Луиза Зокирова: "Наргиз ўзининг ўзбеклиги билан фахрланади. Сулоласининг анъаналарини давом эттиришни истайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи mytashkent.uz

Би-би-си меҳмони - Ўзбек санъати ривожига улкан ҳисса қўшган Зокировлар сулоласининг ёрқин вакиласи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Луиза Зокирова.

Луиза Зокирова 1938 йилда Тошкентда туғилган.

У акаси Ботир Зокиров билан Ўзбек эстрадаси асосчиларидан бири бўлган.

Ботир Зокиров ва Луиза Зокирова ижросидаги қўшиқлар 1950-, 1960-йилларда нафақат Шўролар Иттифоқи, балки бутун дунёда машҳур бўлган, ҳатто Қоҳира ресторанларида "Араб тангоси"дан олдин Луиза Зокированинг "Наманганнинг олмаси"ни қўйиш урфга айланган.

Ўзбекистонда жуда кўп оилалар айнан Луиза Зокировага ҳавас қилиб қизларига унинг исмини қўйганлар.

Шунча машҳурликка қарамасдан, Луиза Зокирова ўзи ва ижоди ҳақида гапиришдан тортинади.

Бугунги аксар ёшлар унинг фақат Наргиз Зокированинг онаси эканини биладилар, холос.

Луиза Зокирова 1995 йилдан буён ёлғиз фарзанди Наргиз ёнида - Америка Қўшма Штатларида яшайди.

Би-би-си меҳмони Луиза Зокированинг муштарийларимиз саволларига жавоблари

Нодир, Москва Assalomu alaykum Luiza opa. Men Moskvada Nargiz Zokirovaga qiziqish qancha kattaligini o'tgan yil o'z ko'zim bilan ko'rib Zokirovlar sulolasi haqida yana kuchli eslatganidan, uzbekligidan faxrlandim. Nargizning O'zi o'zbekligidan faxrlanadimi yoki O'zini amerikalik yoki rossiyalik deb biladimi? Rahmat

Луиза Зокирова: Менга бу савол жуда ҳам ёқди. Унинг ташқи кўринишига қараб бугун кўпчиликда мана шу савол туғилган. Наргиз ўзининг ўзбеклиги билан жуда фахрланади. У нафақат фахрланади, у Зокировлар номини сақлаб қолишни, муносиб сулоланинг анъаналарини давом эттиришни истайди. Қизим Наргиз биринчи ўринда ўзини ўзбек деб билади. Бу баландпарвоз сўзлар, пафос эмас, аслида ҳам шундай. У менга доим айтади: "Она, мен Зокироваман" деб.

Би-би-си: Бизга савол юборган бир неча ўқувчимиз нима учун санъатни тарк этдингиз, кўшикчиликдан узоқлашдингиз, деб сўрашган.

Луиза Зокирова: Жуда кўп сабаблар туфайли санъатдан узоқлашишимга тўғри келган. Бу сабабларнинг айримларини кўпчилик олдида айтиш одобсизлик бўлади. Санъаткор бўлиш - жуда машаққатли меҳнат. Биз - акам раҳматли Ботир Зокиров билан бирга саҳнага чиққанмиз. Биз ўзимизни санъатга бағишлаган эдик. Саҳна биз учун муқаддас бўлган. Бироқ мен ўзимнинг табиатимдан келиб чиқиб ҳар доим омма кўз ўнгидаги - "публичний" одам бўлмаганман. Шунинг учун мен кўзда тутилган 25 йилни сидқидилдан меҳнат қилдим. Бизнинг 25 йил ишлаш ва шундан кейин пенсияга чиқишимиз мумкин эди. Мен 1984 йилгача ишладим ва шундан кейин кетдим.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз сизнинг бугунги Ўзбек эстрада санъати ҳақидаги фикрларингиз билан қизиқишган.

Луиза Зокирова: Мен Ўзбек эстрада санъатини қизиқиш билан кузатиб келаётган эдим. Мен Юлдуз Усмонова саҳнага чиққанидан кейин, Озода энди-энди кўзга кўрина бошлаган пайтларгача кузатиб келдим. Ундан кейин эса қизиқмай қолдим. Бу менинг очиқ, шахсий объектив фикрим. Мен бугун кўраётганим, тинглаётганим эстрада қўшиқларининг аксарини бизнинг тушунчамиздаги Ўзбек миллий эстрада санъати деб қабул қила олмайман. Укам Фаррух Зокиров ёзаётган мусиқаларни мен ҳақиқий Ўзбек мусиқаси деб биламан. Бошқа кўп эстрада қўшиқларининг мусиқасини мен ўзбекча деб айтолмайман. Мени ёшлар кечиришсину, бу қўшиқларни мен Ўзбекча деб қабул қилолмайман.

