Шоберди Бахши: тўхтовсиз олти соат достон айтдим, кўпкари қолиб кетди

Ўзбекистон Халқ бахшиси Шоберди Болтаев 1944 йили Бойсун туманидаги Хўжабулғон қишлоғида туғилган.

Унинг асли касби ўқитувчилик, узоқ йиллар давомида мактабда ёшларга сабоқ берган.

Шоберди Бахши достон ва термаларни дўмбира билан куйлашни устози Хушбоқ бахшидан ўрганган.

У дастлаб термаларни куйлаб кўпчилик эътиборига тушган.

Шоберди Бахшининг "Ойпари", "Дўмбирам", "Билмадим", Оғажон", "Меҳмондин" ва "Тилар" каби 30 га яқин термалари мухлислар орасида машҳур.

Бахшининг куйлайдиган достонлари соатлаб давом этади.

Унинг репертуаридан "Алпомиш", "Кунтуғмиш", "Олтин қабоқ", "Сулувхон", "Ойпарча", "Малла савдогар", "Санам гавҳар" ва "Оллоназар Олчинбек" каби 40 дан ортиқ достонлар жой олган.

Шоберди Бахши 1999 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

2000 йилда унга Ўзбекистон Халқ бахшиси унвони берилган.

Шоберди Бахши Марказий Осиё бахшилари ўртасидаги қатор танловларда олий мукофотларни қўлга киритган.

У ўнлаб шогирдларига Ўзбек халқи оғзаки ижоди бетакрор тури бўлган бахшилик сирларини ўргатиб келмоқда.

Би-би-си меҳмони - Ўзбекистон Халқ бахшиси Шоберди Болтаев билан суҳбат

Би-би-си: Сизнинг бахшиликка қизиқишингизга нима сабаб бўлган?

Шоберди Бахши: Авваламбор, ўша ёқда туриб, бизнинг санъатимизнинг ҳурматига етиб, яхши кўрган мухлисларга ўзимнинг минннатдорчилигимни изҳор этаман. Бизнинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларимиз азалдан бахшилик санъатига қизиқиб келган. Бу санъат ўтмишда ўтган бахшиларнинг қўлидаги дўмбираси билан, овози билан элимизда оғиздан-оғизга айтиб келинган. Мана бугунга келиб мамлакатимизда бахшилик санъати кенг ривожланиб кетди. Менинг бахшиликка қизиқишимга туртки берган нарса - отам Болта Алиев маҳоратли созанда бўлган. Дўмбирани чиройли чертган. 32 та нағма қайтарган. 32 та куй. Куйни бахшичилик йўлида нағма дейди. Отамнинг тоғаси Давла бахши бўлган эканлар. Бу санъатнинг менга келиб уйғониши - русларда "наследство" дейди, ўзимизнинг тилимизда айтсак, бу санъат қонимда бор. Мактабнинг биринчи синфига борганимдан бошлаб дўмбира чалишга ҳавас қўйганман. Шундай ҳавас қўйганманки, уйда отам йўқлигида яшириниб, у хонадан бу хонага ўтиб, деразадан ошиб ўтиб, дўмбирани "ўғирлаб" чалишга ҳаракат килганман. Отам "дўмбирага ким тегинди", деб онамдан сўраганида, онам раҳматли айтган эканлар: "Бир сен чертасанми, улларингнинг бирортаси ўргансин-да". Отам "бўлмаса, майли", деб мени олдиларига олди. 4-5 синфга ўтганимдан кейин отам мени олдига олиб ўтирди. Мен ўнг қўлим билан дўмбирани чертаман, отам чап қўли билан нағмаларини қоқдилар. Достон айтиш, терма айтиш сирларини Хушбоқ бахши Мардонақуловдан ўргандим.

Би-би-си: Талабалик йилларингизда, шундайми?

Шоберди Бахши: Ҳа, Термиз институтига 1968 йилда ўқишга кирдим. Хушбоқ бахши ҳам ўша йиллар талаба бўлди. Ўшанда унинг ёши 45-50 ларда эди. Лекин талабалик йилларим ўзим достон, терма айтганим йўқ ва ижро этишни ўрганиб юрдим. Институтни тугатгандан кейин, 1976 йилда биринчи марта ички овозда "Ойпари" деган термани айтдим. Менинг илк бор айтган термам "Ойпари" бўлган.

Ойпари ўзи ордай бўп,

Ишланмаган шордай бўп,

Жуядия жувонмарг,

Тумор таққан тойдай бўп.

Би-би-си: "Ойпари" термасининг сўзлари муаллифи ким бўлган?

Шоберди Бахши: Устозим Хушбоқ бахши. Шундан кейин аста-секин, аста-секин буваларнинг ичига -давраларига чақира бошладилар. "Бойсундан бир бахши чиқипти. Дўмбирага ёмон уста экан", деган гаплар тарқалди. Чунки менинг отам созанда бўлган-да, дўмбирани жуда яхши чалган. Шундай қилиб танилдим.

Би-би-си: Шоберди ака, бахшилик санъати Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида ҳам бор. Россиянинг Олтой ўлкаларидаги халқларнинг оғзаки ижоди ҳам бахшиликка яқинлигини кўриш мумкин. Умуман, бахшилик санъати қандай пайдо бўлган?

