Ўзбек конституцион суди илк бор инсон ҳақлари фаоллари аризасини қабул қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Ўзбекистон Конституцион судида фаоллар шикояти бўйича биринчи маҳкама бўлиб ўтган.

Ўзбекистонда фаолият юритадиган маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг аъзолари фуқароларнинг у ёки бу баҳс устидан мурожаатларини мамлакатнинг мутасадди идораларига йўллайдилар.

Булар Ўзбекистон Олий Суди, Ўзбекистон Конституцион суди, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - омбусдман, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон президентининг девони, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва бошқалар.

Ўзбекистонлик фаоллар юқорида номлари келтирилган мутасадди идора ва ташкилотларнинг фуқаролар мурожаатларига муносабатини бефарқлик деб таърифлайдилар.

Бу идора-ташкилотлардан кўпинча бир-бирининг сўзлари айнан такрорланган, шикоят қилувчининг муаммосини ҳал қилишга ёрдами тегмайдиган расмий жавоблар олинади.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари шахсан Тошкентдаги Ўзбекистон Олий суди, Бош покуратура ёки президент девони биноларига борган пайтларида қўлларидаги аризалари қабул қилинмаганлари ҳақида кўп маротаба хабар тарқатганлар.

Бироқ илк бор Ўзбекистон Конституцион Суди Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси фаоллари Елена Урлаева ва Аделаида Ким аризаларини қабул қилган.

Уларнинг аризаси юзасидан фаоллар иштирокида биринчи марта Конституцион судда маҳкама бўлиб ўтган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси фаоллари Ўзбек милиционерларининг мамлакат конституциясига зид ҳатти-ҳаракатлари юзасидан конституцион маҳкамага мурожаат қилганлар.

Ҳодиса 2013 йилнинг 13 майида Тошкентда юз берган.

Фаоллар Андижон қирғини қурбонларини хотирлаб, Тошкентдаги "Жасорат" ҳайкали пойига гул қўйганлар.

Бир неча дақиқа сукут сақлаб уйларига қайтаётган пайтларида милиция ходимлари уларни куч ишлатиб машинага ўтирғизганлар, милиция идорасига олиб бориб кечгача ушлаб турганлар.

Милиция ходимлари устидан Аделаида Ким Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани маҳкамасига шикоят қилган.

Бироқ маҳкама шикоят аризасини кўриб чиқишни рад этган.

Фаоллар милиционерлар ва Мирзо Улуғбек тумани маҳкамаси қарори устидан бошқа мутасадди идораларга мурожаатларига бўлган жавоблардан ҳам қониқмаганлар ва Ўзбекистон Конституцион судига шикоят билан чиқишга қарор қилганлар.

Конституцион маҳкамада ушбу иш юзасидан эксперт хулосаси чиқарилиши маълум қилинган.

Таҳлилчилар ушбу воқеа Ўзбекистонда фуқаролар мурожаати бўйича қонунлар қайта кўриб чиқилаётган, оддий ўзбекистонликларнинг бош вазир ёки солиқ идораси раҳбарига онлайн шикоят қилишларига имконият яратилгани ҳақида хабар қилинган, мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларининг қамоқда сақланаётган сиёсий тутқунлар билан учрашишларига изн берилган пайтда юз бераётганига эътибор қаратадилар.