Янги қонун Ўзбекистонга сармоядорларни жалб қила оладими?

Image caption Жоанна Лиллис Ўзбекистонда яшаб иқтисодий шароитни тубдан ўрганган

Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг амал қилиши енгиллаштирилган. Мавжуд қонунга киритилган янги қўшимчаларга биноан, хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга кириши учун виза олиши ва Ўзбекистонда қолиб ишлаши шароитлари енгиллаштирилади.

Ҳозиргача хорижий фуқароларга бир маротаба кириш ҳуқуқини берадиган виза муддати уч ой эди.

Шунингдек, янги низомга биноан, хорижий сармоядор ўзи ишлаб топган даромаддан истаган йўлда фойдаланиши ва уни ҳатто мамлакатдан олиб чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун у солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаши кифоя.

Ўзбекистонда хорижий сармояга эга ширкатларга низом жамғармаси 150 минг долларда ошиқ маблағга эга ва ундаги хорижий сармоя 30 фоиздан кам бўлмаган ширкатлар киради.

Би-би-си Ўзбекистондаги хорижий сармоялар мавзусини яқиндан ўрганган Олма отадаги журналист Жоанна Лиллисдан бу янги қонунчилик Ўзбекистонга сармоя ётқизишдан чўчиётган инвесторларда ишонч уйғотадими, деб сўради.

Лиллис: Ўзбекистондаги хорижий сармоядорлар бўйича чиққан янги қонунни муҳокама қилганда, аввало бу фақат қоғозда бўладими ёки ҳақиқатдан ҳам шароитларни яхшилайдими деган контекстда фикр юритиш керак деб ўйлайман. Факт шуки, айниқса хорижий сармоялар борасидаги Ўзбек қонунчилиги аллақачон қоғозда сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади. Лекин, амалда ҳукуматнинг ўзи бу қонунчиликни бузади. Сармоядорлар мунтазам равишда ўз ҳуқуқлари топталаётганидан шикоят қиладилар. Янги қонун амалда қандай ишлашини фақат кутсак, кўрамиз. Албатта, янги қонун амал қилса, сармоядорларнинг Ўзбекистонга кириш ва у ерда яшаши борасидаги виза чекловлари юмшайди. Бунданда муҳими, менимча, янги қонунда сармоядорларнинг ўз даромадларини олиб чиқиб кетишга ҳуқуқи борлиги белгилаб қўйилгани. Яна қайтараман, бу ҳам янгилик эмас. Ўзбек қонунчилигига биноан, хорижий сармоядорларнинг аллақачон бундай ҳуқуқи бўлган. Лекин, конвертация муаммолари туфайли, сармоядорлар даромадлари музлатиб қўйилади, уни ҳеч қаёққа олиб чиқиша олмайди ва Марказий Банк уларга валютага тегишларига рухсат бермайди. Хорижий сармоядорлар Ўзбекистонда ишлашнинг энг асосий қийинчилиги деб мана шу муаммони такрор-такрор айтиб келадилар. Бу потенциал сармоядорларни ҳам чўчитадиган жиҳат.

Би-би-си: Агар ҳақиқатдан ҳам сармоядорларга ўзлари топган даромадни истаган йўлда ишлатишлари ва олиб чиқиб кетишларига рухсат берилса, бу жуда катта ўзгариш бўлган бўларди, шундай эмасми?

Лиллис: Агар бу ҳақиқатдан шундай бўлса, жуда ҳам катта ўзгариш бўларди, албатта. Агар сармоядорлар ўзлари муҳтож бўлган валютага қўллари етиб, уни хорижга олиб чиқишларига рухсат берилса, ўзлари топган даромадни валютада олиб чиқиб кетишларига рухсат берилса, бу буткул янги шароит яратилганини англатади. Ҳозирда сармоядорлар ҳар қандай валюта, ва ҳатто ўзлари ишлаб топган валютага етишишлари учун Миллий Банкнинг жуда мужмал тизимидан ўтишлари керак. Назарий жиҳатдан, сармоядорлар бунга ҳақлилар. Лекин, амалда тоғдек тўсиқлар бор. Биз Ўзбекистонда валюта билан ишлаш йўлида янги-янги чекловлар киритилаётганига гувоҳ бўлаямиз. Шундай экан, ҳар қандай сармоядор бу қонунга ишонишдан аввал, у қанчалар самарали амалда ишга солинаётганини кўришни хоҳлайди.

Би-би-си: Сармоядорларнинг фаолиятига энг катта тўсиқ бўлаётган нарсалардан бири коррупция эмасми? Гулнора Каримова твитларида ҳам ҳукумат идоралари сармоядорларга рейдлар ўтказиб, бизнесларни тортиб олишлари даъво қилинди. Бу идоралар ҳали ҳам амал қилаяпти. Ҳукумат энг катта хавфни бартараф этмаяпти афтидан, у ҳам бўлса коррупция хавфи...

Лиллис: Бу яхши фикр. Ўзбек ҳукумати афтидан хорижий сармоядорлар муаммоларини ечишда кичик қадамлар қўяяпти. Лекин, сиз айтгандек, коррупция жуда муҳим масала бўлиб қолаяпти, ва ҳукумат коррупцияни йўқ қилиш ёки хорижий сармоядорлар бизнесларининг тортиб олинишини бартараф қилиш йўлида ҳеч нима қилмаяпти. Ўтган бир неча йил ичида ўзбек ҳукумати билан чиқишмай қолган йирик ғарб сармоядорлари бизнеслари эгаллаб олинди. Бунга ўз мулкини йўқотган МТС мисол, Оксус Голд ҳали ҳам халқаро маҳкамада Ўзбекистон билан судлашиб келаяпти. Шундай экан, янги қонунлар ёзилиши ҳеч нима англатмайди, вазият қачонки ана шу қонунлар амалда ишга солинса ўзгаради, холос.

Би-би-си: Президент Ислом Каримовнинг куни-кеча йил якунларига бағишлаб қилган докладида Ўзбекистонга киритилган бевосита хорижий сармоя 2013 йилда 2,8 миллиард долларни ташкил қилингани айтилди. Ўзбекистондай мамлакат учун бу кўпми ё камми?

Лиллис: Минералларга бой Ўзбекистон учун бу каби 2,8 миллиард доллар ҳам кўп ва ҳам кам деб даъво қилиш мумкин. Ўзбекистон потенциали жиҳатидан халқаро сармоядорлар учун оҳанрабо. Чунки унда табиий заҳиралар мўл, у Марказий Осиёда энг катта аҳолига эга, ҳамда унда маҳсулот ишлаб чиқариш учун қулай катта бозор бор. Лекин, хорижий сармоядорлар жуда-жуда қўрқишади Ўзбекистонга киришдан, бунга сабабларни тепада келтирдим. Конвертациянинг йўқлиги, валютани олиб чиқишнинг қийинлиги, коррупция ва ҳоказо. Президент нутқида янграган 2,8 миллиард доллар кўрсаткичига келсак, мен у бироз кўпиртириб кўрсатилган деган бўлардим. Чунки охирги пайтда масалан йирик Ғарб ширкатлари ўзбек бозорига кириб борганини эшитмадик. Ғарб ширкатига оид охирги янгиликка биноан, Тетис Петролиум Ўзбекистондан чиқиб кетди. Шундай экан, бу кўрсаткич ҳақиқатми ё йўқлиги айтиш қийин.