Шоберди Бахши: Тўғри, ҳар бир элнинг ўзининг эпоси бор. Масалан, қирғизларнинг "Манас"и бор. Қозоқларнинг оқини бор. Қорақалпоқларнинг қўбиз билан куйлайдиган жирови бор. Шулар жумласида Ўзбекистонимизнинг жанубий минтақаси - Сурхондарё билан Қашқадарёнинг халқи орасида бу санъат жуда ҳам қадимдан айтилиб келинган. Хусусан, "Алпомиш" достони. Лекин илгари терма, достон куйлаган кишини "юзбоши" деб атар эди. Юзта одамни тўда қилиб, яъни бир жойга йиғиб, бу даврага бир киши бош бўлиб, дўмбира чертиб айтар эди, бу одамни юзбоши дер эди. Ёки созанда. Дўмбирани чертган кишини созанда дейди. Кейинчалик келиб, бундай одамларни "бахши" деб атай бошладилар. Олдинги замонларда деб фол очадиган инсонни "бахши" деб аташар эди. Мана ҳозир достон ва терма куйлайдиган кишиларни бахши деб аташади. Бизда "Алпомиш" достони IX асрлардан айтиб келинади. 2000 йилда Ўзбекистонда "Алпомиш" достони яратилганининг 1000 йиллигини нишонладик. "Алпомиш" достони қайси халққа тегишли, деб тортишув бўлди. Қозоқлар "бу достон бизники", деди. Қорақалпоқлар "бизники" деди. Охири келиб олимлар, "Алпомиш Бойсун-Қўнғироқ элида ўтган", деб тасдиқладилар. Чиндан ҳам Алпомиш бизнинг Бойсун туманизда яшаб ўтган.

Савол: Бахшилик, достончилик халқнинг ўз миллий қаҳрамонларини улуғлаш мақсадида пайдо бўлган санъат турими?

Шоберди Бахши: Худди шундай. Масалан, "Алпомиш" достонида мардлик, ғурур, ор-номус улуғланади. Достонда Алпомиш, унинг ёри, жуфти ҳалоли Барчиной ҳақида ҳикоя қилинади. Ака-ука Бойсари ва Бойбўрилар тақдири бу достондан ўрин олган.

Би-би-си: Мана шу "Алпомиш" достонини 1000 йил давомида авлоддан-авлодга ўтказиб келиш осон эмас. Шунча узоқ давқт давомида унутилиши мумкин эди, достонинг шу пайтгача етиб келиши жараёни халқа бўлса, бу халқанинг бир занжири узилиб қолиши ҳам мумкин эди. Достоннинг асраб-авайлаб олиб келинишига қандай қилиб эришилган?

Шоберди Бахши:Аждоддан авлодга айтиб келинадиган нарса ҳақида "бир хароб бўлган жой бориб-бориб бир обод бўлади", деган тўқсон олти машойих. Шунинг учун орада бир унутилиб кетди, мана ҳозирга келиб яна қайтадан обод бўлиб, авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга ўтиб келаяпти. Олдин бизнинг Сурхондарёда Шерна бахши, Шатора бахши, Мардонақул бахши, Нормурод бахши, Улаш бахшилар ўтишган. Улардан кейинги авлод биз бўлдик. Мана ҳозир биз ҳам 70 ёшга кириб кексайиб қолдик. Биздан кейин кенжа авлод вакиллари етишиб келаяпти. Айниқса, бизнинг Сурхондарёмизда 40 қа яқин шогирд бахши бор. Ўзбекистонимизда иккита бахшилик мактаби бўлган. Биринчиси, Самарқанд достончилик мактаби Эргаш Жуманбулбул тарбияси остида. Иккинчиси, Шеробод достончилик мактаби. Бу мактаб етакчиси Шерна бахши бўлган. Шерна бахши, Мардонақул бахши, Нормурод бахши бир авлод вакиллари бўлган. Мардонақул бахшининг ўғли - менинг устозим Хушбоқ бахши. Хушбоқ бахшидан мен ўргандим. Мана шу нарсалар туртки бўлиб келаяпти-да.

Би-би-си: Сиз ҳозирги ёш бахшилар ижодига қандай баҳо берасиз?

Шоберди бахши: "Алпомиш" достонининг 1000 йиллиги нишонланганидан кейин ҳар икки йилда ёш бахшиларнинг кўрик-танловини ўтказиш таклифи киритилди. Даставвал бу танлов туманларда ўтказилади. Туман босқичларидан ўтган ёш бахши вилоят босқичига ўтади. Вилоят босқичида биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни қўлга киритган 3-4 нафари республика миқёсидаги кўрик-танловларда иштирок этиб келаяпти. Ана шунга қизиқиб, бахшиларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораяпти.

Би-би-си: Ҳозир ёш бахшиларнинг сонини қанча дейиш мумкин Ўзбекистонда?

