Ўзбеклар баҳсда: Бола меҳнати кимнинг қайси қонунига таянади?

Image caption Ўзбек ҳукумати ноқонуний мажбурий меҳнатни кенг қўллайди

Ниҳоят, ўзбеклар нега уларни давлат мажбурий меҳнатга жалб этаётгани ҳақида қизиқа бошлашган. Одамларни турли ишларга мажбурлаш ва болаларни ўқишдан узиб, муттасил дала ишларига ундаш тажрибаси интернетдаги турли форум ва вебсаҳифаларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Фейсбук ижтимоий тармоғи бўйича Ўзбекистонда энг кўп фолловерга эга вебсаҳифалардан бири consumer.uz мавзуга қонуний тус берди. Бу ерда мактаб ҳудудида ё қиш пайтида болаларни бирон иш қилишга мажбурлашни асослайдиган қонуний ҳужжат бор ё йўқлиги борасида баҳс бошланди.

Mariya Reykhel исмли фойдаланувчи мавзуни очиб берган: "Азизлар, декабрдан то мартгача мактаб ҳовлиси ё атрофида болаларни тозалаш ишларига жалб этиш борасида бирон ҳужжатни эшитган ё билганингиз борми?" - деган мазмунда савол ташлаган.

"Мана шундай қонун бўлса, уни ишлаб чиққан ва мактабларга оширган одам билан шахсан учрашишни истардим. Қиш пайти турли ишларга жалб этилиш учун ёш болаларимиз қандай айбли иш қилишган экан, деган саволни қўярдим" - деб давом этади Mariya Reykhel.

Унинг ёрдам сўраб тугатган саволига Телман Сагдуллаев жавоб беради.

"Мен ҳам ҳайрон бўлдим. Яқинда саҳар соат 7да бир мактаб ёнидан ўтиб кетаётсам ўқувчи болалар кўчаларни супуришаётган экан" - деб ёзади.

Алишер Абдужабборов исмли фойдаланувчи эса мактабларни молиялаш маҳаллий бюджетдан келишини айтади ва ҳокимлар, ҳойнаҳой, мактаблар оладиган пулини оқлаш учун ишлаши керак, деб ўйлашса керак қабилида фикр билдиради.

Бу каби жавобларга муносабат билдирган Mariya Reykhel эса ҳаммасига баҳона топилишини тан олади.

"Аммо, айтингчи, ким ўзининг 7 яшар боласини декабрнинг қор ёғиб турган 22 кунида гаражлар атрофини тозалаш ишларига олиб чиқишларига йўл қўяди?" - деб савол ташлайди.

Бунга жавобан Алишер Абдужабборов "мен қаршиман ва йўл қўймайман" дея жавоб қайтаради.

"Болаларимизни кўча фаррошлари қилиб тайёрлашмоқдами?" - деб истеҳзоли савол қўяди шу ўринда Нодира Воҳидова.

"Фаррошлик ҳам оқил иш" - деб ёзган Музаффар Маҳкамов ўзи ҳам ёшлигида бу ишларини қилганини айтиб, аксинча, ундан фойда кўрганини айтади.

Телман Сагдуллаев эса барча бу ишни қилганини, аммо ҳеч ким қиш пайти ва саҳар соат 7да ишлашга мажбурланмаганини таъкидлайди.

Ўзбекистон қулдор давлатми?

Яқинда таниқли ўзбек шоири ва журналист Карим Баҳриев ҳам Фейсбукдаги саҳифасида "Ўзбекистон, болаларингни асра, улар сенинг келажагинг" деган мазмунда шеър чоп этган ва ёнида пахта тераётган ўзбек қизчасининг суратини ҳам қўйганди.

Бу Ўзбекистон учун янгилик бўлди. Чунки мамлакат ичкарисидаги аксар шоир, ёзувчи ва журналистлар ҳукумат сиёсатини мақташ билан банд ва ўқишдан узилиб, пахта далаларида соғлиғини йўқотган ўзбек болалари тақдирига эътибор беришмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳукумат ёш болаларни пахта ишларига жалб этмаётганини айтади. Бироқ ўспиринлар ва катталар пахта ишларига мажбурланмоқда

Бунга эътибор берганлар эса ё қувғинда, ё таъқиб остида ва ё қамоқда.

Ўзбекистонда Совет даврини бутунлай рад этишга интилади. Аммо ўзбек ҳукумати СССРнинг бошқарув усулини сақлаб қолаётгани айтилади.

Президент Каримов ҳукумати айнан Сталин давридан қолган мажбурий меҳнатни асраб келмоқда. Яқин-яқингача ёш болалар ҳам мактабдан узилиб, узлуксиз дала ишларига жалб этиларди.

Бироқ болалар терган ўзбек пахтасини тобора кўплаб ширкатлар бойкот қиларкан, Ўзбек ҳукумати, ёш болалар ўрнида ўспиринлар ва давлат корхоналари ходимларини мажбурий меҳнатга ундай бошлади.

Ҳатто ишбилармонлар ҳам пахта термаса, пул тўплаб бериши керак.

Тўрт йил аввал Табиатга Адолат халқаро ташкилоти Ўзбекистондаги аҳволни тасвирлаган ўз ҳисоботини "Қул халқ" деб атаган ва бу сарлавҳа кўплаб ўзбекларни ғазабга солганди.

Ҳатто Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлган хориждаги ўзбек сиёсатчи, фаол ва журналистлари ҳам "Қул халқ" деган ном Ўзбекистон ҳукуматининг мавжуд сиёсатидан эътиборни чалғитиб, Ўзбек халқини ҳақоратлаш каби жаранглашини айтишганди.

Аммо қулдорлик ҳақидаги сўнгги халқаро ҳисобот ва андазаларга кўра, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат усуллари қулдорликка тенг.

Яъни мазкур хулосаларга кўра, ҳукумат тарафидан кенг мажбурий меҳнат жорий этилган Ўзбекистон қуллик унсурлари мавжуд давлатдир.

Бу мавзуда батафсилроқ