Бобитой, Москва

Бугунги ўзбек санъатига нима етмаяпти, деб ўйлайсиз?

Луиза Зокирова: Бундан олдин айтганимдек, классик ижрочилик йўлларимизга амал қилмаслик етмаяпти. Мен бу йўлга амал қилаётганлар қаторига Севара Назархонни келтиришим мумкин ҳозирда. У мумтоз йўналишни эстрадага уйғунлаштирган ҳолда куйлайди. Мен бу йўналишни юз фоиз қувватлайман. Ўзбек қўшиқлари ана шундай жаранглаши керак. Ўзбекона оҳанглар билиниб турсин. Туркча ёки арабчага ўхшамаслиги, фарқ қилиб туриши керак. Бундан ташқари матн тўғри талаффуз қилиниши лозим. Ҳозиргилар эса нотўғри талаффуз қилишади. Бу масалан менинг "қулоғимни кесади". Мусиқа ҳам бунинг устига ўзбекча эмас бутунлай. Шунинг учун қўшиқчиликда ҳам матн ҳам мусиқада классик анъаналарга таянган ҳолда иш қилинса, эсда қоладиган асарлар яратилади деб ўйлайман.

Би-би-си: Сизга савол юборган Ёқуб, Тошкентдан Мадиёр, Токиодан Рустам Насимий, Сухумидан Хурсандбек Америка Қўшма Штатларига кетиб қолишингизга нима сабаб бўлган?- деб сўрашган.

Луиза Зокирова: Бизнинг ёшимизда биринчи навбатда албатта фарзандингизнинг келажагини ўйлайсиз. Ўзингиздан кейин болаларингиз, яқинларингизга нимадир яхши нарса қолдиришни ўйлайсиз. Менда шу савол кўндаланг турган эди ўшанда. Яъни, менда жарроҳлик амалиётидан сўнг, тўғридан-тўғри айтганда, масала ҳаёт ёки ўлим шаклида куйилганди. Яъни, жой алмаштириш, соғликни тиклаш масаласи. Менинг шифокорим Америкага боришим менинг соғлигимга фойдали бўлишини маслаҳат берди. Биз ўшанда ҳужжатларни расмийлаштириш арафасида тургандик. Турмуш ўртоғимнинг укаси бу ерда турар эди. Ва у ҳам бизнинг кўчиб келишимизни жуда хоҳлади. Ва бу пайтда менинг соғлигимни тиклаш масаласи ўртага чиққанда, табиий эрим ҳам, яқинларим ҳам кўчиш кераклигини, Америкада тиббиёт кучли эканини таъкидлашди. Айни пайтда Наргизимда ҳам ижодий жараёнида ўзгариш бўлаётган пайтлар эди. Ўша пайтлар фақат ўзбек тилида куйлаш керак, деган талаблар қўйилди. Албатта қизим ижоди тўхтаб қолмаслиги, ривожланиши учун ҳамма нарсага тайёр эди. Лекин унда ўзбек тилида куйлаш унча муваффақиятли бўлмади, мен унга ўшанда айтдим: қизим, ўзингни овора қилма, сен ўзбек тилида кўнгилдагидек куйлай олмаяпсан, дедим. Бундан ташқари невараларимнинг келажагини ҳам ўйладик. Шунинг учун Америкага келишга қарор қилганмиз.

Хурсандбек, Сухуми. Ўзбекистонга бориб турасизми?

Рустам Насимий, Токио. O'zbekistonga borib turasizmi? O'zbekiston haqidagi oxirgi taasurotlaringizni aytib bering, iltimos.

Луиза Зокирова: Ҳа, албатта бориб турамиз. Ҳар йил бора олмаймиз, ҳар икки йилда десам бўлади. Мен албатта Тошкентга бориб келаман. У ерда менинг қариндошларим, менинг жондан ортиқ кўрадиган укаларим бор. Биз олти нафар эдик, учта қолдик ҳозир. Мен уларга боғланганман, улар билан мулоқатда бўлиб туришим керак албатта.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз ҳозир ҳам қўшик айтасизми, деб сўрашган.

Луиза Зокирова: Йўқ, 1984 йилда куйлашни тўхтатганимдан сўнг, айтмадим.

Guli, UzbekistonСиз Ботир Зокиров билан жуда кўп қўшикларни жуда зўр ижро этгансиз. "Мечали" қўшиғидан озгина хиргойи қилиб бера оласизми?

