Пентагон Ўзбекистонни "хавфли ҳудудлар" рўйхатидан олиб ташлади

Image caption Ўзбекистонга қўшни Афғонистон америкалик ҳарбийлар учун ҳамон "хавфли ҳудуд" ҳисобланади

Қўшма Штатлар Ўзбекистон дохил дунёнинг баъзи мамлакатларини Америкалик ҳарбийларнинг алоҳида эътиборига молик "хавфли ҳудудлар" рўйхатидан олиб ташлаган.

Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги чиқарган баёнотга кўра, бундай қарор вазирлик бош штаби ва бошқа ҳарбий хизматлар билан келишилган ҳолда олинган.

Вазирликка кўра, америкалик ҳарбийлар ҳаётига хавф даражаси фуқаролар уруши, оммавий норозиликлар, терроризм ёда уруш ҳолатида бўлган дунёнинг кўплаб мамлакатларида озайган.

Қўшма Штатлар ўз ҳарбийлари учун хавфли ҳисобланган мамлакатлар рўйхатини вақти-вақти билан янгилаб туради.

Охирги бор бу рўйхат 2007 йилда тузилган эди.

Янги рўйхатдан Ўзбекистондан ташқари яна саккиз мамлакат, жумладан Тожикистон ва Қирғизистон ҳам олиб ташланган.

Аммо Ироқ, Афғонистон, Ливан, Иордания, Покистон, Сурия, Яман ва Миср ҳамон "хавфли ҳудудлар" рўйхатида қолмоқда.

"Хавфли ҳудудлар" рўйхатининг қисқариши АҚШ Мудофаа вазирлигига 100 миллион доллар маблағни тежаш имконини беради.