Ўзбекистонда бензин нархи ошаркан, қўшни давлатларда нарх аксинча тушган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистонда бензин нархининг 20 фоизга ошиши ортидан бошқа истеъмол молларида ҳам нарх кўтарилиши кузатилган. Декабр ойида мамлакатда энг кам иш ҳақи давлат томонидан 5 фоизга оширилиб 96 105 сўм ёки 33,7 доллар қилиб белгиланган эди. Би-би-си ўзбек хизмати Марказий Осиё давлатларида бензин ва ўртача маошни солиштириб кичик тадқиқот ўтказди.

Ўзбекистонда халқ орасидаги оммабоп Аи-80 бензинининг бир литри 2005 сўм ёки Марказий банк курси бўйича 91 центни ташкил қилган.

“Бензин 2005 сўм бўлди, қўлда 3 минг сўм”, - дейди ҳайдовчилардан бири.

Шунингдек, 2013 йилнинг ёзида жорий қилинган, коммерция бензини деб ном берилган бензининг нархи 2500 сўмдан 3000 сўмга ошиб 1 доллару 36 центни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонда ўртача маош вилоятларда 550 минг сўм ёки 200 долларни ташкил қилади. Бироқ кўпчилик корхоналарда ушбу маош пластик карточкаларга ўтказилиб берилади ёки пул ўрнига озиқ овқат маҳсулотлари тарқатилади. Пластик карточкадаги маблағни нақдга алмаштириш учун эса 10 фоиздан 20 фоизгача қўшимча ҳақ берилади.

Қўшни Қозоғистонда Аи-80 бензини 100 танга ёки 64 центдан олиш мумкин. Олма ота шаҳридаги дўконларнинг бирида иш юритувчи бўлиб ишловчи Адҳамжон Тожибоевнинг айтишича, дўкондаги сотувчиларнинг ўртача ойлиги 400 долларни ташкил қилади.

“Ўртача 400 доллар маош олишади. Лекин мошина минадиганлар ундан кўпроқ олишади. Киракашлик қилувчилар, ҳайдовчи бўлиб ишловчилар камида 700-1000 доллар маош олади. Бир ойда юришингизга қараб 200-300 доллар бензинга кетади”.

Адҳамжоннинг ишхонаси бензин учун алоҳида пул ажратади. У машинасига Аи-92 бензинин қуяди. Унинг бир литри Қозоғистонда 115 танга ёки 74 центни ташкил қилади. Қозоғистонда маҳаллий ва Россиядан келтирилган бензин сотилади. Нархлар бир биридан фарқ қилмайди.

Қироғизистоннинг Ўш шаҳри университетда кабинет мудири бўлиб ишловчи Давронбек Муйдиновнинг айтишича, шаҳарда бензин Аи-80 бензиннинг нархи 35 сўм ёки 70 цент. У машинасига Аи-90 қуяди унинг нархи 38 сўми 70 тийин.

“Мен 5300 сўм ёки 110 доллар ойлик оламан. Бу пул бензин олиш у ёқда турсин тушлик қилишга ҳам етмайди. Қўшимча бошқа ишлар ҳам қилишга тўғри келади. Уйга пул олиб кирмасак ҳам оғирлигимиз тушмайди”.

Давронбекнинг айтишича, Ўшда ўртача ойлик 150 доллардан бошланади.

“Давлат ишларида ўртача ойлик 150-200 долларнинг атрофида. Олий ўқув юртидаги доцентларнинг маошлари 300 долларга яқинроқ”.

Давронбек Қирғизистонга бензин асосан Россиядан келишини айтаркан, бензин тақчиллиги каби муаммо кузатилмаганини билдирди. Аммо нархлар кўтарилиб ёки аксинча тушиб туради.

“Қиш келишадн олдин бензин 41 сўм эди. Ҳозир 38 сўм бўлиб қолибди. Нарх уч сўмга тушган”.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида банк соҳасида ишловчи Ойбекжоннинг айтишича, бензин Тожикистонда Қирғизистонга қараганда бироз қимматроқ.

“Аи-80 4 сомони 40 дирҳам, бу долларга ҳисоблаганда 90 цент бўлади. Мен ўзим 92 маркали бензинда ҳайдайман. У ҳозир 4 сомони 80 дирҳамга тушди. Россия божхона тўловларини олиб ташлаганидан кейин нархлар тушиб қолди. Сўғд вилоятида Аи-92 97 центни ташкил қилиб турибди”.

Декабр ойидан бошлаб Россиядан келтирилувчи бензиннинг нархи тушган. Олдин бир литр Аи-90 маркаси 5,6 сомони бўлган.

Ойбекжон Сўғд вилоятида ўртача маош 200-400 долларни ташкил қилишини айтади.

“Ўртача ойлик минг сомнидан 2000 сомонигача. Долларга ҳисобласак, 200 доллардан 400 долларгача бўлади. Шахсан ўзим ҳар ой 100 доллар бензинга сарлайман”.

Ойбекжоннинг айтишича, яшаб турган жойида сўнгги 5 йилнинг ичида бензин тақчиллиги каби муаммо кузатилмаган. У ерда ҳам қўлда бензин сотилади. Лекин қўлдаги бензин заправкаларга қараганда арзонроқ.

“Қўлда сотадиганлар заправкага қараганда арзонроқ сотади. Бизга безин Қирғизистондан ўтиб келади. Шунинг учун майда тадбиркорлар ўзлари олиб келиб 20-30 дирҳам арзонроқ сотади”.

Бу хусусий тадбиркорларнинг савдоси тўлиқ қонунийлаштирилган бўлиб, Ўзбекистондаги тужжорлардан фарқли равишда давлатга солиқ тўлаб туради.

Бу мавзуда батафсилроқ