Ўзбекистон: Қийноқларни тақиқловчи қонун кучга кирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳуқуқ фаоллари ҳисбхоналарни бориб кўра олмасликлари сабабли, қийноқлар қўлланиши борасидаги вазиятга баҳо бериш имконсиз эканлиги айтадилар.

2012 йилнинг декабр ойида имзоланган “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун бир йил ўтиб 2013 йилнинг 25 декабр куни кучга кирди.

Бу ҳақда газета.уз нашри хабар берган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қонун амалда ишлаб кетиши имконсиз эканлигини таъкидламоқда.

Газета.уз нашрига кўра, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун президент Каримовнинг 2010 йил ноябрдаги ташаббуси асосида ишлаб чиқилган.

Қонунга кўра тезкор қидирув фаолиятининг асосий вазифалари Инсоннинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашдир.

"Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас", дейилади унда.

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов қонун 25 декабрда кучга кирган бўлса ҳам тергов жараёнидаги қийноқлар ҳали тўхтамаганини ва тўхташи амримаҳоллигини айтади.

“Қамоқ ва ҳибсхоналардар тартиб ва кузатув органи бўлмаса , ҳуқуқ ҳимоячиларини мутлақо киритмаса, қандай қилиб қийноқлар камайди, деб айта оламиз. Қийноқлар бўлмаяпти,деб айтишга асоснинг ўзи йўқ”.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бундан олдинроқ гумонланувчини фақат суд қарори асосида ҳибсга олиш тартиби жорий қилинганини, бироқ милиция ходимлари ушбу тартибни айланиб ўтиб тергов ишларини олиб бораётганини таъкидлайди.

Сурат Икромов қийноқларни тақиқловчи қонун амалга кирмаслигини Ўзбекистонда милиция фаолияти тўғрисидаги қонуннинг йўқлигини билан изоҳлайди.

“Милиция тўғрисидаги қонуннинг ўзи йўқ. Одам кўйлакнинг устидан майка киймайдику. Олдин милиция тўғрисидаги қонун чиқарилади. Нафақат милиция, балки “Миллий хавфсизлик хизмати тўрисида”ги қонун ҳам ҳалигача мавжуд эмас. Қандай қилиб унинг ичидаги ташкилотнинг фаолияти тўғрисида қонун қабул қилинади. Бу мутлақо ақлга сиғмайдиган нарса-ку”.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам қийноқлар қўлланилувчи давлатлар сирасига киритилиб келинади. Ўзбекистон расмийлари эса ушбу даъволарни рад этишади.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов 2013 йилнинг 30 октябрида Женевада ўзини сўроққа тутган Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмита аъзоларига бақирган ва столни муштлаш билан жавоб берганди.

Ҳуқуқбон Суърат Икромов “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун халқаро ҳамжамиятга бу борада ишлар қилинаётганини кўрсатиш учун номига ташланган қадам эканлигини айтади.

“Ҳозир Ўзбекистонга қийноқларни тўхтатиш тўғрисида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан босим бўлаяпти. Бу қонун уларга қарата, “мана биз ҳаракат қилаяпмиз, қонун чиқардик”, дейиш баҳонаси учун чиқарилаяпти . Хўжакўрсинга чиқарилган, унинг фойдаси йўқ. Барибир ҳам ишламайди”.

Бу мавзуда батафсилроқ