'Дарёга қанча кўп тўғон қўйсанг, оқими шунча секинлашади'

Бухоро шаҳридаги Интернет-кафе(Фейсбукдан олинган сурат)

Ўзбекистон Интернет тезлиги бобида дунёдаги энг қолоқ мамлакатлардан бири.

Нет Индекс халқаро ширкати хулосаларига кўра, жаҳоннинг 188 мамлакати орасида Ўзбекистон энг ривожланмаган давлатлар қаторидан 170-ўринни эгаллаган.

Шундоқ ҳам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир неча бор жаҳондаги энг ашаддий интернет душманлари қаторига киритиган.

Ўзбекистонда мустақил интернет саҳифалари тақиқланади ва интернет фаолияти қаттиқ назорат остида.

Би-би-си Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган Uzmetronom.com веб-сайти муҳаррири Сергей Ежков билан боғланиб, унинг интернетда ишлаш тажрибаси ҳақида сўради.

Сергей Ежков: Менинг ҳар куни кўрадиганим Ўзбекистонда Интернет анча секин ишлайди. Буни айниқса, узоқ ёки яқин хориждан Ўзбекистонга қайтганингда яққол сезасан. Нима учун бундай? Бунинг сабабини мен билмайман, чунки мен бу соҳа мутахассиси эмасман. Лекин буни сабаби бўлиши керак. Аммо мен овутадиган бир гап айтишим мумкин. Бундан 6-7 йил олдин тезлик ҳаддан зиёд секин эди. Мен компютеримда очишга қўйган саҳифа очилиши учун ташқарига чиқиб сигарет тутатиб қайтиб келишим керак эди. Шунча кўп вақт кетарди. Ҳозир ўша пайтга қараганда тезлашган. Ҳозир бир Интернет саҳифа очилишига кетадиган вақтда мен сигарет чекиб улгурмайман.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистондаги Интернет секинлиги айниқса хориждан қайтгандан кейин билинади, дедингиз. Мисол учун Россия ёки Қозоғистондаги тезликка солиштирганмисиз?

Сергей Ежков: Мен охирги пайтларда Қозоғистонда бўлганим йўқ. Россия билан қиёслашим мумкин. Олмониядаги тезликка солиштиришим мумкин. Қайсидир йили Бишкекда бўлгандим, бу мамлакатлардаги Интернет тезлиги билан биздаги тезлик ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

Би-би-си: Телекоммуникация учун масъул Ўзбек расмийларининг ҳисоботларида йилдан-йилга Интернет траффиги ошириб борилаётгани айтилади. Унда нега Интернет тезлига ҳам ортмаяпти, деб ўйлайсиз?

Сергей Ежков: Йўқ, мен ўйлайманки, Интернет траффиги кўпайтириб борилаётгани сезилаяпти. Боя айтганимдек, аввал тамаки чекиб қайтгунимча очилмаган сайтлар ҳозир тезроқ очилаяпти.

Би-би-си: Бу секинлик мамлакатда Интернет фойдаланувчиларнинг сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

Сергей Ежков: Бизда эълон қилинаётган Интернет фойдаланувчиларининг сони мени доим ҳайрон қолдиради. Ким Интернет фойдаланувчи ҳисобланади? Фақат Одноклассники саҳифасига ёки фақат электрон почтасини текшириш учун Интернетга кирадиган одам бошқа, у ерга мунтазам кириб янгиликлардан бохабар бўладиган фойдаланувчи бошқа. Шунинг учун уларнинг сонини ҳисоб-китоб қилишга жуда жўн ёндашилган. Бироқ албатта, илгари силжиш бор. Бугун ўзининг ҳаётини Интернетсиз тасаввур қила олмайдиган ёшлар вояга етган.

Би-би-си: Бир неча йил олдин Тошкентдаги Интернет провайдери ҳисобланган ширкат раҳбарларидан бири Ўзбекистон Интернетга уланиш учун Хитойнинг фазодаги сунъий йўлдошларидан фойдаланиши ҳақида айтганди. Бугун ҳам вазият шундайми ёки ўзгарганми?

Сергей Ежков: Мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман ва бир нарса дея олмайман. Бу ҳақда соҳани биладиган мутахассис билан гаплашган маъқул. Лекин Интернет провайдер ширкат ходими менга Ўзбекистондаги Интернетни дарёга қиёслаб тушунтирган эди. Бу дарёга қанча кўп фильтр ёки тўғон қўйсанг, дарё оқими шунчалик секинлашади. Балки аҳволни шу билан изоҳлаш мумкиндир.

Бу мавзуда батафсилроқ