Покистон элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Image caption "Ўзбекистон ҳаво йўллари" учоғи ноқулай об-ҳаво сабаб Лаҳорга қўнган

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган Покистон элчиси билан мажбуран Лаҳор аэропортига қўнган учоқ масаласи муҳокама қилинган.

Ноқулай об-ҳаво сабаб Покистоннинг Лаҳор аэропортига қўнган учоққа ёнилғи қуйишдан бош тортилганди.

Учрашув ўзбек учоғи Покистонда муаммога дуч келган куни бўлиб ўтган.

10 январ куни Тошкентдан Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрига учган Ўзбекистон ҳаво йўллари учоғи ноқулай об-ҳаво сабаб 167 йўловчиси билан эрталабки соат 8:30 да Шри Гуру Рам Дас Джи аэропортига қўнолмаган.

Туман тарқашига умид қилган учоқ ярим соат Амритсар осмонида учиб юрган. Бироқ экипаж ёнилғи чекланганлиги сабаб Покистоннинг Лаҳор шаҳрига қўнишга қарор қилади.

Ўзбекистондаги қатор нашрлар The Times of India газетасига асосланиб ёзишича, Лаҳор аэропорт ходимлари аввалига учоққа ёнилғи қуйишдан бош тортишган.

Ушбу муаммони ечишга бир кун сарфланган, 7 соат деганда учоққа ёнилғи олишган. Кечга бориб учоқ Лаҳорни тарк этган ва 18:00 атрофида Амритсарга қўнган. У ерда 144 йўловчини тушириб, қолган 53 йўловчини олиб Деҳлига учган.

Ташқи ишлар вазирлигида Покистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Риоз Ҳуссаин Бухорий билан учрашув ҳам айнан 10 январ куни бўлиб ўтган.

Бу ҳақда вазирлик сайти 13 январ куни хабар берган.

Вазирлик сайти ёнилғи масаласининг ижобий ҳал қилинишига ушбу учрашув сабаб бўлгани борасида ахборот бермаган.

Учрашувда шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро манфаатли масалалар муҳокама этилгани билдирилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати Ҳиндистон билан Оврўпа давлатлари орасида йўловчи ташиш бўйича мустаҳкам позицияга эга эканлиги айтилади.

Ширкатнинг ушбу йўналишда барқарор мижозларга эга эканлиги нархларнинг нисбатан арзонлиги билан изоҳланади.

Давлатга тегишли Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиаширкати дунёнинг 25 давлатида ўз ваколатхонасига эга.