Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Наманган маҳкамасининг ҳукми интернет устидан назоратни қонунийлаштирадими?

Наманганда ҳукуматга қарши варақалар тарқатишда айбдор деб топилиб, 8 йилга маҳкум этилган Қудратулла Расуловнинг ҳимоячиси маҳкама хукмидан шикоят этган.

43 ёшли маҳаллий тадбиркор ўтган йил охирида интернетда хориждаги мухолифат фаоллари билан мулоқот қилгани туфайли ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Наманган шаҳар суди 27 декабр куни Расуловни 8 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этганидан яқинлари кейинроқ хабар топишган.

Суд материалларида Расуловнинг мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига тегишли материалларни тарқатгани айтилади.

Дастлабки хабарларда махсус хизматлар Расуловнинг интернет мулоқотларини кузатгани, уйининг яқинига махсус жиҳоз ўрнатиб, жумладан, Skype даги алоқаларини қайд этгани айтилганди.

Расуловни яқиндан таниган наманганлик журналист Носир Зокирнинг Би-би-сига айтишича, бу нарсалар суд материалларида ашёвий далил сифатида келтирилган.

Журналистга кўра, ўзбек махсус хизматлари фуқароларнинг интернетдаги фаолиятини кузатиб бориши янгилик эмас, аммо Расулов устидан маҳкама махсус хизматларнинг жосуслик амалиётларини фош этгани билан ҳам аҳамиятли.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ичкарисида интернетда фаол бўлган мухолифат ва фуқаро жамияти аъзолари талайгина, аммо Қудратулла Расулов эҳтиётсизлик қурбони бўлган.

Аммо айни пайтда Носир Зокирга кўра, Қудратулла Расулов мухолифат ташкилотига тегишли материалларни фуқароларга очиқ тарқатган.

"Мен ўша одамларнинг баъзилари билан суҳбатлашдим ва улар материалларни Қудратулладан олганликларини тасдиқлашди",- дейди наманганлик тадбиркорни яқиндан таниган журналист.

"Демократик жамиятда интернетдаги материалларни тарқатиш одатий ҳол, аммо бизнинг Ўзбекистон қонунлари бўйича бу жиноят деб талқин қилинади", - дейди Носир Зокир.

Унга кўра, Наманган маҳкамасининг ҳукми Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчиларини янада ҳушёрроқ бўлишга ундайди.