Шоберди Бахши: Ўзбекистонимизда ҳозир ёш бахшиларнинг сони 50 тага етади. Улар қандай қилиб ўрганди, деб мендан сўрашингиз мумкин. Менинг олдимга келиб "мен сизга шогирдликка тушаяпман", деса, мен дўмбирани ушлашни кўрсат, дейман. Дўмбирани чертиб кўрсат, дейман. Биринчи шартим нағма бўлади. Бахшининг санъатида учта нарса муҳим бўлади. Биринчиси, соз. Дўмбирада нағмани жуда ҳам қиёмига етказиб чертиш керак. Мағзини чақиш керак, қаймоқдек қилиб қайтариши керак. Иккинчиси, овоз. Жарангдор овоз. Ундан кейин сўз, хаёл. Агар халқнинг орасида дўмбирада нағмасини жуда ҳам чиройли чалиб, халқни ўзига қаратиб олган бахши бўлса, халқ айтади: "оддий бир чўпдан шундай зўр овоз чиқаяпти, достонни ҳам бошқача айтса керак". Шундай деб халқ тарқалиб кетмайди, муккасидан кетиб бахшига қулоқ солади. Масалан, яқинда 9 ноябр куни мени бир тўйга таклиф қилди. Бу кўпкарили тўй эди. Мен айтишни бошладим. Кўпкарига такани олиб чиқиб кетишди. Лекин мени эшитиб турган бирор киши кўпкарига бормади. Олти соат достон айтдим. "Алпомиш"ни айтинг, дейишди. Уни айтиб бўлганимдан кейин "Гўрўғли"дан айтинг, деди. "Гўрўғли"дан айтдим. Кейин "Келмай"дан айтинг, деди. "Келмай"дан айтдим.

Би-би-си: Тўхтовсиз 6 соат достон айтдингизми?

Шоберди Бахши: Олти соат айтдим. Микрофонда эълон қилди "ҳамма кўпкарига" деб. Уч марта эълон қилди. Ҳеч ким бормади. Бутун халқ мени ўртага олди. "Бугун айтсам, бир марта айтайин", деб айтаётиб эдим, тўйнинг эгаси келиб мендан сўради:

- "Неччига кирдингиз?"

- Еттига.

- Еттига кириб шунча халқни тўхтатиб турипсиз, ота-бобонгизга раҳмат, сизди туққан онангизга руҳмат! Сиз ўзи осмондан тушдингизми, ё сизди она туққанми?

- Тўртта планета бор. Шуни бировидан келаётиб эдим, онам кўриниб қолди, шундан тушиб қолдим.

- Биз сизга қойилмиз.

Шундай қилиб соат 3 дан кейин кўпкарига кетишди.

Би-би-си: Бу тўй қайси туманда бўлди?

Шоберди Бахши: Бизнинг Бойсун туманимизда бўлди.

Савол: Сизнинг ўзингизнинг нечта шогирдингиз бор?

Шоберди Бахши: Мукаммал айтадиган олтита шогирдим бор. Менсиз мукаммал халққа бориб, ҳам дўмбира билан, ҳам достон ва терма йўллари сирларини ўрганиб олган олтита шогирдим бор. Устоз қандай бўлган бўлса, шогирд ҳам шундай бўлади. Устоз қаердан сув ичган бўлса, ўша сувдан шогирд ҳам ичган бўлади.

Тўлқин Қораев: Ассалому аълейкум Шоберди ака! 2003 йилда сиз билан учрашиш ва "Америка овози" учун интервью интервью олиш бахтига муяссар бўлган эдим. Хорижда ўзбек бахшилик санъати ихлосмандлари оз эмас ва куйлаб келаётган достонларингиздан уларни ҳам баҳраманд қилиш учун нималар режалагансиз? Достонларни дискларда ёзиб тарқатиш имконлари бор деб биласизми?

Худди шу мазмундаги саволларни Швейцариядан Қурбоной Камол, Дубайдан Маҳмуд ва яна бир неча ўқувчимиз йўллаган.

Шоберди Бахши: Ҳосила Раҳимова Тошкентда оқ ўтов қуриб, сумалак байрамини ташкил қилди. Мен ва Ҳосила Раҳимова ўша сумалак байрамида хизмат қилдик. Ўша сумалак байрамининг диски чиққан. Бу дискка "Сумалак" деб ном берилган. Ўша ерда мен қотириб туриб дўмбира чертиб терма айтганман. Ўша видео-диск Тошкентда сотилаяпти. Хориж мамлакатларига ҳам чиқиб кетган. Туркияга чиққан, яна қайсидир мамлакатларга чиқиб кетган. Хоҳлаган кишилар Тошкентдаги дисклар билан савдо қиладиган дўконлардан сотиб олишлари мумкин.

Би-би-си: Сиз ўзингиз "Алпомиш" достонини алоҳида бир диск қилиб, "Гўрўғли" достонини алоҳида бир диск қилиб чиқариш ниятингиз борми?

Шоберди Бахши: "Гўрўғли" туркумидаги Авазхон достонидаги "Нуралининг етилиши"ни диск қилиб чиқарганман. Бошқа достонларни ҳам алоҳида дисклар ҳолида чиқариш режаси бор.

Бу мавзуда батафсилроқ