Куппа-кундузи Тошкент марказида...

Facebook Интернет ижтимоий тармоғида Тошкентда шахсий автомобилларнинг ичидаги нарсаларни ўғирлаб кетаётган жиноятчиларни фош қилиш ҳаракатлари бошланган.

Тошкентликларга кўра, охирги пайтда автомобилларнинг ойна ва багажхонасини синдириб ичкаридаги буюмларни ўғирлаш, автомобилларнинг тўртта ғилдирагини ечиб, машинани ғишт устига қўйиб кетиш ҳоллари кўпайган.

Facebook Интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланаётган ўзбекистонликлар у ерда махсус гуруҳ ташкил қилганлар ва автомобиллар билан боғлиқ жиноятлар ҳақидаги маълумотларни Интернетда эълон қилишни бошлаганлар.

Мобил телефонда тасвирга олинган видео ҳам эълон қилинган.

Бу видеода йўл четида турган автомобил ичидаги нарсалар 10 сонияда ўғирлаб кетилгани акс этган.

Видеода оқ "Нексия" пайдо бўлади. Сўнг икки шахс йўл четида турган машинага яқинлашади, улардан бири машинанинг олд деразасини синдириб, автомобилнинг багажхонасини очади. Оқ "Нексия"дан яна бир киши тушиб, ўғриларга қўшилади.

Facebookдаги "Водители Ташкента" ва Only in Uzbekistan гуруҳи аъзолари бу оқ рангдаги "Нексия" автомобили иккинчи марта мана шундай видеога тушиб қолганлари ҳақида ёзишаяпти. Автомобил ўғирликлари, жиноятни содир этганлар ҳақидаги маълумотларни бўлашиш сўралаяпти.

Тошкентдаги автомобиллар ичидан буюмларни ўғирлаш билан шуғулланаётган яна бир гуруҳ пайдо бўлгани ҳақида Интернетда хабар қилинмоқда.

Айтилишича, бирор киши машинасини супермаркет ёки бошқа дўкон олдида қолдириб, дўкон ичига кириб кетганида, у билан бирга жиноий гуруҳнинг бир вакили ҳам дўконга киради ва машина эгаси дўконда нималар билан банд экани ҳақида телефонда айтиб туради.

"Ўғриларда ҳайдовчининг қўлидаги пультдан сигнални тутиб оладиган ва уни такрорлаб, машинани ҳеч кимга билдирмасдан очиш имконини берадиган махсус қурилма бор. Улар ана шу қурилма билан машинани очиб, ичидаги ҳамма нарсани олиб кетишади", - дейилади Only in Uzbekistan гуруҳидаги хабарда.

Facebook фойдаланувчилари ўғрилар Тошкентда куппа-кундузи жиноят содир қилаётганлари, уларга қарши чора кўрилмаётганидан ғазабланаётганларини ёзишмоқда.

3 феврал куни Би-би-си Facebook ва бошқа Интернет саҳифаларида эълон қилинган видео юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига боғланди.

Бошқармадан матбуот хизмати билан гаплашишни маслаҳат беришди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати телефони гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Тошкент шаҳар Давлат Автомобил назорати бошқармасида эса телефон гўшагини кўтарган ходим "бундай маълумотни олиш учун бошқармага шахсан келишингиз керак, телефонда маълумот берилмайди", деб айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот маркази телефонларини ҳар доимгидек ҳеч кўтармади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги навбатчилик қисмининг ходими "Интернетда тарқалган видеодан хабаримиз йўқ", деди.

"Бу жиноятлар олдини олиш учун қандай чора кўрилаяпти", деган саволимизга вазирлик расмийси "ким сизга бу видео Тошкентда тасвирга олинган", деб савол билан жавоб қайтарди.

Видеони тошкентлик автоҳайдовчилар эълон қилишган, оқ "Нексия" иккинчи марта мана шунақа видео тасвирга тушиб қолгани ҳақида ёзишмоқда, деган гапимизга, "оқ рангдаги "Нексия" Қозоғистонда ҳам, Россияда видеога олинган бўлиши мумкин", деб айтди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими.

Хуллас, ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари машиналар ичидаги буюмларни ўғирлаётганларни тутиш учун нима иш қилинаётгани ҳақида матбуотга ҳеч қандай маълумот берганлари йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