Киевни Тошкентга аралаштирма. Қамаласан!

Фото муаллифлик ҳуқуқи neweurasia.net
Image caption Фаоллар Украинадаги намойишчиларни дастаклашганди

Киевдаги намойишларга муносабат билдириш Ўзбекистондаги олти журналист ва фаол учун ҳибс билан тугади.

Аввалига, 29 январ кечга яқин таниқли тасвирчи Умида Аҳмедова ва унинг ўғли Темир Карпов қамоққа олингани ҳақида хабар келди.

Кейинроқ neweurasia.net вебсаҳифаси ҳам Тошкентдан мақолалар битадиган ҳамкори Алекс Улько ё ҳибсга олингани ва ушлаб турилаётгани ҳақида ёзди.

Вебсаҳифа жами олти журналист ва фаолнинг исмларини келтирган. Булар - Умида Аҳмедова, Тимур Карпов, Алексей Улько, Ашот Даниэлян, Илгар Гасимов ва Гулсум Османовалар.

Фаоллар ва журналистлар ҳибсга олинганми ва ёки вақтинчалик ушлаб турилибдими - номаълум. Уларнинг ёнига яқинлари киритилгани йўқ.

Умида Аҳмедова ва ўғли Тимур Карпов Тошкентнинг Ҳамза туманида сақланаётганини оила бошлиғи Олег Карпов аниқлаган эди. Лекин қолган журналистларнинг қаерда, аҳволи қандай - ҳеч қандай маълумот йўқ.

Турли вебсаҳифаларнинг ёзишича, бу шахсларни хавфсизлик хизматлари сўроқ қилмоқда. Улардан айримлари эса калтакланган, дейилади. Лекин ушбу даъволар тасдиқланганича йўқ.

Кам сонли гуруҳ Украинадаги намойишчиларни қўллашларини изҳор этиб, Тошкентдаги Украина элчилиги олдида қисқача пикет ўтказишганди. Кейин улар ғойиб бўлишган.

Шундоқ ҳам Араб баҳоридан қаттиқ хавотирга тушган Ўзбекистон ҳукумати ҳозир мамлакат бўйлаб чеклов ва текширувларга кучайтирмоқда.

Бироқ собиқ Совет республикаларидан биронтасида кечадиган сиёсий жараёнлар Ўзбекистон раҳбариятини янада кўпроқ хавотирга солади.

Чунки Араб дунёсидан фарқли тарзда, Украина каби давлатлар билан ўртада визасиз борди-келди очиқ ва одамлар мулоқотда тил муамммосига дуч келишмайди.

Шунингдек, қўшни давлатларга бораётган муҳожирлар ва қариндошлик ришталарига эга одамлар аллақачон Ўзбекистон ва бу мамлакатлардаги ривожланиш, эркинлик ва ҳақиқий аҳволни амалда солиштириш имконига эга бўлмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