Ўзбекистонда хусусий қўриқлаш хизмати тақиқланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Ўзбекистондаги интернет нашрлари хабар қилишича, 1 февралдан бошлаб республикада нодавлат ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг қўриқлаш фаолияти ҳамда инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланиши тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор "жамоат хавфсизлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш мақсадида" қабул қилингани айтилади.

Газета.uz нинг ёзишича, бу ўзгариш ҳақида ҳали кўпчилик қўриқлаш хизмати билан шуғулланадиган идоралар хабарсиз.

Вазирлар маҳкамасининг қарорига асосан, бундан буён давлат ва хўжалик бошқарув органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар ва бюджет ташкилотлари хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш фаолиятларини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг "Қўриқлаш" бирлашмаси билан келишган ҳолда амалга оширадилар.

Яъни, мустақил қўриқлаш ташкилотлари хизматларидан фойдаланиб келган юридик шахсларга ушбу "Қўриқлаш" хизмати билан шартнома тузиш керак бўлади. Акс ҳолда улар жаримага тортилишлари мумкин.

Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, тегишли идоралар шартнома тартибини ишлаб чиқиши, нархларни белгилаб олишлари керак.