Луиза Зокирова: Савол берган яхши синглимнинг аввалги тасаввурларини йўқотмаслик учун хиргойи қилмай қўя қолай.

Мадиёр, ТошкентAssalomu aleykum, Siz USA ketib nimalar topdingiz yoki nimalar yo'qotdingiz?

Луиза Зокирова: Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Лекин қисқа қилиб айтсам, менинг ёшимда ўз ҳаётинг ҳақида эмас, фарзандларинг, невараларинг келажаги ҳақида ўйларкансан. Улар олдиларига қўйган мақсадлари йўлида оғишмай ҳаракат қилиб, ниятларига етсалар. Бу ерда имкониятлар жуда катта. Шунинг учун бугунга келиб Америкада яшаётганимдан афсусланмайман. Мен буни ўзим танладим. Қизим Наргиз, уч неварам ўз олдиларига қўйган мақсадларига етдилар, етяптилар. Менга яхши тилак билдирганларнинг ҳаммаларига ниятларига етиб юришларини тилаб қоламан. Мен ўз меҳнати, умид, ишончи билан мақсадига етишадиганларни ҳурмат қиламан, яхши кўраман.

Тохир,"Mahallada duv-duv gap" fil'midagi qo'shiqlarni kuylaganmisiz?

Луиза Зокирова: "Сени излаб Зулфия" филмида мен бош қаҳрамон учун куйлаганман. Муҳаббат Шамаева бошқа қаҳрамон учун қўшиқ айтган.

Би-би-си: Бизнинг электрон почтамизга хат юборган Олимбек, Холландиядан Зафар, Россиядан Вакил сизнинг диний эътиқодингиз билан қизиқишган, Наргизнинг ташқи кўриниши ҳақида сўрашган.

Луиза Зокирова: Ойим раҳматли динга жуда амал қиладиган, эътиқодли инсон эдилар. Қуръонни ўқир эдилар, ёд билар эдилар. Шундай воқеа бўлган. Акам Ботир Москвадаги касалхонада ўпкасини операция қилишганида, бу амалиёт даво келтириши аник булмаган. Акам бу операциядан тирик чиқиши хам, чиқмаслиги хам мумкин эди. Ўша куни онам Москвада бўлганлар. У ерда масжид тополмай, черковга кирганлар. "Ўғлимга соғлик бер", деб Аллоҳга илтижо қилганлар. Ботир акам соғайиб уйга қайтганидан кейин бизга буни гапириб бергандилар, "Худо битта, менинг черковда қилган оҳимни эшитиб боламни қайтариб берди", дер эдилар. Мен ҳам шу фикрга амал қиламан шу кунгача. Худо битта, уни номини одамлар ҳар хил айтишади. Ва мен доим одамларнинг кўнглини олишга, кўнгилларини оғритмасликка ҳаракат қиламан. Албатта ҳар бир кишининг эътиқоди бўлиши керак деб биламан. Ойим айтардилар, ёмонлик қилманглар болаларим, ёмонлик қайтади барибир бир кун, деб. Наргизимнинг кўриниши унинг ички дунёсига таъсир қилмайди. Бу шунчаки шакл. Инсон мукаммал эмас, ҳамманинг айби бор. Савол берадиганлар ҳам ўзларини ҳар томонлама мукаммал деб биладими? Дунёмиздаги урушлар инсонлар бир бирини тушунмаганидан келиб чиқаяпти. Биз мукаммалликка қараб борамиз. Наргизим жудаям меҳрибон, кўнгли тоза инсон. Худога шукур. Унинг татуировкалари, сочи йўқлиги ўзига ёқади. Айнан шу кўринишда у ўзини эркин ҳис қилади. Бундан ташқари бу унинг шахсий ҳаёти.

Би-би-си: Мухлисларингиз ва муштарийларимизга қандай тилакларингиз бор?

Луиза Зокирова: Одамлар ўзларининг танлаган йўлларида қатъий ишончли бўлсинлар. Улар ўзларининг ҳаракатлари билан яхшиликни олиб юрсинлар. Одамлар бир бирларини эшитсинлар, ҳеч бўлмаганда ўз атрофидаги яқинларининг кўнглига йўл топсинлар, эътиборли бўлсинлар. Ҳамда бугун нимага эга бўлсалар, унинг қадрига етсинлар, ўз ниятларига етишиш учун интилишдан тўхтамасинлар, дейман. Бу жуда узоқ йўл ва ундан қўрқмаслик керак.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