Марказий Банкнинг валюта айирбошлаш ҳақидаги қарори долзарб эмасми?

Image caption Бозор йигирма йилдан бери асосан "қора"

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларнинг валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартибига ўзгартиришлар киритган. Бироқ мутахассислар ушбу қарор Ўзбекистонда долзарб эмаслигини таъкидлашмоқда.

Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинган қарорга кўра жисмоний шахслар энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан кўпроқ пул алмаштирса алмаштирувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади ва ушбу операциялар тегишли маълумотларни электрон тизимга киритиш орқали амалга оширилиши шарт.

Бироқ Би-би-си изланишларидан шу нарса маълум бўлганки, Ўзбекистонда айирбошлаш шаҳобчалари деярли фаолият юритмайди. Юритган вақтда ҳам ҳаттоки 100 долларлик пулни айирбошлаш учун ҳам паспорт талаб қилинади ва маълумотлар электрон тизимга киритилади.

Ушбу қарорда айирбошлаш шаҳобчаларидаги операцияни амалга ошириш учун энг кам иш миқдори даражаси ўзгартирилганини кўриш мумкин.

Низомда кўрсатилишича, олдин фуқаро энг кам иш ҳақининг 1000 баробаридан кўп пул алмаштиргандагина паспорт талаб қилинган ва ушбу амалиёт электрон тизимга киритилган бўлса, энди ушбу кўрсатгич 100 баробаргача туширилган.

Бу борада масалага аниқлик киритиш учун Марказий Банк билан боғланиб бирор расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бироқ ушбу тизимга яқин манбаа, бу қарорнинг ҳаётда долзарб эмаслигини билдирди. Унга кўра қарор Жиноий йўл билан ортирилган даромадларни легаллаштиришни жаҳон стандартларига мослаштириш учун қабул қилинган.

Қарорнинг ҳаётда катта ўрни йўқлигига сабаб Ўзбекистонда айирбошлаш шаҳобчалари деярли фаолият юритмай қўйган.

Лекин паспорт масаласига келсак, исталган шахс бирор валюта операциясини амалга ошираётганда ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

“Қарорда энг кам иш ҳақининг 100 баробари деб кўрсатилган бўлса ҳам сиз 100 долларни бошқа бир валютага алмаштирмоқчи ёки пластик карточкага туширмоқчи бўлсангиз сиздан паспорт талаб қилишади”, дейди мутахассис.

Бу ерда қарор ўз кучини йўқотиб банкларнинг ички тартиби, таъбир жоиз бўлса ёзилмаган қонунлари ишга тушади.

Яъни мутахассиснинг айтишича, сиз қарорда энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача паспортсиз операция қилишим мумкин, деб амалда талаб қўя олмайсиз.

Паспорт талаб қилиш ва кўрсатиш Ўзбекистонда жуда кенг ёйилганидан бундай талабни қўйувчи мижознинг ўзи ҳам топилмаслиги айтилади.

Жиззах вилоятидаги банклардан бирининг валюта бўлимида ишлайдиган мутахассис ҳам қарорнинг мазмунига тушунмаганлигини билдирди.

Унга кўра ҳозир Жиззах вилоятида айирбошлаш шаҳобчалари деярли фаолият юритмайди. Доллар олмоқчи бўлган шахслар пластик карта очишади ва Марказий Банк белгилаб берган энг кўп 2000 долларгача ҳисоб рақамига тушириб беришади.

Ушбу амалиётларнинг ҳаммаси мижоз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилганидан сўнг амалга оширилади. Ушбу амалиётларнинг ҳаммаси қанча миқдорда бўлишидан қатъий назар махсус электрон тизимга киритилади.

Мутахассис Марказий Банк томонидан нима учун бундай қарор қабул қилинганида маъно кўрмаганини билдирди.

Бу мавзуда батафсилроқ