 9, 11-синфлар учун дарслик, қўлланмалар муаллифи сифатида қатнашди; унинг иштирокида олий ўқув юртлари учун "ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи", "Янги ўзбек адабиёти" китоблари яратилди.

2013 йилга қадар “Жаҳон адабиёти ва назария” кафедрасида профессор лавозимида ишлаган олим ҳозирда нафақада.

1966 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси сифатида адабий жараёнда фаол иштирок этиб келади.

У Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби (1981), “Қалб инқилоби” китоби учун Ҳамза Ҳакимзода номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989); Ўзбекистон Республикаси Халқ маорифи аълочиси нишони (1992), "ТошДУ моҳир педагоги"(1998) унвони соҳиби.

2011 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган, "Шарқ юлдузи", "Гулистон", "Тафаккур" журналлари мукофотларини олган.

Ассалому алайкум домла! Адабиёт, айниқса ўзбек адабиёти турли даврларда турли режимлар, ҳукуматларга хизмат қилиб келгани кузатади. Масалан, подшоҳларга, амирлар ва хонлар, кейинчалик Совет даври ташвиқотига, ҳозирда мустақилликка хизмат қилади.

Умуман олганда, адабиётда тутиладиган шу йўлни тўғри деб баҳолай оласизми? Нотўғри деб билсангиз, унда шоиру ёзувчилар, умум қилиб олганда, ўзбек адабиётида баҳоли-қудрат меҳнат қилаётганлар қандай йўл тутганлари маъқул, деб биласиз?

Тўлқин Қораев, Швеция

Умарали Норматов: Саволингиз ўринли. Ҳамма даврларда адабиёт муайян адабий муҳит доирасида шаклланган, ривожланган. Узоққа бормайлик: 1) Хон ўрдасида Амирий ва Фазлий бошчилигида Нодирабегим, Увайсийлар бошлаган адабий муҳит, мактаб; 2) Феруз раҳнамолигида Хоразм адабий муҳити;3) Бухоро адабий муҳити; 4)Чет эл адабиётида турли адабий клублар...

ХХ асрда Собиқ Иттифоқда, турли гуруҳ ва оқимлар вужудга келди, жумладан, Ўзбекистонда “Чиғатой гурунги”, “Қизил қалам жамияти”ва ҳ.к. пайдо бўлди. 1932 йилдан ягона СССР Ёзувчилар Уюшмаси ташкил қилинди. Бошда ушбу уюшманинг мақсади турли ижодий гуруҳларни бирлаштириш эди, баъзи ижобий жиҳатлари ҳам бўлди. Бироқ кейинчалик мафкура тазйиқи остида Устав билан бадиий ижодни бошқариш, барчани ягона соцреализм методи остида ёзишга мажбур қилиш йўлига ўтилиб, мазкур уюшма, мафкуравий бошқарув аппарати тусини олди. Қизил империя ҳалокатидан кейин ажралишлар, бўлинишлар вужудга келди. Бу ҳол ижокорлар орасида парокандалик, бошбошдоқлик туғдирди. Кейинчалик бу жараён муайян изга тушди, ҳозир хар ҳил адабий мактабларга йўл очилди, ягона Ёзувчилар уюшмаси доирасида хар ҳил ижодий майллар учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Бу борада жиддий муаммо мавжуд эмас.

Домла, бугун аксарият ёзувчи ижодкорлар ҳақиқатдан анча йироқда, яъни ўз оламидан чиқмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни адабиётшунослар “ёзувчининг ўзига хос услуби” ёки унинг руҳий кечинмаси маҳсули, дея баҳолашади ва олқишлаб баъзан кўкка кўтаришади. Аслида, очиқроқ айтганда, буни “маълум бир қобиққа айланиш” ёки ижодкорларнинг ташқи оламдан ҳадиксираши, журъатсизлиги маҳсули, дея баҳолаш ҳам мумкин. Шу аснода ўзбек адабиётининг келажагига қандай қарайсиз?

Сурхон, АҚШ Бруклин.

Умарали Норматов: АҚШ, Бруклиндаги Сурхон исмли укамизнинг фикрига қўшиламан. “Бугун аксарият ёзувчи ижодкорлар ҳақиқатдан анча йироқда, яъни ўз оламидан чиқмаётгани ҳеч кимга сир эмас”. Биз танқидчилар буни кўпинча оқлаймиз, ўзига хослик, модернизм, постмодернизмга хос хусусият тарзида баҳолаймиз.

“Шарқ юлдузи” журнали ўтган йили 6-сонида “Янги авлод овози” номи остида давра суҳбати ўтказди: давра суҳбатини якунлаш менинг чекимга тушди. Жумладан, шундай дедим: Гурунг чоғи ўртага ташланган ҳар хил “изм”ларга, “ўйин”ларга ортиқча берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаяпмизми, деган иддао устида тўхталиб ўтсам. Бунинг ёнига ДАРДнинг ўзи тақозо этадиган яна бир бош ҳарфлар билан ёзилиши шарт бўлган ИЛҲОМни ҳам қўшган бўлардим.

-Ўтган асрда яратилган энг яхши асарлар “Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Уфқ”, “Улуғбек хазинаси”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Тушда кечган умрлар”, “Отамдан қолган далалар”, “Мувозанат”, “Гўрўғли”каби романлар шакл-шамойилидан қатъи назар, ана шундай теран ижтимоий дард ва илҳом самарасидир.

Ассалому алайкум Домла,

Ҳурматли, домла, сизлар, хурматли ўзбек адиблари, Сталин репрессиясининг қурбонлари ҳақида кўп гапирасизлар, аммо Сталин қатағонидан кам бўлмаган бугунги қатағонлар қурбонлари ҳақида нега гапирмайсизлар? Гапирсангизлар, бу ҳаётингизга таҳлика пайдо қиладими? Агар таҳлика бўлмаса, бу аччиқ реалликни нега хаспушлайсизлар, яширасизлар? Масалан, сиздан ёш жиҳатидан бироз кичик бўлган адабиёт намояндаси, улуғ шоир, марҳум Рауф Парфи бу репрессиялар ҳақда очиқ гапиришдан қўрқмади ва гапирди. Аммо унга ҳеч ким тегмади - бунинг сабаби нимада? Сизнингча, адиб учун жасорат - телбаликми ёки табиий ҳолми?.

Раҳмат.

Шариф, Олма-Ота

Умарали Норматов: Шарифжон, саволингиз жуда ваҳимали, қуруқ даъво: “Сталин қатағонидан кам бўлмаган бугунги қатағонлар қурбонлари ҳақида нега гапирмайсизлар?”.

Аммо далил йўқ, ҳеч қандай далил келтирилмаган. Сталин қатағонлари миқёси билан тенг оммавий репрессиялар ўша даврда содир бўлди. Ундан кейин, Хрушчев, Брежнев ёки Горбачев даврида содир бўлгани йўқ-ку?.

Рауф Парфини жим турмаган, дейсиз, у аслида ниҳоятда осойишта, дарвешона ҳаёт кечирган.

Қонуний, демократик жамиятда ким қандай жиноят қилса, у ёзувчи бўладими, фермер бўладими, муҳандисми ёки тадбиркорми, жиноятига яраша жазо олиши керак. Бу менинг билганларим. Билмаганларим ҳақида эса бир нарса деёлмайман.

Муҳтарам домла! Жаҳон адабиётининг улкан намояндаси, одоб намуналари ва умуминсоний қадриятлар моҳиятини ўз асарларида моҳирона очиб берган аллома Муслиҳиддин Саъдий Шерозий ҳазратлпри ўз тахаллусларини айнан “Саъдий” деб танлашида нимага ёки кимга нисбат берган?

Одилжон Маҳдумий, Ўш

Умарали Норматов: Мароқли савол. Аввало “Саъдий” сўзининг ўзаги “саъд” – бахт, толе, яхшилик маъноларини англатади. Ҳақиқатан, у замондошлари орасида энг бахтлиси, 110 йил яшади, юксак эҳтиромларга эришди, асарлари довруғи жаҳон бўйлаб тарқалган.

“Саъдий” тахаллусининг иккинчи маъноси Муслиҳиддин отадан етим қолганлиги, замондоши олижаноб бир сиймо Саъди ибн Занги тарбиясини олганлиги,унинг ҳомийлигида Боғдоддаги Низомия мадрасида таълим олганлиги билан боғлиқ. “Саъдий” тахаллусини ўша зотдан олган.

Ассалому алайкум домла. "Қодирийнинг сўнгги илтижоси" мақолангизни катта қизиқиш билан ўқидим. Қодирий бобомизнинг айнан шу тахлит отилганликларини тасдиқловчи бошқа манбаъ, ҳужжатлар ҳам борми?. Раҳмат.

Шуҳрат, Тошкент

Умарали Норматов: “Қодирийнинг сўнгги илтижоси” “Шарқ юлдузи”да эълон этилганидан бери ўтган бир йил давомида йўлланаётган саволлар оқими тўхтагани йўқ; камина ҳам масалага ойдинлик киритиш йўлида изланишларимни давом эттирмоқдаман. Шу орада 2 та муҳим ҳужжат қўлимга тушди.

1. Қодирий шахсиятига хос мардоналикни тасдиқловчи адибнинг “Суддаги нутқ”ида айтилган “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “иҳ” дейдирган йигит эмасман... Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмас” деган сўзларини келтирган эдим.

2. Ҳабибулла ака суҳбатларида айни шундай сўзларни “отамиз оилавий давраларда ҳам айтарди” дердилар. Ёдимдан кўтарилмаган экан, айни шу ҳужжатни яқинда Ҳабибулла Қодирий қаламига мансуб “Қодирийнинг сўнгги кунлари” қиссасидан топдим. Мана ўша парча:

“Мен ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар кўкрагимни кериб тураман. Фақат ўқ ботган чоғда кишида бир лаҳзалик қийналиш, беҳузурлик бўлади холос”, дер эдилар баъзан оилавий суҳбатларда мавруди келиб қолганда “ (“Ёшлик”, 1989, 7-сон, 53-бет).

Ассалому алайкум. Совет даврида социалистик реализм адабиёт назариясидаги асосий йўналиш бўлган. Мен сиз ва бошқа адабиётчиларнинг ушбу метод кўкларга кўтарилган кўплаб мақолаларини ўқиганман. Бугунги фикрингизни билишни истардим.

Иккинчи савол- бугун ўзбек адабиётида қайси йўналиш, метод устунлик қилади, деб айтган бўлардингиз?

Китобхон, Самарқанд

Умарали Норматов: Энди бу жуда жиддий савол. Ҳақиқатан ҳам 60-70-йилларда шу мавзуда жуда кўп ёзганман. Аммо мен бугун ёзган мақолаларимдан ор қиладиган ҳолатда эмасман. Бу менинг тилимни қисиб қўйиш учун берилган саволга жавобни ўзим эмас, 2004 йили чоп этилган “Ўзбек адабий танқидчилиги” ўқув қўлланмаси муаллифи Баҳодир Раҳмонов сўзлари орқали берсам адолатли бўлар деб ўйлайман. «Ҳозирда баъзилар У. Норматовни «социалистик реализм ҳақида энг кўп ёзган» дея маломат қилмоқчи бўлишади. Дарҳақиқат, олим 70-80-йилларда социалистик реализм масалаларига бағишлаб қатор (5таси саналади) мақолалар ёзди. Бироқ бир нарсани эътироф этиш керак: У. Норматов ҳеч вақт методни догматик тушунган эмас, аксинча, ҳамиша социалистик реализмни «очиқ система» деб билганлар қаторида бўлган, унинг рамкаларини кенгайтиришга интилган. Айтмоқчимизки, У. Норматов талқинидаги социалистик реализм билан 30-, 40-, 50-йиллар тушунчасидаги қотиб қолган қолипни бир хил тушуниш хатодир» (Б. Раҳмонов. Ўзбек адабий танқидчилиги. Т., «Янги аср авлоди», 2004, 214-бет) .

Менинг айни шу “очиқ система” концепцияси асосида 60-80-йилларда яратилган энг етук асарлар таҳлилларига оид мақола, суҳбат, тадқиқотларимга холисона кўз билан бир қур назар ташлаб кўринг, аллоҳга шукур, элим, адабиётим олдида юзим ёруғ – ўша кезлари яратилган энг яхши асарларни ҳимоя қилиб чиқдим. Шу мақолаларимнинг ҳаммасини мен бугун ҳам эълон қилишга тайёрман.

Бугунги ўзбек прозаси, романчилиги ҳақидаги фикрларингизни билишни истардим. Раҳмат.

Шукрулло. Бухоро

Умарали Норматов: Ҳозир мамлакатимизда 100 дан ортиқ нашриётларда чоп этилаётган насрий асарлар, романларни баъзан мана ман деган навқирон мунаққид тўла ўқиб улгуролмайди. Жумладан, мен ҳам. Сўнгги йилларда энг яхши, жаҳон билан бўйлаша оладиган насрий асарлар сирасида, аввало, Муҳаммад Алининг “Улуғ Салтанат” тетралогиясини (20 йиллик меҳнат), Эркин Аъзамнинг “Шовқин”, Назар Эшонқулнинг “Гўрўғли”романини , Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар”, “Онайизорим” қиссаси, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре” ҳикояси, Улуғбек Ҳамдамнинг “Наъаматак” мини романини мисол қилиб келтириш мумкин.

Домла, сиз раҳматли Шароф Рашидов асарлари ҳақида ҳам кўп ёзгансиз. У киши ҳақида қандай хотираларингиз бор?. Олдиндан миннатдорман.

Шарофбек, Жиззах

Умарали Норматов: Шароф Рашидов ўз даврининг инсофли, ҳалол раҳбар ходими эди. Унинг ўзига хос ижодий мероси ҳам бор. “Кашмир қўшиғи”ни мен энг яхши асари, деб биламан. 70-йилларда чиққан 2та китобимни у зотга тақдим этганимда, ёрдамчиси орқали ташаккур билдирган. У билан бевосита алоқада бўлган эмасман. Бир асари ҳақида ёзганман холос.

Профессор Умарали Норматов билан суҳбатнинг тўлиқ аудио вариантини мана бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